Ўзбекистонда пулли асосда ўқ отиш туризми йўлга қўйилади
2025 йилдан Ўзбекистонда туризмнинг янги 5 та йўналиши саноат, геология, илмий, ҳарбий ва давлат бошқаруви туризми йўлга қўйилади. Сайёҳларга Мудофаа вазирлиги ўқ отиш бўйича пулли хизматлар кўрсатса, Адлия вазирлиги ҳукумат бино ва иншоотларига ташрифни ўз ичига олган давлат-бошқарув туризми хизматини ташкил қилади.
Жорий йил 26 сентябрдан “Туризмнинг янги турларини жорий қилиш ҳамда мамлакатимизнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори кучга кирди. Қарор билан 2025 йил 1 январдан маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун туризмнинг янги турлари жорий қилинмоқда, хусусан:
- маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишишни назарда тутувчи саноат туризми;
- олтин, руда ва бошқа минерал ресурслар қазиб олувчи конлар, шахталар, фаолият юритмаётган геологик объектларида технологик жараёнларни, шу жумладан, тоғ жинсларини портлатиш тадбирларини бехатар масофадан кузатиш, мутахассислар билан мулоқот қилиш, тоғ релефлари бўйича экскурсияларни ташкил қилишни назарда тутувчи геология туризми;
- илмий-тадқиқот институтлари ва лабораториялар, обсерваториялар ҳамда планетарийлар, Фанлар академияси ва унинг тизимидаги ташкилотларга ташриф буюриш орқали фан ва техника ютуқлари билан танишишни назарда тутувчи илмий туризм;
- ҳарбий тарих ва фаолият билан боғлиқ жойларга ташриф буюриш, ёдгорликлар ва тадбирларда қатнашиш, ҳарбий хизматчилар ҳаёти ва шароитлари билан яқиндан танишиш, ҳудудларда туристларга ўқ отиш бўйича пулли хизматлар ташкил қилишни назарда тутувчи ҳарбий туризм;
- мамлакатнинг сиёсий ҳаёти, давлат органлари ва ташкилотларининг тарихи ва фаолиятини акс эттирувчи жойларга, хусусан, ҳукумат бино ва иншоотларига ташриф буюришни ўз ичига олган давлат-бошқарув туризми.
Ушбу янги туристик хизматларни жорий қилиш, тартиб-қоидаларини ишлаб чиқиш ҳамда тушаётган маблағлардан самарали фойдаланишга қуйидаги вазирликлар ва ташкилотлар масъул этиб белгиланган:
- Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги;
- Иқтисодиёт ва молия вазирлиги;
- Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо вазирлиги;
- Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги;
- Мудофаа вазирлиги;
- Адлия вазирлиги;
- Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги;
- Фанлар академияси;
- Савдо-саноат палатаси. Ушбу идоралар икки ой муддатда ушбу тегишли идоравий ҳужжат қабул қилиши керак.
Шунингдек, қарор билан Мудофаа вазирлигининг 2025 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий ва хорижий туристларга қуйидаги хизматларни кўрсатиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди:
- “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси, “Шон-шараф”, “Қуролли Кучлар” давлат музейлари ва ҳудудлардаги “Ватанпарварлар” боғларида ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан бевосита таништириш;
- Мудофаа вазирлигининг Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази Қибрай спорт мажмуаси базасида “Стендли отиш” ва ўқотар қуроллардан отишни пулли асосида йўлга қўйиш.
Мавзуга оид
22:53 / 16.12.2024
Эмин Агаларов Чорвоқ бўйида Sea Breeze Uzbekistan туристик марказини қурмоқчи
18:14 / 16.12.2024
Сурхондарёнинг учта туманида замонавий туристик марказлар ташкил этилади
09:49 / 13.12.2024
Миллий туризм ягона платформаси ишга туширилмоқда
09:24 / 12.12.2024