«Агар қолсангиз, сизни ўлим кутади». «Милтон» туфайли Флоридадан миллионлаб одамлар эвакуация қилинмоқда
Американинг чоршанба куни кечқурун «Милтон» тўфони ёпирилиши кутилаётган Флорида штатидан беш миллиондан ортиқ одам эвакуация қилинмоқда. Штатдаги учинчи энг йирик шаҳар бўлмиш Тампа мэри сўнгги 100 йилликдаги энг кучлиси бўлиши мумкин бўлган тўфон ҳудудида қолиш ўлимга тенг эканидан огоҳлантирган.
«Мен ҳеч қандай драмалаштирмасдан айтишим мумкинки, агар сиз аҳоли эвакуация қилиниши лозим бўлган ҳудудларда қолишни танласангиз, ўласиз», — деган Жейн Кастор CNN телекомпанияси эфирида.
Тўфонларни кузатиш миллий маркази (NHC) прогнозларига кўра, «Милтон» маҳаллий вақт билан чоршанба куни кечқурун (Тошкент вақти билан пайшанба кунининг биринчи ярмида) Флорида соҳилларига етиб келиши кутилмоқда.
Штатнинг уч миллиондан ортиқ киши яшовчи марказий ва ғарбий ҳудудлари табиий офат эпимаркази бўлиши кутилмоқда.
Синоптиклар кучли ёмғир ва кучли шамоллар нафақат соҳил ҳудудларда, балки штат ичкарисида ҳам кучли тошқинлар келтириб чиқаришидан огоҳлантирмоқда.
Соҳилда тўлқин баландлиги 3-4 метрга етиши мумкин.
Флоридадаги ахлоқ тузатиш муассасалари департаментига кўра, 4,5 мингдан ортиқ маҳбус «жамоат хавфсизлигига зарар етказмаган ҳолда» табиий офат қамраб олиши кутилаётган ҳудуддан кўчирилган.
Шунингдек, Тампа атрофида жойлашган ҳарбий авиабаза ҳам эвакуация қилинган.
АҚШ ҳукуматининг Фавқулодда вазиятларни бошқариш бўйича федерал агентлиги маълум қилишича, жабрланган ҳудудларга етказиб бериш учун 20 млн порция егулик ҳамда 40 млн литр сув тайёрлаб қўйилган.
Агентлик «Милтон» оқибатларини бартараф этиш учун зарур ресурслар максимал даражада тайёрланганини хабар қилган: булар шаҳар ва денгиз қидирув-қутқарув гуруҳлари, тиббиёт бўлинмалари, АҚШ Армия корпусидан вақтинчалик гуруҳлар, муҳандислар ва чиқиндиларни йўқ қилиш бўйича мутахассислар.
«Милтон» тўфони нимаси билан хавфли?
«Милтон» тўфонининг ўзига хослиги шундаки, у бир неча торнадо келтириб чиқариши мумкин, деб огоҳлантирмоқда метеорологлар.
АҚШ Миллий океан ва атмосфера тадқиқотлари агентлиги (NOAA) довулдан кейин юзага келиши муқарра бўлган шторм Саффир-Симпсон шкаласи бўйича энг юқори бешинчи тоифани қайд этиши ҳозирдан аниқ эканини маълум қилган.
Бундай категория шамол тезлиги камида соатига 252 километрни ташкил этганида берилади.
АҚШ президенти Жо Байден мамлакатда юзага келган фавқулодда вазият туфайли Германия ва Анголага режалаштирилган сафарларини бекор қилган. ОАВга кўра, бу туфайли Россия босқинини қайтариш учун Украинага қурол етказиб бериш масаласига бағишланган «Рамштайн» форматидаги учрашув ҳам кейинга қолдирилади.
Оқ уй барча федерал хизматлар, жумладан уй-жой қурилиши хизмати жабрланувчиларга зарур ёрдамларни кўрсатишга тайёрлигини маълум қилган.
Икки ҳафтача олдин ҳам Флорида бошқа бир «Ҳелен» тўфонига йўлиққанди, бу сўнгги 19 йил ичида АҚШда рўй берган энг ажалвор табиий офат бўлиб турибди. Қурбонларнинг аниқ сони маълум эмас, аммо расмийларга кўра, бу миқдор 225 кишидан ошади — 2005 йил августида рўй берган ва тарихдаги энг кўп қурбонга сабаб бўлган деб ҳисобланадиган «Катрина» тўфони эса 2 мингга яқин кишини ҳаётдан олиб кетганди.
Флоридаликларнинг кўпчилиги аллақачон «Ҳелен» туфайли турар жойларини йўқотган. Уйлари омон қолганлар эса «Милтон»дан омон чиқишига ишонмайди.
Кўпчилик уйларини тарк этишда ойна ва деразаларни тамбалаб, деворлар атрофини қум тўлдирилган қоплар билан ўрамоқда, аммо синоптиклар фикрича, бу чоралар кўпроқ хотиржамлик учун қилинмоқда ва амалда бу табиий офатдан қутқара олмайди.
Табиий офатдан қочиш
38 ёшли мусиқачи Жон О'Лири Reuters агентлиги билан суҳбатда ўз пианиносини уйда қолдириш оғир бўлгани, аммо ҳозир барча ўз жонини сақлаб қолиш режимида эканини айтган.
Паром оператори, 58 ёшли Кен Вуд «Ҳелен» тўфони вақтида ўз уйида қолган ва табиий офатдан тирик чиққанди, аммо бу сафар у 16 ёшли мушуги билан биргаликда қочишга қарор қилган. Унинг айтишича, бу унинг ҳаётидаги энг қўрқинчли паллалардан бири бўлган: «Биз бу хатони бошқа такрорламаймиз».
38 ёшли Марк Фейнман аллақачон хавфсиз ҳудудга кўчиб ўтган. У журналистлар билан суҳбатда 13 соат давомида ўз оиласини Алабама чегарасигача олиб борганини айтиб берган.
Унинг сўзларига кўра, йўлда улар автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида юзага келган улкан навбатларга гувоҳ бўлишган. Маркнинг айтишича, бензин тақчиллашган ва у ўз машинаси гибрид двигател билан жиҳозланганидан мамнун эканини билдирган.
Флорида губернатори Рон Десантис ёнилғи қуйиш шохобчаларига бензин етказиб бериш ҳукуматнинг биринчи галдаги вазифаси бўлишини маълум қилган. Шунингдек, шошилинч тарзда электромобиллар учун вақтинчалик қувватлаш станциялари ўрнатилмоқда.
АҚШ тарихидаги энг вайронкор тўфонлар
АҚШ Миллий океан ва атмосфера тадқиқотлари агентлиги (NOAA) довуллар маълумотлари базасига кўра, 1924 йилдан кейинги даврда Атлантика океанида камида 40 та довул бешинчи тоифага чиққан.
Қуйида соҳил аҳолиси учун энг ҳалокатли оқибатларга олиб келган довуллар келтирилган:
- 1969 йилда Миссисипига ёпирилган «Камилла» довули ўзи билан 7,5 метр баландликдаги тўлқин олиб келади (олимлар буни «пикдаги тўлқин» деб аташади) ва соҳилдаги деярли барча қурилмаларни ювиб кетади. Довул қурбонлари сони 259 киши бўлган, шунинг аксари Виржиния штатида яшовчилар эди, етказилган моддий зарар миқдори 1,4 млрд доллар атрофида бўлган.
- 1992 йилда Флорида жанубига «Эндрю» тўфони ёпирилади ва унинг марказида шамол тезлиги сониясига 70 метрдан ошади. Бу табиий офат оқибатида 26 киши ҳалок бўлган, аммо яна ўнлаб ўлимлар билвосита тўфон билан боғлиқ эди. Табиий офат етказган зарар миқдори 30 млрд долларни ташкил этади, бу ўша вақтда «Эндрю»ни АҚШ тарихидаги энг қимматга тушган табиий офатга айлантирган.
- 2018 йилда Флоридага «Майкл» тўфони кириб келган, бу ўшанда штат тарихидаги энг кучли тўфон деб аталганди. Табиий офат қурбонлари камида 74 киши бўлган (шунан 59 нафари АҚШ ва яна 15 нафари — Марказий Америкада), етказилган моддий зарар миқдори 25 млрд доллардан ошган.
- Яқинлашиб келаётган «Милтон»дан икки ҳафтача олдин АҚШ соҳилларига ўлимвор «Ҳелен» тўфони ҳам ёпирилганди. Унинг оқибатида ҳалок бўлганлар сони 200 кишини ташкил этди, қурбонлар сони бўйича у фақат 2005 йилда Луизианада қарийб 2 минг кишини ҳаётдан олиб кетган «Катрина»дан ортда қолади.
Мавзуга оид
20:53 / 11.10.2024
“Орландо ва у ердаги ўзбеклар “Милтон” тўфонидан жабр кўрмади” — Соҳиб Аббосхон
12:05 / 11.10.2024
«Милтон» тўфони: 16 қурбон, Флоридани сув босди, 3 млн уй электрсиз қолди
08:48 / 11.10.2024
Флоридадаги тўфон бир миллиондан ортиқ уйни энергиясиз қолдирди
21:48 / 10.10.2024