Ўзбекистон | 16:30 / 01.10.2024
14231
7 дақиқада ўқилади

Президентнинг педагоглар билан мулоқоти — устозлар яна қандай имкониятларга эга бўлади?

Давлат раҳбари таълим-тарбия соҳаси вакиллари билан мулоқот ўтказди.

Учрашув мобайнида “Йил ўқитувчиси”га янги уй-жойлар ва фан олимпиадалари ғолиблари устозларига эса 150 миллионгача пул мукофотлари берилиши маълум қилинди.

Давлат раҳбарининг билдиришича, муаллимлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш тизими давом эттирилади. Хусусан, 1 октябрдан педагог ходимлар иш ҳаққи 15 фоизга оширилади. Уларга халқаро стандартлар асосида малака сертификатини бериш йўлга қўйилади. Синовларда 86 ва ундан юқори балл олган педагоглар қўшимча 70 фоиз устама олади. Масалан, олий тоифали биология ўқитувчиси ўз фани бўйича халқаро сертификати бўлса – 50 фоиз, директор жамғармасидан 40 фоизгача ва янги талабга жавоб берса, яна 70 фоиз устама олади. Ва шу тариқа унинг умумий ойлик маоши 4 миллион 500 минг сўмдан 12 миллион сўмга етади.

Эндиликда устозларга ҳам совға сифатида уй-жой берилади. Учрашувда “Йил ўқитувчиси” танлови ўтказилиб, 208 та туман ва шаҳардан ғолиб бўлган ўқитувчиларга Президент совғаси сифатида хонадон тақдим этилиши алоҳида қайд этилди.

Рағбатлантиришлар билан бир қаторда ўқитувчиларнинг педагогик маҳоратини ошириш учун ҳам шароитлар яратилади. Президентнинг таъкидлашича, Абдулла Авлоний номидаги институт педагогларда касб маҳоратини ошириб боришга масъул бўлади. Институтнинг 12 та ҳудудий марказини замонавий қиёфага келтириш ва жиҳозлаш учун келаётган 3 йилда бюджетдан ҳар йили 50 миллиард сўм ажратилади. Бундан ташқари, жойларда 1 минг 300 та таянч мактаб ва 200 та боғча танлаб олиниб, улардаги етакчи ўқитувчилар ёш педагоглар учун “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати”ни ташкил этади. Бу жараёнларда дарс берган етакчи ўқитувчиларнинг иш ҳақига эса 20 фоиз устама қўшилади.

Педагогларнинг сифатли таълим беришини таъминлаш учун янги таълим муассасаларини қуриш ва мавжудларини таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Бугунги кунда аҳоли сони кўпайиши туфайли йилига мактабларда – 120 мингта, боғчаларда – 30 мингта қўшимча ўринга талаб юзага келмоқда. Шу сабаб келгуси йили бюджетдан ажратиладиган 3 триллион 200 миллиард сўм ҳисобидан 375 та мактаб ва 97 та боғча (120 минг ўрин) реконструкция қилинади ва янгилари барпо этилади. Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК жамғармасининг 50 миллион доллар маблағи доирасида келгуси 4 йилда 200 та хусусий боғча қурилиб, янги 30 мингта ўрин яратилади.

Янги йилдан бошлаб, хусусий секторда ўқувчи ўринларини кўпайтириш учун мактаб очадиган тадбиркорларга 20 миллиард сўмгача кредит ажратилади. Кредит фоизининг асосий ставкадан 1,5 баробар ошган қисми (7 фоизи) бюджетдан қопланади. Янги қуриладиган хусусий мактаб бинолари учун коммунал харажатларнинг 50 фоизи 5 йил муддатгача бюджетдан тўлаб берилади. Шу билан бирга, тадбиркорлар ўз ҳисобидан мактаб қурса, унга кетган харажатлар фойда солиғидан икки йил давомида тенг улушларда чегириб ташланиши таъкидланди.

Мулоқот чоғида президент мактаблар моддий-техник базасини янгилаш ва мустаҳкамлаш масалаларига ҳам тўхталди. Айтилишича, келгуси йилда яна 2 мингдан ортиқ компютер синфлари янгиланади, бунга бюджетдан 400 миллиард сўм ажратилади. Ўқувчиларнинг мураккаб билимларни осон ўзлаштириши учун аниқ ва табиий фанлар бўйича виртуал лабораториялар ташкил этилади. Бу лабораториялар ўқувчиларга кимёвий, биологик, физик жараёнларни виртуал бажариш имконини беради. Янги ўқув йилидан бошлаб бундай лабораториялар ҳар бир вилоятда 10 тадан мактабда ташкил этилади.

Таълимдаги кўрсаткичларни умумлаштириб борувчи онлайн платформалар яратилади. Мактаб тизимида ўқитувчи ўз имконияти ва ютуқларини, янги ишланмаларини эълон қилиши учун ягона онлайн платформа ишга туширилади. Бунинг учун, 5 миллион доллар хорижий грант маблағларини жалб қилади.

Шунингдек, сунъий интеллектга асосланган таълим платформаси ишлаб чиқилади, унда ўқувчилар билимларини бир йил давомида мунтазам синовдан ўтказади.

Хусусий боғчалар каби 6 минг 800 та давлат боғчаларида ҳам давомат, тўловлар, озиқ-овқат харажатларини шакллантириш тўлиқ рақамлаштирилади. Бунда боғчаларни йилига қўшимча 20 мингта планшет билан таъминлаш учун 50 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Президент мактаблари ва ихтисослашган мактаблар тажрибаси оммалаштирилади. Мактабгача, умумий ўрта, ўрта-махсус, олий таълим ва малака ошириш тизимида ягона узвий занжирни йўлга қўйиш учун педагогик таълим кластерлари ташкил этилади. Кластер тажриба-синов тариқасида дастлаб Андижон ва Бухоро шаҳарларидаги педагогика коллежларида барпо қилинади ва ҳудудлардаги педагогика институтлари бошқарувида бўлади.

Иқтидорли ёшларни халқаро даражада фан олимпиадаларига тайёрлаш маркази ташкил этилади. Рағбатлантириладиган халқаро фан олимпиадалари сони 18 тадан 22 тага етказилади. Бунда нуфузли халқаро олимпиадада олтин медал олган ўқувчига – 170 миллион сўм, кумуш медалга – 102 миллион сўм, бронза медал учун – 68 миллион сўм мукофот пули берилади. Шу билан бирга, ана шу ўқувчиларнинг ўқитувчилари 50 миллиондан 150 миллион сўмгача мукофотланиб, уларга бир йилда 100 фоизлик устама олиш имкони яратилади.

Ёш авлод учун тарбиявий аҳамиятга молик рақамли контентлар яратилади. Президент мулоқот мобайнида ёшларни ота-она, муаллимлар эмас, кўпроқ ижтимоий тармоқлар, турли гаджетлар, қўл телефонлари тарбиялаётгани, оқибатда айрим ёшлар салбий таъсирлар тузоғига тушиб қолаётганига урғу қаратди. Бу борада вазиятни ўнглаш учун масъулларга йил якунигача ота-оналар, ўқитувчилар ва ўқувчилар учун мўлжалланган тарбияга оид рақамли контентлар яратиш топшириғи берилди.

Давлат раҳбарининг педагоглар билан жонли мулоқотида Абдулла Авлоний номидаги стипендияни таъсис этиш ташаббуси илгари сурилди. Таъкидланишича, у педагогика йўналишидаги олийгоҳларда таҳсил олаётган иқтидорли талабаларга берилади.

Мавзуга оид