Light | 12:18 / 01.10.2019
69745
5 дақиқада ўқилади

Қўрқув ёки стресс: нега болалар тишини ғичирлатади ва буни бартараф этиш мумкинми?

Бу аниқ гижжа эмас.

Ер куррасидаги ҳар учинчи киши мунтазам равишда тишларини ғичирлатади. Бу катталар ва болаларга бирдай боғлиқ жараён. Аммо бошланғич даврда унчалик эътиборни тортмаган ғайритабиий товушлар бора-бора болакайнинг ота-онасининг асабларини еб битириши ҳеч гап эмас. Уларнинг сабаби гижжалар бўлса-чи? Ёки у тишини шикастлаб олса нима бўлади? Балки бу хавфлидир?

Қуйида болалар тишларини ғичирлатишига оид сабаблар билан таништирамиз. Айтишимиз шарт: тинчланинг, фақат тинчланинг.

Бруксизм нима ва у қаердан келиб чиқади?

Тишларнинг беихтиёрий ғичирлаши тиббиёт соҳасида бруксизм деб аталади (қадимги юнон тилидан «тишнинг ғарч-ғурчи» маъносини беради). Болалардаги бруксизм хуружлари аксарият ҳолларда уйқу вақтида рўй беради — унинг чуқур даврида — ёки қаттиқ хавотирланишлар пайтида.

Болаларни жағ суягини ғичирлатишга мажбур қилувчи аниқ сабаблар ҳануз экспертлар учун номаълум бўлиб қолмоқда. Бироқ баъзи ўзаро алоқалар аниқланишига эришилган. Шундай қилиб, чайнаш мускулатурасининг ихтиёрсиз қисқариши кўп ҳолларда қуйидаги омиллар билан боғлиқдир.

Боланинг сут ёки доимий тишлари чиқяпти

Тишларнинг ёриб чиқиши етарли даражада оғриқли жараёндир. Бу вақтда милклар қичишади ва болакай ўзидаги ёқимсиз сезгини босиш учун онгсиз равишда жағини қисади.

Нотекис тишлам сабабли

Тепа ва пастки тишлар бир-бирига нотўғри бирикиши ва бунинг натижасида жағлар жипслашмаслиги кузатилади. Ноқулайлик туғилгандан сўнг бола тишлар бир-бирига халақит бермайдиган ҳолатни топиш учун жағларини ҳар томонга қийшайтиришни бошлайди.

Жағ учун босим етишмаслиги

Бу вазият бир ярим ёшдан ошган ва қандайдир сабаб билан етарли даражада қаттиқ овқат қабул қилмайдиган болалар орасида кенг тарқалган. Масалан, она бола учун сут етарли деб ўйлайди.

Бир неча кун давомида жағ суяклари керакли юкламани қабул қилмайди ва организм туни билан бунинг ўрнини қоплашга урингани учун жағ мушакларини қисқаришга мажбур этади. Тиш ғичирлаши эса ушбу жараённинг кейинги кўринишидир.

Бола стрессни бошдан кечиряпти

Асабий зўриқишлар чайнаш мускулатурасининг гипертонусига сабаб бўлиши мумкин. Бола кун давомида юз мушаклари ҳаракатини назорат қилади. Аммо тунда кузатиш сусаяди ва жағлар ўз маъносида томир тортишишига учрайди.

Стресс бошланиши ҳар бир болада ўзига хосдир. Баъзи болалар учун ота-онаси ёки туғишганлари билан бўлган арзимас тортишув ҳам тунда тушкунлик билан тишларни ғичирлатиб чиқишга етарли омил бўлади.

Тишини ғичирлатаётган бола шу тобда ҳиссий босим ўтказувчи туш кўраётган бўлиши ҳам мумкин.

Шунингдек, бруксизм ўта фаол болаларда кўп учрайди.

Боланинг тоби қочган

Даврий аллергия ва юқори нафас олиш йўллари инфекциялари — ОРВИ, грипп, ангина — бурун битишига олиб келади. Бола оғиздан нафас олишга мажбур яъни жағини очиб-юмиб туради. Ёпиш ҳолатида баъзида жағни жуда қаттиқ сиқади, тишлар ғичирлаб кетади. 

Бундан ташқари, отитдан азият чекувчи болаларда бруксизм қулоқ каналларидаги оғриқ ҳиссини камайтиришга уриниш бўлиши мумкин.

Йўқ, бу гижжа аломати эмас!

Тишларни ғичирлатишга организмдаги қандайдир паразит инфекциялар бевосита боғлиқдир деган тахминни миянгиздан бутунлай чиқариб ташланг. Бу уйдирма: ҳали бирорта илмий тадқиқот гельминтлар бруксизмга туртки бўлишини тасдиқламаган.

Бола тушда тишларини ғичирлатса, нима қилиш керак?

Аксарият ҳолларда — ҳеч нима. Болалар 7-8 ёшга етишлари билан хавфсиз ва мутлақо асоратларсиз тишлар ғичирлатиш давридан ўтиб кетадилар. 

Аммо баъзи болаларда бруксизм ўзининг кейинги ёқимсиз таъсирларини кўрсатади:

  • тиш эмали емирилиши ортиши — синиши, кариес ривожланиши тезлашиши, ҳароратга нисбатан тишларнинг юқори сезувчанлиги;
  • бош ёки қулоқ соҳасида оғриқ;
  • юқори ва пастки жағ бўғимлари муаммолари.

Агар бу ҳолат сизга таниш бўлса, педиатр ёки стоматолог билан маслаҳатлашинг. Шифокор бруксизм келиб чиқишининг нисбатан асослироқ омилини топишга ёрдам беради. Агар бу ҳолат тишлар жойлашуви ёки тишламдаги қичишишлар билан алоқадор бўлса, стоматолог ушбу муаммони тўғрилайди. Масалан, уйқу давомида боланинг оғиз бўшлиғига ўрнатилувчи махсус ҳимоя қилувчи қоплама тавсия қилиши мумкин.

Агар бола стресслар ёки юқори асабий қўзғалувчанлик натижасида тишларини ғичирлатаётган бўлса, психолог ёки невролог ёрдамига зарурат туғилади. Бу жуда муҳим. Стресс давом этаверса, бруксизм ўтиб кетмайди. Мутахассис ёрдамисиз бу давр баъзида ўн йилларга чўзилиши кузатилади.

Мавзуга оид