Эксперимент: Маърузада смартфонлардан қисқа муддат фойдаланиш талабаларга диққатни жамлашга ёрдам бериши мумкин
Маърузалар пайтида мобил телефондан қисқа муддат фойдаланиш талабаларнинг диққатини жамлашга ва ҳатто уларнинг ўзлаштиришини яхшилашга ёрдам бериши мумкин. АҚШнинг Жанубий Иллинойс университети олимлари ўтказган тажриба натижалари Frontiers in Education журналида чоп этилди.
Психология йўналиши талабалари гуруҳида бир семестр давомида 22 та машғулотдан иборат кичик тажриба ўтказилди. Ҳар бир машғулотда ўртача 21 нафар талаба қатнашган бўлса-да, турли кунларда қатнашчилар сони 17 нафардан 27 нафаргача ўзгариб турган. Тадқиқот гуруҳи дарс пайтидаги танаффуслар талабаларнинг мобил телефонлардан фойдаланиш даражасига ҳамда уларнинг ўзлаштириш кўрсаткичларига қандай таъсир кўрсатишини баҳолади.
Талабаларга турли маърузалар вақтида қисқа танаффуслар берилди — бунда смартфонлардан фойдаланиш, ё ўқитувчига саволлар бериш керак эди (иккинчи ҳолда талабаларга танаффус пайтида смартфонлардан фойдаланиш тавсия этилмаган). Ҳар иккала мақсад учун танаффусларнинг давомийлиги бир, икки ёки тўрт дақиқани ташкил этди.
Тажриба натижасидан маълум бўлишича, талабалар смартфонлардан фойдаланиш учун махсус танаффуслар берилган маърузаларда, ўқитувчига савол бериш учун танаффус қилинган маърузаларга нисбатан, умумий ҳисобда ўз смартфонларидан камроқ фойдаланган (яъни, улар бевосита маърузалар пайтида иккинчи гуруҳга қараганда смартфонларга камроқ чалғиган). Қизиғи шундаки, дақиқалик танаффуслардан сўнг маърузаларда смартфонлардан фойдаланиш тажрибанинг бошқа барча вариантларига нисбатан энг катта кўрсаткичда камайган.
Бундан ташқари, “телефонли” танаффус бериладиган маърузалардан сўнг талабалар дарс мавзуси бўйича тестларни анча яхши топширди (тўғри ечилган тестлар сони тажрибанинг бошқа вариантларига нисбатан 80 фоиздан кўпроқ эди). Бу ҳолатда ўқувчилар дарс мавзусига яхшироқ эътибор қаратган бўлиши мумкин, деб тахмин қилинмоқда.
Олинган натижаларга қарамасдан, тадқиқотчилар смартфонлардан қисқа муддатли фойдаланиш фойдали эканини тўлиқ исботлаш учун қўшимча изланишлар зарурлигини таъкидлади.
Эҳтимол, ўқитувчиларнинг талабаларга вақти-вақти билан телефонини текширишга рухсат бериши уларни янги билдиришнома ва хабарларни кутиш хавотиридан халос этиши мумкин. Олдинги тадқиқотлар ҳатто смартфонларнинг столда шунчаки туриши (ундан фойдаланилмаса ҳам) ўқишга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини аниқлаганди.
Мавзуга оид
22:08 / 19.12.2024
Starlink сунъий йўлдош алоқа тизими илк бор смартфонларда ишлай бошлади
12:58 / 13.11.2024
Мобил қурилмалар эраси: энг кўп сотилган телефонлар
12:24 / 06.09.2024
Смартфонлар мия саратонига сабаб бўлиши ҳақидаги фикрлар асоссиз деб топилди
15:18 / 22.04.2024