Туғуруқхона хизматларига норасмий "ставкалар"нинг қўйилиши қай даражада тўғри?
Тошкентда ўтказилган "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси" лойиҳасига бағишланган медиаҳафталик ўз якунига етди. Медиаҳафталикнинг тўртинчи мавзуси - "Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари"га бағишланган анжуманда Соғлиқни сақлаш соҳасида кузатилаётган қатор камчиликлар ҳам муҳокама қилинди.
Шу ўринда Кun.uz нашри ҳам муҳокамаларда иштирок этиб, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхоновага туғуруқхоналардаги муаммоларга оид савол билан юзланди:
"Юртимизда ҳар куни юзлаб чақалоқлар дунёга келади. Бизга маълумки, туғуруқ жараёни икки йўл - табиий ва жарроҳлик (кесарча кесиш) усули орқали амалга оширилади. Туғуруқхоналарда бўлганимизда, шундай воқеаларга гувоҳ бўламизки, айрим шифокорлар туғуруқ жараёни учун маълум бир миқдордаги маблағларни талаб қилишади. Қизиғи шундаки, мазкур норасмий "ставкалар" барча туғуруқхоналарда бир-биридан фарқ қилади... Туғуруқхонага аёллар кутилмаган ҳолатда ташриф буюради. Боланинг дунёга қай йўл билан келиши онанинг аҳволига қараб маълум бўлади. Бироқ шундай оилалар борки, жарроҳлик амалиёти талаб қилаётган пулни тўлашга мутлақо қурби етмайди. Шундай вазиятларда шифокорларнинг беморлардан қонунда белгиланмаган қийматдаги пулни талаб қилиши қанчалик тўғри? Шунингдек, ҳамшираларнинг бир марталик шприц, қўлқоп каби тиббий анжомлар учун пул олишга ҳақи борми?"
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари мазкур саволга қуйидагича жавоб берди:
"Сиз туғуруқхоналаримизда кузатилаётган оғриқли масалани ўртага ташладингиз. Бундай вазиятларга, албатта, салбий муносабатдаман. Юқорида таъкидланган ҳолатларга йўл қўйиш керак эмас. Туғуруқхоналарда маънавий муҳитни ўзгартириш лозим, бугунги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг олдида турган асосий мақсад ҳам ана шундан иборат. Сўнгги вақтларда шифокорларимизда шаклланиб бораётган "менинг даромадим" тушунчаси ўрнига "беморлар манфаати"ни биринчи ўринга қўйиш - олдимизда турган энг катта вазифадир. Бу борада президентимиз 5 январь куни ўз қарорини белгилади. Яъни асосий маблағларни энди қурилишга эмас, зарур тиббий анжомларга, керакли дори-дармонларга, шунингдек, тиббиёт ходимларининг малакасини оширишга сарфлаймиз".
Шунингдек, Элмира Боситхонова юқоридаги "порахўрлик" ҳолатидаги вазиятларни юзага келишида жамиятнинг ўзи ҳам бир ҳисобда айбдор эканлигини алоҳида таъкидлади:
"Айрим ҳолларда одамларнинг ўзи пул бериш ҳолатларини фикри, хатти-ҳаракатлари орқали авж олишига сабаб бўлмоқда. Шундай экан, бу ҳолатга биргина Вазирлик эмас, балки жамоат ташкилотлари, маҳалла, инсонларнинг ўзи биргаликда чек қўйиши лозим", - деди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари.
Муҳокамалар вақтида Боситхонова оилавий шифохоналар ва қишлоқ врачлик пунктларида ўсмирлар гинекологи хонаси пайдо бўлишини маълум қилди.
"Бизда ўсмирлар гинекологияси йўқолиб бормоқда. Айримлар учун тиббий консултацияга ташриф буюриш уятли ҳолат саналади ёки ноқулайлик туғдиради. Шу туфайли, эндиликда шифохоналарда 18 ёшга тўлмаган қизлар учун алоҳида хоналар ташкил қилиниши ҳақида қарор қабул қилинди".
Мавзуга оид
19:45 / 05.11.2024
Чирчиқ шаҳри ҳокими ўринбосари 1 млн доллар билан ушланди
22:29 / 03.10.2024
Жанубий Корея президенти рафиқасидан порахўрлик айблови олиб ташланди
16:11 / 16.02.2024
Президент Когонда пора билан қўлга тушган прокурор ҳақида гапирди
18:36 / 30.12.2023