Ўзбекистон | 10:13 / 11.11.2021
953
2 дақиқада ўқилади

Хива шаҳрида аҳолини уйма-уй юрган ҳолда рўйхатга олиш тадбири бошланди

1-25 ноябр кунлари Ўзбекистоннинг танлаб олинган 4 та ҳудуди, жумладан Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади.

Фото: Kun.uz

Ушбу тадбирдан мақсад – 2023 йилда ўтказиладиган аҳолини ялпи рўйхатга олиш ишларидан олдин рўйхатга олиш дастури, саволнома шакллари, услубий қўлланмалар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда аҳолини рўйхатга олиш усулларини амалий синовдан ўтказиш, синов жараёнларида аниқланган барча хато ва камчиликларни бартараф этиш.

1-5 ноябр кунлари аҳолини интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали рўйхатга олиш, 6-10 ноябр кунлари интернет орқали рўйхатдан ўтган респондентлар ва уларнинг уй манзиллари рўйхатини шакллантириш ишлари бажарилди.

11 ноябр куни Хива шаҳрида аҳолини рўйхатга олиш варағи шакллари асосида 182 нафар рўйхатга олувчи ходим томонидан 21 та маҳалла кесимида уйма-уй юрган ҳолда рўйхатга олиш ишлари бошланди. Тадбир 22 ноябргача давом этади.

Синов тариқасида рўйхатга олишнинг якуний босқичида (23-25 ноябр кунлари) ҳар бир ҳисоб участкасидаги уй-жой манзилларининг 10 фоизи танланма равишда назорат кузатуви асосида ўрганилади.

Маълумот ўрнида, синов тариқасида рўйхатга олишнинг аниқ пайти 2021 йил 1 ноябр соат 00:00 этиб белгиланади. Шу вақтдан кейин содир бўлган демографик ҳолатлар натижалари рўйхатга олиш варағи шаклларига киритилмайди.

Мавзуга оид