Ўзбекистон | 21:31 / 13.11.2021
46509
3 дақиқада ўқилади

Алифбо ислоҳоти бўйича олимларнинг якуний йиғилиши бўлиб ўтди. Тўрт ҳарф ва бир ҳарф бирикмаси ўзгармоқда

Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкилотчилигида ўтган йиғилишга ОАВ вакиллари чақирилмаган.

12 ноябрь куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ўзбек тилшунос олимларининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги Қонун лойиҳаси бўйича якуний йиғилиши ўтказилган. Бу ҳақда йиғилишда иштирок этган, аммо исми сир қолиши шарти билан гапирган Kun.uz манбаси хабар берди.

Манбанинг таъкидлашича, кечаги учрашув алифбо ислоҳоти бўйича олимларнинг якуний ва ҳал қилувчи йиғилиши мақомида ўтган. Яъни унда келишилган қарорлар эндиликда қонунчилик палатасига кўриб чиқиш ва қонун сифатида маъқуллаш учун киритилади.

«Бизга йиғилиш аввалида ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ишлаб чиқилган қарор лойиҳаси кўриб чиқиш учун тарқатилди. Лойиҳада алифбомизда энг муаммоли бўлган тўртта ҳарф ислоҳи бўйича таклиф аниқ қўйилган. Яъни булар «sh» ва «ch» ҳамда «o‘» ва «g‘» ҳарфларини «ş», «ç», «ō» ва «ğ» шаклида ўзгартириш масаласи. Бу таклиф тилшунос олимлар томонидан тўла маъқулланди.

Тадбир давомида янги алифбога «ц» ҳарфини киритиш таклифи ҳам билдирилди, аммо бунга бошқалар қўшилмади. Таклиф маъқулланмади.

Шунингдек, йиғилишда олимларимиз «ng» ҳарф бирикмасини ҳам бир ҳарфдан иборат белги «ñ»га ўзгартириш бўйича келишиб олишди. Бу айримларда эътироз уйғотди, аммо таклиф кўпчилик томонидан маъқулланди. Шундай қилиб, эндиликда алифбомизга «ng» товушини ифодаловчи «ñ» белгиси ҳам киритилиш эҳтимоли пайдо бўлмоқда», – деди манба.

Маълум бўлишича, йиғилиш давомида ўртага ташланган ва олимлар томонидан маъқулланмаган таклифлар орасида «h» ва «x» ҳарфларини бирлаштириб юбориш ҳам бўлган.

Kun.uz алифбо ислоҳи бўйича олимлар иштирокида ўтган йиғилиш ва унда кўтарилган масалалар бўйича маълумот олиш учун яна қатор тилшунос олимлар билан боғланди. Аммо улар йиғилиш ва унда қилинган қарорларни ҳеч қаерга чиқармаслик бўйича қатъий топшириқ олишганини билдирди.

«Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги Қонун лойиҳаси тез орада парламент қуйи палатасига кўриб чиқиш учун киритилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид