Украина Брянск областидаги қурол омборига зарба берганини эълон қилди
Украина қуролли кучлари бош штаби украиналик ҳарбийлар чоршанбага ўтар кечаси Брянск областидаги ҳарбий омборга ҳужум қилгани ҳақида хабар берди: маълум қилинишича, бу ерда КХДРдан олиб келинган ўқ-дорилар ва бошқа бомбалар сақланган. Россия ФВВнинг Брянск области бўйича бўлими областнинг Карачевский районида «портлаш хавфига эга моддалар портлагани» ҳақида хабар берган.
Чоршанба тонгида ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ҳамда айрим украин нашрлари Брянск областида, Карачев шаҳри атрофидаги ўқ-дори омборида портлашлар ва ёнғин рўй бергани ҳақида хабар тарқата бошлади.
Телеграм-каналларда чақнаш ва узоқдаги портлашлар акс этган видеолар жойлаштирилган. Бу хабарларнинг муаллифларига кўра, видеолар маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан тасвирга олинган.
РФ мудофаа вазирлигининг эрталабки ҳисоботида Брянск областидаги портлашлар ва ёнғин тилга олинмаган, россиялик ҳарбийлар фақат регион ҳудуди узра гўёки 24 та дрон уриб туширилганини хабар қилган. Брянск области губернатори Александр Богомаз ҳам ўз телеграм-каналига худди шундай хабарни жойлаштирган.
ФВВнинг Брянск области бўйича бўлимининг шундан кейин эълон қилинган эрталабки ҳисоботида «Брянск области Карачевский районида 09.10.2024 санасида портловчи предметлар портлаши билан боғлиқ муниципиал характердаги фавқулодда вазият» ҳақида гап кетади.
Шу билан бирга, идора регионда фавқулодда ҳолат режими жорий этилмаслигини таъкидлаган.
Украина ҚК бош штаби Брянск областида Россия мудофаа вазирлигининг Ракета-артиллерия бошқармаси 67-арсеналига зарба берганини тасдиқлаган.
Украин ҳарбийлари «арсеналда ракета ва артиллерия тизимлари учун, жумладан Шимолий Кореядан келтирилган ўқ-дорилар, шунингдек, "сузувчи" глиссад бомбалар сақлангани»ни билдирган. Уларнинг катта қисми очиқ осмон остида сақланган, дейилади Украина қуролли кучлари хабарида.
«Бундай арсеналларга зарбалар берилиши Россия армияси учун жиддий логистик муаммолар туғдиради», бу эса россиялик ҳарбийларнинг «юриш қилиш имкониятларини сезиларли даражада пасайтиради», дея қўшимча қилган Украина ҚК бош штаби хабарида.
Сентябр ойида, украин дронлари Россиянинг Твер областидаги иккита йирик ўқ-дори омборига зарбалар йўллаганида, украин нашрлари Россия Ракета-артиллерия бошқармасининг Украинага энг яқин жойлашган 67-арсенали Карачев шаҳри атрофида экани ҳақида ёзганди.
Карачев Брянскдан жануби-шарқда бўлиб, Украина чегарасининг энг яқин нуқтасигача масофа 115 километрни ташкил этади.
Омборлар бўйлаб бошқа зарбалар
Брянск областидаги ўқ-дорилар омбори — украин манбаларига кўра, дронлар зарбасидан кейин портлашлар рўй берган биринчи жой эмас.
21 сентябрга ўтар кечаси украин дронлари Краснодар ўлкасининг Тихорецк шаҳри атрофидаги худди шундай объектга ҳужум уюштирганди. Украина ҚК бош штаби ўшанда ҳужум оқибатида Россия ҳарбий омбори аниқ нишонга олинганини маълум қилганди. Украина томони маълумотларига кўра, бу Россия армиясининг Украинага қарши урушда фойдаланаётган энг йирик ўқ-дори сақлаш базаларидан бири бўлган.
Россия ҳукумати ўшанда дрон «парчалари тушгани», бунинг натижасида «ёнғин чиқиб, портловчи предметларга ўтгани», шундан кейин «детонация бошлангани» ҳақида маълум қилганди.
Шу билан бирга, маҳаллий маъмурият ҳодиса рўй берган жой атрофидаги посёлка эвакуация қилиниши ҳақида эълон қилганди.
Бундан бир неча кун олдин, 18 сентябрга ўтар кечаси Твер областининг Торопец шаҳрига дронлар ҳужум қилганди. Давлат нашрларида бу ерда ўқ-дорилар, ракеталар ва бошқа портловчи моддалар сақланадиган арсенал мавжудлиги ҳақида кўп бор ёзишган.
BBC’нинг Украина хавфсизлик хизматидаги манбалари ўшанда «омборда „Искандер“ оператив-тактик комплекслари, „Точка-У“ тактик ракета комплекслари учун мўлжалланган ракеталар, бошқарилувчи авиабомбалар ҳамда артиллерия ўқ-дорилари сақлангани»ни маълум қилган. «Украин дронлари зарбасидан кейин фавқулодда кучли детонация бошланди», – деган Украина махсус хизматларидаги манба.
Россиялик ҳарбийлар бу маълумот юзасидан ҳам изоҳ бермаган.
Аммо зарба оқибатлари Американинг Maxar компанияси космосдан олган кадрлар орқали тасдиқланган.
Зарбага қадар олинган фотода ангер ва траншеяларни эслатувчи қурилмаларни кўриш мумкин. Зарбадан кейин олинган сунъий йўлдош тасвирлар эса бу жойни тутун булутлари қоплаганини кўрсатади.
NASA’нинг ёнғинлар бўйича сунъий йўлдош маълумотларини жамлаб борувчи FIRMS сервиси ҳам Торопецдан шарқда, Кудино қишлоғи ва Кудинский кўли яқинидаги йирик ёнғин ўчоғини кўрсатган.
Мавзуга оид
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
18:44 / 21.12.2024
Зеленский бир қатор украиналик дипломатларни ишдан олди
15:13 / 21.12.2024
Блинкен: Украина курашиш ёки музокара ўтказиш ҳақида бир қарорга келиши керак
11:41 / 21.12.2024