Ўзбекистон | 20:19 / 10.08.2020
127329
2 дақиқада ўқилади

Карантин талаблари босқичма-босқич юмшатилади — Президент

10 август куни президент Шавкат Мирзиёев аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва хавфсизлигини ошириш, экологик осойишталикни таъминлаш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилиш бошида давлат раҳбари коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятга тўхталиб ўтган.

Хусусан, барча ҳудудларда даволаш ўринлари ва тиббий ускуналар сони бир неча баробар кўпайтирилгани, тез тиббий ёрдам ва даволаш сифати яхшилангани натижасида охирги бир ҳафтада Ўзбекистон бўйича коронавирусдан соғайиш кўрсаткичи ошгани қайд этилган.

«Фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи ҳимоясини янада кучайтирган ҳолда, пандемия шароитида яшаш ва ишлашда давом этиш, карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш муҳимлиги таъкидланди», – дейилади расмий релизда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 15 августга қадар карантин чекловлари эълон қилинган, кўплаб фаолият турлари ёпиқлигича қолмоқда.

Карантин юмшатилиши ҳақида Сенатнинг 7 августдаги ялпи мажлисида парламент юқори палатаси раиси Танзила Норбоева ҳам айтиб ўтган эди.

Мавзуга оид