23:45 / 09.01.2018
6610

Япониялик фазогир вазнсизликда 3 ҳафта ичида 9 сантиметрга ўсди

Фото: Public Domain / Wikimedia

41 ёшли япониялик фазогир Норисигэ Канаи 3 ҳафта ичида 9 сантиметрга ўсди. Халқаро коинот станцияси жорий экипажи аъзоси бу ҳақда твиттерда маълум қилди. 

“Менда бугун муҳим хабар бор. Мен жисмоний кўрсаткичларнинг ўзгаришини кўзда тутувчи тиббий кўрикдан ўтдим. Аниқланишича, бўйим 9 см.га ўсибди. Мана 3 ҳафтада қанчалик ўсиб кетдим”, деб ёзган фазогир.

Канаи шу сабабли Ерга қайтишда Россиянинг “Союз МС” кемаси ўриндиғига сиғмаслигидан хавотирланмоқда.

Япониянинг аэрокоинот тадқиқотлари агентлигида таъкидланишича, вазнсизликда узоқ қолиш одатда одам бўйининг 1-2 сантиметрга ўсишига олиб келади.

“Вазнсизлик шароитида умуртқага юклама ўнлаб марта ўзгарганда, умуртқалар орасидаги дискларнинг тоғай тўқимаси юмшаб кетади ва бу ўзгаришга, одам бўйининг, аниқроғи узунлигининг ошишига олиб келади”, деб тушунтирмоқда Канаи билан боғлиқ ҳолатни жарроҳ-ортопед Владимир Хорошев.

Фазогирлар россиялик Антон Шкаплеров, америкалик Скотт Тингл ва япониялик Норисигэ Канаидан иборат экипаж Халқаро коинот станциясига 2017 йилнинг 19 декабрида етиб келган. Фазогирлар миссиялари доирасида 51 та илмий тажриба ўтказишлари керак бўлади.

Одатда, умумқабул қилинган меъёрларга кўра одам бўйи 25 ёшигача ўсади. 

Top