Жамият | 18:43 / 12.04.2019
12354
3 дақиқада ўқилади

Хоразм вилояти ҳокими Боғот туманида шахсий сайёр қабулини ўтказди

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов аҳолининг турли қатламлари билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан аниқ ва тезкор чоралар кўриш мақсадида Боғот тумани Қораёнтоқ қишлоғида шахсий сайёр қабулини ўтказди, деб хабар берди Kun.uz мухбири.

10-сонли умумтаълим ўрта мактаби спортзалида ташкил қилинган тадбирда Хоразм вилояти прокурори ўринбосари Ғайрат Абдуллаев, Боғот тумани ҳокими Ойбек Холбоев, сектор раҳбарлари, вилоят ва туманнинг мутасадди ташкилотлари ва давлат идоралари раҳбарлари, ходимлари, маҳалла фаоллари, туманлардан келган мурожаатчилар иштирок этишди.

Мурожаатлар орасида уй-жой қуриш учун ер ажратиш масаласи асосий ўринни эгаллади. Фарҳод Эрманов бу муаммонинг ҳозирги кунда долзарб эканини қайд қилган ҳолда, мутасадди ташкилотларга қишлоқ хўжалигида банд бўлмаган, шунингдек, бонитет балли паст бўлган ерларни аниқлаб олиш ва уларни тезлик билан аукционга қўйиш бўйича топшириқ берди.

Иш билан таъминланиш масаласида мурожаат қилган аҳолининг муаммосини ечиш Боғот тумани Бандликка кўмаклашиш маркази раҳбарига юклатилди. Вилоят ҳокими ишга муҳтож бўлган мурожаатчиларнинг барчасини ишга жойлаштириш ва уларни ишга қабул қилингани ҳақидаги буйруқларни шахсан ўзига тақдим қилишни топширди.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчилар асосан ер ва кредит ажратиш масаласида мурожаат қилишди. Шунингдек, аҳоли маҳалладаги йўлларни тузатиш, электр энергияси, газ ва ичимлик суви таъминоти, қўшимча томорқа масаласи, ариқлар ва заҳкашларни қаздириш - тозалаб бериш, ноқонуний қурилишларни давлат рўйхатидан ўтказиб олиш бўйича бир марталик акция масаласи бўйича ўз муаммоларини баён қилди.

Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ажратиш, ногиронликка чиқиш масалалари, ногиронлик гуруҳини белгилаш, оғир касалларнинг даволаниши учун моддий ёрдам, пенсия таъминоти, уй-жойини таъмирлашга ёрдам бериш бўйича мурожаат қилишди. 

Бундан ташқари, мактаб, маданият уйи, мактабгача таълим муассасаси, кутубхонани барпо қилиш, электр таъминоти линиялари устунларини ўрнатиш каби ижтимоий муаммолар, маҳалла фуқаролар йиғини сайлови билан боғлиқ муаммолар, суд қарорлари юзасидан норозилик билдириб мурожаат қилганлар бўлди.

Фарҳод Эрманов бу мурожаатлар юзасидан ҳар бир соҳа раҳбарига барчасини ўрганиб чиққан ҳолда, қонуний ва ижобий ҳал қилинишини таъминлаш бўйича топшириқ берди.

Вилоят ҳокимининг навбатдаги шахсий сайёр қабули 19 апрель куни Хонқа тумани Томадурвадик қишлоғида ўтказилади.

Мавзуга оид