Ўзбекистон | 07:30 / 12.10.2024
6099
2 дақиқада ўқилади

Метрога яқин корхоналар иш вақти ўзгариши мумкин

Пойтахтдаги метро бекатларига яқин бўлган ишлаб чиқариш корхоналарининг иш вақтини ўзгартириш таклифи илгари сурилмоқда. Унга кўра, иш соат 08:00 да эмас 09:00 да бошланади. 

Фото: Kun.uz

Халқаро пресс-клубда Тошкент метрополитени раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида бекатлардаги тирбандликлар ва уларнинг ечимлари ҳам қизғин муҳокама қилинди, дея хабар бермоқда Gazeta.uz мухбири.

Метрополитен бош муҳандиси Мирҳоким Мирҳусановнинг айтишича, пойтахтда жойлашган йирик ишлаб чиқариш ташкилотлари ва ўқув муассасаларида бир вақтнинг ўзида (соат 08:00 ва 09:00 оралиғида) иш куни ва дарсларнинг бошланиши айни шу вақт оралиғида метрополитенда бир қатор тирбандликларни келтириб чиқармоқда.

У юзага келиши мумкин бўлган юкламаларни камайтириш мақсадида метро бекатларига яқин бўлган 27 ОТМда дарсларнинг бошланиш вақти дифференциал тартибда ўзгартирилганини таъкидларкан, ечим сифатида йирик ишлаб чиқариш корхоналарида ҳам иш вақтини ўзгартириш таклифи илгари сурилаётганини айтди. 

Тошкент метрополитени режим хизмати бошлиғи ўринбосари Абдутоҳир Абдуқодиров ҳам ОТМларда ўқишнинг бошланиш вақти ўзгартирилгани анча ижобий ўзгаришларга олиб келганини қайд этди. У ҳукумат, Транспорт вазирлиги ҳамда тегишли мутасаддилар билан ҳамкорликда йирик корхоналарда иш бошланиши вақтини қайтадан кўриб чиқиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилаётганини қўшимча қилди.

«Тошкент шаҳрида 1 минг, 10 минг нафардан ортиқ ишчи ишлайдиган корхоналар бор, уларнинг айримларида иш вақти соат 08:00 да бошланади. Ўзимизнинг ҳам ишимиз худди шунга ўхшаш. Корхоналарнинг ҳам иш вақтини кўриб чиқишни режа қилганмиз. Масалан, соат 08:00 да эмас 09:00 да қилиш таклифини билдирмоқчимиз, агар уларга ҳам маъқул келса, сал бўлса-да, бекатлардаги тирбандликлар камайишига эришган бўламиз», — деди у.

Мавзуга оид