Долларнинг келажагига шубҳалар қанчалик асосли?
Россия пропагандасининг “доллар синиши” ҳақидаги даъволари янгилик эмас. Аммо ўзбек тадбиркори Анвар Абдуқаюм келгуси йилларда АҚШ валютасининг қадри тушиб кетишини башорат қилгани муҳокамаларга сабаб бўлди. Мутахассислар унинг тахминини тўлиқ рад этмоқда. Kun.uz қарама-қарши фикр эгалари – тадбиркорнинг ўзи, шунингдек, иқтисодчи Шуҳрат Расул ва молиячи Тамилла Қурбоновани студияга таклиф этди.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин, “Бреттон-Вудс” келишувига мувофиқ, доллар фунт стерлингни ортда қолдириб, дунё валютасига айланди. Бугун доллар энг барқарор ва ишончли пул бирлиги ҳисобланади. Дунё савдосида энг кўп доллар ишлатилади, инвестициялар портфели, ташқи қарзлар, товар айланмаси, валюта захираларининг энг катта қисми ҳам доллар ҳиссасига тўғри келади.
Иқтисодчи Шуҳрат Расулга кўра, долларнинг синиши ҳақидаги гаплар – фитна назариясидан бошқа нарса эмас ва бундай гап-сўзларнинг тарқатилиши кўп ҳолларда Россияга бориб тақалади. Америка молия тизимидек мукаммал тизимга муқобил ҳали шаклланмаган. Унга рақобатчиликни даъво қиладиган Россия, Хитой ёки БРИКС давлатларининг ўзаро савдоси ҳам бутун жаҳон молия тизимида арзимас улушга эга, дейди иқтисодчи.
Тадбиркор Анвар Абдуқаюм эса бошқача фикрда. У долларда пул сақлаш хавфли деб ҳисоблайди. Доллар йилдан йилга қадрсизланяпти, тадбиркорлар бойлиги-ю ресурсларини долларда сақласа, ютқазади, дейди Абдуқаюм. Тадбиркорга кўра, энг яхши ечим – олтин. Олтин фойда беради, қадрсизланмайди, қийматини сақлайди. 2020 йилдаги пандемия даврида мени инқироздан олтин фойда билан олиб чиққан, дея қўшимча қилади у.
Молия эксперти Тамилла Қурбонованинг фикрича, инқироз пайтида олтин нархи ошиши табиий. Чунки одамлар учун келажак ноаниқ пайтда доим тилла нархи қимматлаган. Лекин доим ҳам олтин сақлаш мақсадга мувофиқ эмас. Инқироз пайтларида қўлида валютаси бор одам ютади, энг қулай валюта эса бу – доллар, дейди Қурбонова.
Шуҳрат Расулнинг таъкидлашича, олтин хавфсиз, лекин унда фойда ва зарар кўриш осон. Яъни долларда зарар катта суммани келтириб чиқармайди. Олтинники эса юқори, масалан, олтиннинг 5 фоизга нарх ўзгариши – катта зарар ҳисобланади.
Таҳлилларга кўра, долларнинг глобал валюта ролига соя солиши мумкин бўлган омиллар йўқ эмас: булар – мураккаб геосиёсий вазият, АҚШдаги сиёсий беқарорлик, урушлар, юқори инфляция, ташқи қарзларнинг ниҳоятда ошиши, глобал рақобат бозорида мавжуд мувозанатнинг бузилиши ёки инвесторлар пайдо қилган сунъий ваҳималар бўлиши мумкин, лекин бу омилларнинг рўй бериш эҳтимоли жуда ҳам паст.
Аксарият иқтисодчилар долларни барқарор ва ҳозирги кунда энг ишончли валюта деб баҳолайди. Иқтисодчи Шуҳрат Расул ва молия эксперти Тамилла Қурбонова ҳам шу фикрда. Доллар яқин 10 йилларда синмайди, қадрсизланмайди, йўқолмайди. Долларга жиддий рақобатчилар пайдо бўлиши (масалан, Хитой юани) эса, албатта, узоқ истиқболда эҳтимолдан соқит қилинмайди, дейди мутахассислар.
Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.
Мавзуга оид
10:26
Ҳудудларда юқори иқтисодий ўсишни таъминлашнинг янги тизими йўлга қўйилади
11:59 / 22.12.2024
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш доирасида АҚШ билан баённома имзолади
11:30 / 21.12.2024
Қўрқмас жангчи – Саддам Ҳусайннинг набираси америкалик аскарларга қарши қандай жанг қилганди?
19:29 / 20.12.2024