Исроилдан Эронга таҳдид, ён беришни ўйлаётган Киев ва АҚШга ёпирилаётган ажалвор тўфон — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
ҲАМАС етакчиси Холид Машъал Исроилга қарши бир йиллик урушда сезиларли йўқотишларга қарамасдан ҲАМАС Қақнус қуш янглиғ кулдан қайта бош кўтаришини таъкидлаб ўтди.
У Исроил билан жорий можарони 1948 йилдан буён давом этаётган тарихга боғлади. Фаластинликлар қарийб 76 йил муқаддам Исроил давлати тузилиши учун ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбурланган ва бу халқ орасида «нақба» ёки «фалокат» деб атаб келинади.
Машъалнинг қайд этишича, тарих спирал мисоли айланади: йўқотишлар Фаластин руҳонияти қайта туғилишига айланади. Унинг таъкидлашича, ўқ-дорилар ва қурол-яроғлар бўйича йўқотишларга қарамасдан, ҲАМАС сафига ёшлар қўшилишда ва қурол-яроғ ишлаб чиқаришда давом этмоқда.
Машъал токи яҳудийлар давлати тепасида Бинямин Нетаняҳу турар экан, тинчликка эришиш мумкинлигига шубҳа билан қарашини, Исроил оккупацияси давом этар экан, минтақа «секин-аста ҳаракатга келувчи бомба»ни эслатаётганини таъкидлаган.
ҲАМАС бу орада қамал қилинган Ғазо секторида Исроил агрессияси қурбонлари сони 41 минг 965 кишига етганини маълум қилди.
Сўнгги сутка ичида Исроил армияси 8 та оммавий қирғин ўтказган ва 56 кишининг ўлимига ва 278 кишининг ярадор бўлишига сабабчи бўлган.
Ўтган йилнинг 7 октябридан буён ярадорлар сони 97 минг 590 кишига етган.
Исроилнинг Сурия ва Эронга таҳдиди
Ғазо ва Ливаннинг кулини кўкка совураётган Исроил Сурияни ҳам тинч қўймаяпти. Кеча Исроил авиацияси Сурия пойтахти Дамашқ шаҳрининг ғарбидаги аҳоли зич яшовчи Мезза мавзесидаги уйга авиазарбалар берган. Ушбу уй Эрон элчихонасидан 500 метр нарида жойлашган.
Авиазарба натижасида камида 7 киши ҳалок бўлгани, ўндан зиёд инсон яралангани хабар қилинмоқда.
Бундан ташқари, Исроил Ливан пойтахти Байрут ва Фаластиннинг Ғазо секторини ҳам бомбалаган.
Исроил расмийлари Эронга таҳдид қилишни ҳам канда қилишмаяпти.
Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант Эроннинг ядровий объектларига зарба берилишини инобатдан соқит этмаган.
«Ҳозирги вақтда барча вариантлар столимизда турибди. Исроил Эроннинг мисли кўрилмаган зарбаларига албатта жавоб қайтарди. Зарбалар биз қарор қилганимиздек, биз танлаган жойда ва вақтда рўй беради», — деган Галлант.
Исроилнинг яқиндаги ва узоқдаги нишонларни йўқ қила олиш қобилиятини писанда қилиб ўтар экан, Галлант Исроил «Эрон томонидан кўрсатилаётган агрессияга адекват жавоб қайтара олиши»ни таъкидлаган.
Эронга қарата ўзининг қатъий огоҳлантиришида Галлант Ғазо ва Ливандаги вайроналарга ишора қилган: «Агар Эрон Исроилга зарар етказмоқчи бўлса, уни Ғазо ва Байрутда кузатилаётгани сингари жиддий оқибатлар кутиб турибди», деган у.
АҚШнинг Исроилга ёрдами
АҚШ ўтган йилнинг 7 октябридан буён Исроилни қуроллантириш учун рекорд даражада — 17,9 миллиард доллар сарфлагани маълум бўлди. Бу Браун университетининг Исроилнинг Ғазода уруш очганига бир йил тўлиши муносабати билан тайёрлаган «Уруш харажатлари» ҳисоботида акс этган.
2024 йил давомида етказилган Америка қурол-яроғларнинг катта қисмини артиллерия снарядларидан тортиб 2000 фунтли бомбаларгача бўлган ўқ-дорилар ташкил этган.
Қурол-яроқ етказиб берилишининг аввалроқ эълон қилинган статистикасига кўра, АҚШ 2000 фунт ёки 907 килоли МК-84 бомбаларининг ўзидан Исроилга 14 минг дона етказган. Бу бомбалар қамал қилинган Ғазони вайрон қилиш учун ишлатилган.
Шуниси эътиборлики, бу 17,9 млрд доллар ёрдам тўлиқ рақам эмас. Чунки Украинага кўрсатилаётган ёрдамдан фарқли ўлароқ, АҚШ Исроилга етказаётган нарсаларнинг тўлиқ рўйхати очиқланмаган. Тадқиқотчиларга кўра, Байден маъмурияти бюрократик манёврлар билан ёрдамнинг тўлиқ ҳажмини яширишга интилиб келмоқда.
Исроил анаъанавий тарзда АҚШдан энг йирик беминнат ҳарбий ёрдам олувчи ҳисобланади. 1959 йилдан буён АҚШ Исроил армиясига 251,2 млрд ёрдам кўрсатган. Исроил армиясига 2023 йилнинг 7 октябридан буён хайрия қилинган пуллар Исроилга бир йил давомида кўрсатилган тарихдаги энг катта ҳарбий ёрдам ҳисобланади.
Киев ён беришга тайёрми?
Украина шарқидаги жанговар ҳаракатлардаги муваффақиятсизликлар ҳамда элетр энергияси генерациясидаги қувватларнинг йўқотилиши фонида Киевдаги кайфият Россия билан можарони тинчитиш томон ўзгармоқда, деб ёзмоқда Financial Times нашри.
Нашр маълумотларига кўра, Украина ҳокимиятида парда ортида Москвага оккупация қилинган ҳудудларни топшириш, бироқ ҳудудлар устидан Россиянинг суверенитетини расман тан олмаслик каби келишув муҳокама қилинмоқда. Бу ҳолда Украинанинг қолган қисми НАТО аъзосига айланади ва шунга яраша хавфсизлик кафолатларига эга бўлади.
Газетанинг ёзишича, мазкур сценарий иккита фаразга асосланмоқда ва бу икки фаразнинг ҳар бири анча баҳсли. Биринчидан, ҳудудий можароларига қарамасдан, ғарб Киевга шимолий атлантика алянсига киришга яшил чироқ ёқади. Иккинчидан, Россия президенти Владимир Путинни унинг Украина НАТОга аъзо бўлишдан бош тортиши кераклиги ҳақидаги талабларига қарамасдан, музокарага кўндириш мумкин бўлади. Алянснинг кенгайиши ва унга Украинанинг аъзо бўлиш эҳтимоли 2022 йилнинг февралидаги уруш сабабларидан бири бўлган. Шу сабабли Москва бунга кўниши эҳтимоли паст.
Нашрнинг таъкидлаб ёзишича, Ғарб музокаралар олдидан Киевга ўз позициясини мустаҳкамлашга ёрдам бериши керак, айниқса Украинани қўлламайдиган Доналд Трамп президент бўлиб қолишини ҳисобга олиб. Кремл фақат урушни давом эттириш қимматга тушишини англасагина музокараларга келтириш мумкин.
Июн ойида Путин ўт очишни тўхтатиш шартларини эълон қилган эди: украин қўшинлари Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорижжя областларини ҳаттоки Россия қўшинлари ҳали эгалламаган ҳудудларини ҳам тарк этиши керак. Бундан ташқари Киев НАТОга аъзо бўлиш фикридан қайтиши, Украина нейтрал статусга эга бўлиши, мамлакат “денацификация” қилиниши керак. Зеленский бу шартларни ултиматум деб атаганди.
FT'нинг Киевдаги манбалари оккупация қилинган ҳудудларни қайтариб олиш учун Украинага шахсий таркиб ва ғарбнинг ёрдами етмаётганини таъкидлашган. Айни пайтда Россия армияси Қрим билан қўшиб ҳисоблаганда Украинанинг 20 фоиз ҳудудини ишғол этган. Илгари Россиянинг ҳарбий мағлубияти зарур, деб ҳисоблаган ғарб пойтахтларининг айримлари ҳам секин-аста ўз позициясини ўзгартирмоқда, деб ёзмоқда нашр.
АҚШда ҳалокатли тўфон
Ўн кунча аввал «Ҳелен» тўфони етказган талафотлардан ҳали ўзига келмаган Флорида ундан-да кучлироғини қарши олишга ҳозирланмоқда.
Штатга яқинлашган «Милтон» тўфони Саффир-Симпсон шкаласи бўйича максимал — бешинчи тоифага чиқди, демоқда АҚШ Тўфонларни кузатиш миллий маркази. Бу АҚШ тарихида сўнгги 100 йилда кузатилган энг кучли тўфон бўлиши мумкин. Бор-йўғи 10 соат ичида тўфон ичидаги босим 50 миллибарга тушган.
Табиий офат Флорида устига пайшанба куни ёпирилиши, унинг эпицентрида шамолнинг тезлиги соатига 257 километрга етиши кутилмоқда. Айни пайтда «Милтон» шарқ томон соатига 14,5 километр тезликда ҳаракатланмоқда.
Флорида аҳолисидан сўнгги йиллардаги энг кенг кўламлиси бўлиши кутилаётган эвакуацияга тайёрланиш сўралмоқда. Флорида губернатори Рон Десантис вақт жуда кам қолганидан огоҳлантирган.
«Биз махлуқ билан тўқнашувга тайёр бўлишимиз лозим», — деган Десантис душанба кунги матбуот анжуманида.
«Милтон» тўфони тўғрисидаги огоҳлантириш Флоридага ёпирилиб, АҚШнинг олтита штатида 200 дан ортиқ киши ўлимига сабаб бўлган «Ҳелен» тўфонидан 10 кун ўтиб берилмоқда. «Ҳелен» АҚШда сўнгги 19 йилликдаги энг ажалвор табиат ҳодисаси бўлди — бундан олдин 2005 йилда «Катрина» тўфони 225 кишини ҳаётдан олиб кетганди. «Ҳелен» тўфонидан кейин яна юзлаб кишилар бедарак йўқолган, деб ҳисобланмоқда.
Тўфонлар кучи шамол тезлигига қараб беш баллик шкалада баҳоланади. Учинчи, тўртинчи ва бешинчи тоифадагилари — қурбонлар ва жиддий талафотга олиб келиши мумкин бўлган вайронкор табиий офатлар ҳисобланади.
Метеорологлар тахминига кўра, «Милтон» тўфони 8 октябр кунидан кучсизланишни бошлаши мумкин. Флорида соҳилларига етиб келганида, 9 ёки 10 октябр кунлари унинг тоифаси учинчи даражага тушади.
АҚШ Тўфонларни кузатиш миллий маркази (NHC) яқин соатларда Флоридада тропик ёмғирлар ва сув тошқинлари рўй бериши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Флорида округлари расмийлари душанба куниёқ эвакуация ҳақида кўрсатма беришни бошлаганди. Бу кунларда пулли йўллар учун тўловлар бекор қилинади. Штат жанубидаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида улкан навбатлар кузатилмоқда, айрим станцияларда ёнилғи тугамоқда.
Сешанба кунидан айрим округларда мактаблар ёпилади.
Шунингдек, Орландо ва Тампа шаҳридаги аэропортлар сешанба кунидан тўфон туфайли фаолиятини тўхтатиши ҳақида хабар берган.
Мавзуга оид
13:59 / 21.12.2024
Сувсиз қолаётган ғазоликлар, Полшага боришдан чўчиётган Нетаняҳу ва Ғарбий Африканинг ягона валютаси — кун дайжести
14:33 / 20.12.2024
Яманни бомбалаган Исроил, Сурияга қайтаётган қочқинлар ва Россияда кўпхотинликка рухсат — кун дайжести
13:16 / 19.12.2024
Ғазода оташкесим бўйича музокаралар, Туркияга таассуб қилаётган Сурия ва 1 млн мигрантни қувмоқчи бўлаётган Трамп — кун дайжести
13:45 / 18.12.2024