Жамият | 21:28 / 18.12.2024
18546
6 дақиқада ўқилади

Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?

Опа-сингил ўртасидаги мулкка оид фуқаролик низоси Гулистон ИИБ тергов бўлимида жиноят ишига айлантирилди: баҳоси 25-30 минг АҚШ доллари атрофида бўлган квартира устида бошланган келишмовчилик қонунга кўра фуқаролик суди тартибида ҳал қилиниши керак эди. Аммо ишга ички ишлар органи аралашиб, вазиятни “халқаро даража”га олиб чиқди.

Фотоколлаж: Kun.uz

Фуқаролик судига бериладиган ариза ИИБда

Гулистон шаҳрида яшовчи фуқаро Мунаввархон Ражабова (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) шаҳар ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, “ўзига тегишли бўлган, опаси Саодат Асадованинг номидаги хонадонни номига расмийлаштириб берилмаётганини маълум қилиб, ушбу хонадонни ўзининг номига расмийлаштириб беришда амалий ёрдам” сўраган.

Одатда бундай низоларни фуқаролик тартибида суд орқали ҳал қилишни тавсия қилиш билан чекланадиган ИИБ нимагадир аризани жиноят ҳақида хабарларни рўйхатга олиш китоби (шакл-1)дан рўйхатдан ўтказган ва терговга қадар суриштирув ўтказишга киришган.

Ички ишлар қачон бировни номидаги мулкни бошқа бир фуқаро номига расмийлаштириб берадиган идорага айланиб улгурди?

Суриштирувда аниқланганлари ҳам жиноят эмас. Тафсилотлар қуйидагича: мурожаатчи Мунаввархон Ражабова номига расмийлаштиришда “ИИБдан ёрдам” сўраётган хонадон опаси Саодат Асадова номидаги мулк – кўп қаватли турар жойнинг биринчи қаватида жойлашган нотурар жой. Барча тегишли ҳужжатлар ҳам унинг номида. Бу хонадонни Мунаввархон Ражабовага расман хеч қандай алоқаси йўқ.

Саодат Асадованинг ўзи Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида шифохонада ҳамшира бўлиб ишлайди. Хонадонни тасарруф этиш ҳуқуқига оид ишончномани ўғлининг номига қолдирган. Ушбу ишончнома берадиган ҳуқуқ асосида ўғил хонадонни бир муддат нотариал тартибдаги олди-сотди шартномага асосан бошқа фуқарога сотган.

Ушбу аниқланган ҳолатлар жиноят сифатида малакаланган ва Саодат Асадова ҳамда унинг ўғлига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Гулистон шаҳар ИИБ ТБ терговчиси, катта лейтенант Х.Б.Эшпўлатов томонидан Саодат Асадовага нисбатан юқоридаги модда билан айб эълон қилиниб, сиртдан қамоққа олиш тўғрисида санкция ҳам олинган. Қидирув эълон қилинган.

Ваҳоланки, айб эълон қилиниб, санкция олиниб, қидирув эълон қилингунига қадар мазкур хонадон Саодат Асадова номига қайтариб сотиб олинган эди. Бугунги кунда ҳам хонадон унинг номида турибди.

Россия полицияси ҳайратда

Аёл шу йил 12 декабр куни ишлаб юрган жойи – Санкт-Петербург областининг Смоленский туманида ушланиб, полиция хибсхонасига жойлаштирилган.

Саодат Асадовани Россияда ҳимоя қилаётган адвокатнинг айтишича, полиция аёлга қўйилган айбловларни тушунишга ожизлик қилмоқда. Бироқ халқаро ҳамкорлик сабабидан аёлни озод қилиб юборломайди. Белгиланган тартибда Ўзбекистонга экстрадиция қилинмагунига қадар аёл русларнинг зах ва қоронғу хибсхонасида бир неча ойни ўтказса ажаб эмас.

Гулистондаги терговнинг ғайриқонунийлиги нимада?

Тергов органи гўёки Саодат Асадова аслида синглиси “Мунаввархон Ражабовага тегишли бўлган нотурар жойни унинг хабардорлигисиз сотиб юбориб, фирибгарлик содир этган”и ҳақидаги хулосага келган, мулкий низога жиноий тус бериб, тахминларга асосланиб иш тутган.

Жумладан, аризачи хонадонни ўзининг номига расмийлаштириб бермаётганини билдирган бўлса, тергов органи мулк қандай асосларга кўра, Асадовага ўтгани, унинг мулкни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани қандай далиллар билан тасдиқланишини аниқлаши лозим эди.

Саодат Асадова ўзининг номидаги ва аслида синглисига тегишли мулкни ўзга шахсларга сотиб юборганликда ифодаланган фирибгарлик ҳаракатлари учун айбланаётган бўлса, бу айблов ҳам асоссиз. Чунки, юқорида айтилганидек мулкнинг қонуний эгаси Саодат Асадова бўлган.

Бундан ташқари, Саодат Асадова “хонадонни фирибгарлик йўли билан сотиб юбориб, тушган пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган” деган айб эълон қилинган (2024 йил 3 июл) пайтда бу мулк Саодат Асадованинг номида бўлган. Яъни 2024 йил 1 июл куни мулк Саодат Асадовага нотариал тартибда олди-сотди шартномасига асосан сотилиб, қонуний расмийлаштирилган ҳолда қайтарилган, 3 июл куни давлат реестридан кўчирмага асосан кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ Саодат Асадова номига давлат рўйхатидан ўтказилган. У ҳозирга қадар ушбу мулк эгаси.

Нега бу жиноят эмас фуқаролик иши бўлиши керак?

Фуқаролик кодексининг 228-моддасига асосан мулкдор ўз мол-мулкини бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олишга ҳақли (виндикация).

Олий суд Пленумининг “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 17-сонли қарори 10-бандида дастлабки тергов органлари эътибори шунга қаратилсинки, қонун талабларига мувофиқ тузилган битимлар, шартномаларга асосланган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаслик ҳам, бундай ҳолда ўзгалар мулкини эгаллашда ҳуқуққа хилофлилик белгиси бўлмаганлиги туфайли фирибгарлик деб баҳоланиши мумкин эмас.

Ушбу ҳолатдан Сирдарё вилоят прокуратураси раҳбарияти (хусусан ички ишлар органларида қонунлар ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи) ҳамда Бош прокуратуранинг тегишли бошқармалари хабардор. Аммо нима учундир реал вазиятдан кўз юмиб келишмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 230-моддасига ( айбсиз кишини жавобгарликка тортиш) кўра, суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан айбсизлиги аён бўлган шахсни ижтимоий хавфли қилмишни содир этганликда айблаб жавобгарликка тортиш 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракат оғир ёки ўта оғир ижтимоий хавфли қилмиш содир этганликда айблаб содир этилса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Kun.uz прокуратура ва ички ишлар органлари томонидан хусусий мулк дахлсизлиги синдирилаётгани, ўзгалар мулки “жиноят иши” қўзғатиш орқали тортиб олинаётганига оид схема қандай ишлаши ҳақида катта суриштирув олиб бормоқда.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Мавзуга оид