Ўзбекистон | 19:32 / 09.11.2021
16236
4 дақиқада ўқилади

Ҳар бир маҳаллада вилоят ҳокими ёрдамчиси – ёшлар етакчиси лавозими жорий этилади

Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар бўйича маҳаллагача тушадиган вертикал тизим яратилишини маълум қилди.

Фото: uza.uz

9 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида тиббиёт соҳасидаги муаммолар билан бирга «ҳоким ёрдамчилари» ва «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

«Сайловолди дастурида айтилганидек, келгуси йил 1 январдан республиканинг 9 минг 259та маҳалласида «ҳоким ёрдамчилари» иш бошлайди. Топшириғимга кўра, икки ҳафта давомида ишчи гуруҳ Жиззах вилоятидаги 299та маҳалланинг салоҳияти ва муаммоларини ўрганиб, улар учун энг муносиб номзодларни бирма-бир суҳбат асосида танлаб олди.

Шунингдек, Арнасой, Дўстлик, Зомин, Мирзачўл, Шароф Рашидов туманлари ва Жиззах шаҳрида туман ҳокимлари, ҳоким ўринбосарлари, маҳалла раислари ва танлаб олинган номзодлар учун амалий семинарлар ўтказилди. Ҳар бир ҳудудда «Жиззах намунаси» асосида ишни ташкил қиладилар.

Вилоят ҳокимлари вакиллар билан бирга, ўн кун муддатда ҳар бир маҳалла бўйича «ҳоким ёрдамчиси» учун номзодларни аниқласин. Бунда номзоднинг билими, тажрибаси, ташаббускорлигига ҳамда у иш бошлайдиган маҳалланинг ўзига хослиги ва мавжуд имкониятларидан фойдалана олиш салоҳиятига алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Навбатдаги масала – жорий йилда ёшлар билан ўтказилган форумлар, сайловолди учрашувларида ёшлар сиёсати бўйича устувор йўналишлар ва жуда катта марраларни белгиладик. «Янги-Ўзбекистон» бунёдкорлари, албатта ёшлар ҳисобланади. Уларнинг бу ишларга интилиши, кўзларидаги ишонч барчамизни янада шижоат билан ишлашга ундайди.

Бу борада, ёшлар бўйича маҳаллагача тушадиган вертикал тизим яратамиз. Ҳар бир ёш эътибордан четда қолмаслиги керак. Ёшларимизни турли хавф-хатарли йўллардан жиловлашимиз шарт. Ёшларни ёмон деймиз, лекин улар яхши бўлиши учун нима қиляпмиз. Қаерда ёзувчилар, шоирлар, ҳарбийлар ва умуман ибрат бўладиган инсонлар билан учрашувлар қиляпмиз? Энди мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, ҳар бир маҳаллада вилоят ҳокимининг ёрдамчиси – ёшлар етакчиси лавозими жорий этилади», деган президент.

Ёшлар сиёсати энг муҳим масалалардан бири эканлигини инобатга олиб, ушбу ёшлар президент вакили бўлади. Уларнинг асосий вазифалари:

  • «ёшлар дафтари» ва ёшлар дастурларини шакллантириш ва уларнинг ижросини таъминлаш;
  • маҳалладаги ҳар бир ёшлар билан манзилли ишлаб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш;
  • ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, айниқса «Бешта муҳим ташаббус» ижросини ташкил этиш;
  • ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш;
  • ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда ёшларнинг касбий кўникмаларини шакллантириш ва бандлигини таъминлашдан иборат бўлади.

«Ҳар бир вилоят ҳокими 15-20 декабрь кунлари президентга инвестиция, саноат, тадбиркорлик, ер ажратиш масалалари билан бирга, ёшларни ишга жойлаштириш бўйича ҳам алоҳида ҳисобот беради.

Ҳар битта ҳокимнинг ёшларнинг ҳафта давомида маданият, китоб ўқиш, спорт билан шуғулланиш, касб-ҳунарни ўрганиш бўйича кунлик режалари бўлиши шарт.

Бирорта стадион, бирорта маданият саройи бўш турмасин. Қишин-ёзин тадбирлар, мусобақалар уюштирилсин. Ёшлар масалалари билан энди шахсан ўзим шуғулланаман», деди президент. 

Мавзуга оид