Агросаноат мажмуини рақамлаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланди
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси агросаноат мажмуи ва қишлоқ хўжалигида рақамлаштириш тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Norma’нинг ёзишича, аграр соҳани рақамлаштиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва экинлар ҳолатини назорат қилишнинг идоравий ва идоралараро ахборот тизимларини жорий этиш;
- агросаноат мажмуидаги ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган хизматларни, шу жумладан давлат хизматларини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш;
- қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий АКТни жорий этиш учун ДХШ шартлари асосида мақсадли лойиҳаларни амалга ошириш;
- сув омборлари ва суғориш тизимларида сув ресурсларидан фойдаланишни онлайн режимда назорат қилиш технологияларини жорий этиш;
- сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли ҳисобини юритиш ҳамда маълумотлар базасини шакллантириш;
- бизнес-стартап лойиҳаларни амалга ошириш ва инновацион лойиҳалар натижаларини тижоратлаштириш учун корхоналарга кўмаклашиш.
Қарор билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида «Агросаноатни рақамлаштириш маркази» давлат муассасаси ташкил этилади. Марказ агросаноат мажмуида «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ахборот тизими юритилиши учун масъул ҳисобланади.
«Рақамли қишлоқ хўжалиги» ахборот тизими қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар, таъминотчилар ҳамда қайта ишлаш ташкилотлари ўртасида ўзаро иқтисодий ҳамкорликни амалга ошириш имкониятини берувчи платформа бўлиб хизмат қилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишган ҳолда, интеграциялашган ягона ахборот тизимига агросаноат ва озиқ-овқат соҳасига оид маълумотларни тақдим этиш қоидаларини белгилаш ваколати берилди.
2021 йил 1 майга қадар йирик гидроузел ва ирригация тизимини рақамли технологиялар асосида автоматлаштириш бўйича тажриба лойиҳаси амалга оширилади.
Тошкент давлат Аграр университети ҳамда Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида талабаларнинг аграр соҳадаги бизнес-стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича инновацион ташкилотлар ташкил этилади.
Мавзуга оид
21:32 / 27.11.2024
Товарни божхона муҳри остида ташишга рухсат бериш гувоҳномасини олиш рақамлаштирилади
18:22 / 24.10.2024
«Ўзагроинспекция» ҳукумат бўйсунувига ўтказилди
07:30 / 21.10.2024
Вазирларга рақамлаштириш ва хусусийлаштириш бўйича ўринбосарлар тайинланади
14:30 / 02.10.2024