Жамият | 09:30 / 28.04.2017
36695
3 дақиқада ўқилади

Йўл камералари ишида хато топган шахс жаримага тортилди

АҚШ фуқароси светофорлар ишига ўзгартириш киритиш бўйича таклифи туфайли жаримага тортилди. Швеция ҳарбий-ҳаво кучларида хизмат қилган Мэтс Ярлстром светофор сигналлари ва қоидабузарликларни аниқловчи йўл камералари ўртасидаги боғлиқликда қатор хатолар борлигини аниқлади. Бу ҳақда "Адолат" институти сайти хабар берган.

Орегонда яшовчи Ярлстром ўз тадқиқотини бир неча йил муқаддам – рафиқаси светофорнинг тақиқловчи сигналига қарамай чорраҳадан ўтиб кетгани сабаб жаримага тортилганидан сўнг олиб боришни бошлаган. У сариқ ва қизил сигналларнинг ёқилиш алгоритмини ўрганишни бошлади ҳамда светофорларнинг ишлаш схемаси 1950-йиллар охирида ишлаб чиқилгани ва ҳозирга қадар ундан фойдаланиб келинаётганини аниқлади.

Ярлстромнинг фикрича, алгоритмлар қоидабузарликларни аниқловчи йўл камералари пайдо бўлганидан сўнг ўзгариши керак эди, сабаби баъзи инсонлар асоссиз равишда жаримага тортилмоқда. Тизим чорраҳадан қизил чироқда ўтиб кетадиган машиналар (яъни, йўлдан тўғрига қараб ҳаракатланувчи транспорт)ни аниқлашга қаратилган. Бироқ у автомобиль ўнгга бурилиши каби ҳолатларни ҳисобга олмайди. 

Ҳайдовчи чорраҳага яқинлашган пайтда огоҳлантирувчи сариқ чироқни кўрганида, секинлашиши ва стоп-чизиқда тўхташи керак. Бироқ, Ярлстромнинг фикрига кўра, агарда инсон бу пайтда бурилаётган бўлса, у қизил чироқ ва камера ёқилган пайтда чорраҳада бўлиши мумкин ҳамда улар унинг тақиқловчи сигналга ўтиб кетганини рўйхатга олади.

Тадқиқотчининг фикрича, светофорнинг сариқ чироғи, йўлни рухсат берувчи сигналда ўтган ва қизил чироқ ёқилгунига қадар бурилишга улгура олмаганлар учун жарима солиниши эҳтимолини йўққа чиқариш мақсадида кўпроқ ёниб туриши керак.

Ярлстром светофорлар ишига оид ўз алгоритмини ишлаб чиқди ва штат ҳукуматига таклиф киритди. Бундан ташқари, у Орегон штати муҳандислик ва ер бошқаруви экспертлар Кенгашига ҳам мурожаат қилди. Кенгаш Ярлстромнинг таклифини кўриб чиқди ҳамда уни 500 долларга жаримага тортди – тадқиқотчи “лицензия олинмаган муҳандислик амалиётида” айбланди.

Эндиликда Ярлстром Орегон штати ҳукумати билан судлашиши мумкин.

Мавзуга оид