Ўзбекистон | 11:25 / 13.09.2021
12717
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев шу ҳафта Тожикистонга боради

Янги форматдаги “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти — Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти” учрашуви бўлиб ўтади. Унда томонлар Афғонистондаги вазиятни муҳокама қиладилар. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов ОАВ учун анъанавий брифингда маълум қилди. 

“16-17 сентябрь кунлари президентимиз Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади. Ўтган йил ШҲТ саммити пандемия сабабли онлайн форматда ўтказилган эди, бу сафар давлат раҳбарлари бевосита учрашадилар.

Эътиборлиси, ШҲТнинг ушбу саммити ташкилот тузилганининг 20 йиллиги нишонланаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Саммитнинг биринчи куни, 16 сентябрда давлатимиз раҳбари ташкилотга раислик қилаётган Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Россия президенти Владимир Путин ва Покистон бош вазири Имрон Хон билан, 17 сентябрь куни эса Эрон президенти Иброҳим Раисий билан икки томонлама учрашувлар ўтказадилар.
 
17 сентябрь куни эса давлат раҳбарларининг йиғилиши ўтказилади. Йиғилиш якунида ШҲТга раислик Тожикистондан Ўзбекистонга ўтади. Кўплаб хорижий экспертларнинг фикрича, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан кейинги беш йилда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳисобга олинса, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги хавфсизлик ва юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш нуқтайи назаридан алоҳида аҳамиятга эга бўлади. 

Мамлакатимиз раислиги жуда самарали бўлади, ташкилот фаолиятини янада жонлантиради, деб қатъий ишонч билдирилмоқда.

Ўша куни янги форматдаги “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти — Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти” учрашуви бўлиб ўтади. Унда томонлар Афғонистондаги вазиятни муҳокама қиладилар. Шунингдек, ҳафта давомида Президентимиз ҳузурида ижтимоий-иқтисодий соҳаларга оид тақдимотлар ўтказилиши режалаштирилган”, – деди Шерзод Асадов ўз нутқида.

Мавзуга оид