Жаҳон | 12:19 / 15.06.2022
18171
8 дақиқада ўқилади

Украинадаги уруш: томонларнинг баёнотлари, дунё муносабати, ёрдам ва санкциялар

Россия армиясининг Украинага бостириб кириши билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларга оид кечаги кун расмий хабарлари ва янгиликларнинг қисқача шарҳи билан танишинг.

Украина томонининг баёнотлари

Украина президенти Володимир Зеленский ўзининг одатий тунги мурожаатида Украинага кўпроқ оғир қурол-яроғлар кераклигига урғу берган.

Украина президенти Володимир Зеленский. Фото: president.gov.ua

«Биз ҳамкорларимизга қайта-қайта Украинага ракеталарга қарши замонавий қурол-яроғлар кераклигини такрорламоқдамиз. Бизнинг давлатимизда бундай қуроллар етарлича эмас, лекин Европада айнан давлатимиз бундай қурол-яроғларга жуда муҳтож.

Уларни етказиб беришни пайсалга солишни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Мен ҳамкорларимиз билан сўзлашганимда доим буни таъкидлайман. Биз ракетага қарши тизимлар бўйича илк сўровларимизни кенг миқёсли босқингача берганмиз.

Бу ҳафтада ҳам замонавий аксилракета тизимлари етказиб бера олиш имкониятига эга бўлган сиёсатчилар билан бу борада жуда кўп турли музокаралар бўлиб ўтади», — деган Зеленский.

Украина қуролли кучлари бирлашган операцияси ўтган сутка ичида эришилган натижалар ҳақида қуйидагича маълумот бермоқда (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):

  • Шахсий таркиб 250 нафар, 6 та танк, 25 та зирҳли жанговар машиналар, 1 та артиллерия тизими, 1 та бирваракайига ўт очиш реактив тизими, 12 та транспорт воситаси, 1 та махсус техника, 4 та қанотли ракета йўқ қилинган.
  • Ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари Донбасс осмонида 3 та «Орлан-10» типидаги пилотсиз учар қурилмани уриб туширган.

 

Россия томонининг баёнотлари

Россия Мудофаа вазирлигининг махсус вакили Игор Конашенковнинг брифингида эълон қилинган маълумотлар (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):

РФ Мудофаа вазирлигининг махсус вакили Игор Конашенков. Фото: РФ МВ
  • Юқори аниқликдаги ракеталар билан тирик куч ва техникаларнинг 11 та нуқтаси, 8 та артиллерия ўт очиш нуқтаси, 3 та бирваракайига ўт очиш реактив тизими йўқ қилинган.
  • Тезкор-тактик авиация томонидан Украина ҚК тирик куч ва техникаларнинг 101 та нуқтаси, 3 та бошқарув пункти, 350 дан ортиқ аскари, 13 та танк, 6 та «Град» бирваракайига ўт очиш реактив тизими, 14 та дала артиллерияси ускуналари, 22 та махсус автомобил йўқ қилинган.
  • Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Украинанинг МиГ-29 самолёти, Ми-24 вертолёти, 9 та пилотсиз учар қурилмаси, 1 та баллистик ракетаси, «Смерч» бирваракайига ўт очиш реактив тизимининг 14 та снаряди уриб туширилган.
  • Ракета қўшинлари ва артиллерия томонидан Украина ҚКнинг 18 та бошқарув пункти, тирик кучлар ва ҳарбий техникаси жамланган 280 та нуқтаси, артиллерия бўлинмаларининг 59 та ўт очиш позицияларига зарба берилган. Зарбалар натижасида ёнилғи омбори йўқ қилинган.
  • Махсус операция бошланганидан буён Украина ҳарбий техникалари йўқотишлари: 202 та самолёт, 131 та вертолёт, 1205 та пилотсиз учар қурилма, 338 та зенит ракета мажмуалари, 3548 та танк ва бошқа жанговар зирҳли машиналар, 521 та бирваракайига ўт очиш реактив тизими қурилмалари, 1947 та дала артиллерияси ва миномёт қуроллари, шунингдек, 3605 бирликда махсус ҳарбий автомобил техникаси.

 

 

Украинага кўмак

Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр Украина шу вақтгача сўраган ҳарбий ёрдамнинг 10 фоизинигина олганини айтди.

«Қанчалик саъй-ҳаракат қилмайлик, армиямиз нечоғлик профессионал бўлмасин, биз ўзимизнинг ғарблик ҳамкорларимизсиз бу урушда ғалаба қозона олмаймиз», — деган у.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украинага кўпроқ оғир қурол-яроғлар етказиб берилиши кераклигини таъкидлаган.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг. Фото: greekcitytimes.com

 «НАТО бўйича иттифоқчилар ва ҳамкорлар шундай қурол-яроғларни етказишди ва бу саъй-ҳаракатни кучайтиришмоқда. 15 июн куни НАТО доимий қароргоҳида «Рамштайн» базасидаги Украинани қўллаб-қувватлаш контакт гуруҳининг учрашуви бўлиб ўтади. Унда Украинага турли қурол-яроғлар ва ҳарбий ускуналар, жумладан оғир қурол-яроғлар етказиб бериш юзасидан НАТО бўйича иттифоқчилар ва ҳамкорларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш келишилади», – деган Столтенберг.

АҚШ Украина қуролли кучларига бирваракайига ўт очиш реактив тизимлари билан зарба бериш учун разведка маълумотларини узатиб туради. Шунингдек, АҚШ Украинага аввал эълон қилинганидан кўпроқ бирваракайига ўт очиш реактив тизимлари етказиб беради, деган АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Колин Кол.

 

Санкциялар, оқибатлар ва уларга қарши чоралар

Сербия шу йилнинг ноябр ойидан бошлаб Евроиттифоқ санкциялари туфайли Россия нефтини импорт қила олмайди, — деган Сербия президенти Александр Вучич.

Сербия президенти Александар Вучич. Фото: kp.ru

АҚШ ҳукумати G7 давлатларининг бошқа давлатлари ҳукуматлари билан Россияга қарши янги чеклов чораларини ишлаб чиқмоқда, — деган АҚШ давлат котибининг Европа ва Евросиё масалалари бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Дерек Ҳоган.

ГФР канцлери Олаф Шолц Россияга қарши санкциялар самарадорлигини ошириш бўйича саъй-ҳаракатлар доирасида Германия санкциялар остига тушувчи ёки келиб чиқиши номаълум бўлган активларнинг миллий реестрини тузишини эълон қилди, деб хабар берган Reuters.

Қоратоғ (Черногория) Россия фуқароларининг 44 та кўчмас мулк объектларини музлатиб қўйди.

Россияга қарши санкциялар муаллифлари уларни айланиб ўтиш йўлларини ўйлаб топишмоқда, деган Россия хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев. Унга кўра, Ғарб давлатлари иқтисодиётлари куз фаслида «асосий санкцион ҳосилни йиғиб олишади».

 

Халқаро ҳамжамиятнинг муносабати

Пентагон раҳбари Ллойд Остин Россияни «империявий иштаҳаси» учун танқид остига олган.

«Россиянинг бостириб кириши — йирик барқудрат давлатлар ўзларининг империявий иштаҳаси тинч қўшниларнинг ҳуқуқларидан муҳимроқ деб ҳисобласа, нималар рўй беришини яққол кўрсатди. Бу бирортамиз яшашни истамайдиган хаос ва тартибсизликдан иборат эҳтимолли келажакка бир назар. Россия босқини — барчамизни ҳимоя қилувчи қонун-қоидалар золим томонидан бузилишининг ўзгинаси», — деб ёзган Остин Twitter’да.

Ҳолливуд актёри ва Калифорниянинг собиқ губернатори Арнольд Шварценеггер Австрияда ўтаётган иқлим конференциясида видеоалоқа орқали чиқиш қилиб, Европани Россияни уруш олиб боришда ҳомийлик қилаётганликда айблади. Актёр ўзларини алдашни бас қилиб, Россиядан ёнилғи харид қилишни тўхтатишга чорлади.

Арнолд Шварценеггер. Фото: nur.kz

«Урушнинг дастлабки 2 ойи давомида Россия томонидан Украина шаҳарларига учирилган 1300 ракетанинг нархи 7,7 млрд евро бўлган. Шу муддат ичида Европа Россияга ёнилғи учун 44 млрд евро ўтказиб берган.

Албатта руслар кўплаб аскарлари, ҳарбий техникаси, танклари, самолётларидан айрилаётганидан хурсанд эмас. Лекин улар «Нима бўлганда ҳам бу уруш учун биз пул тўламаймиз. Европаликлар бизга пул жўнатишмоқда. Улар уруш учун тўлашяпти», дейишмоқда», — деган Шварценеггер.

НАТО Россияни тўхтатиш учун Украинадаги урушга аралашиши керак, деган АҚШ ва НАТО иттифоқчи кучларининг собиқ бош қўмондони Уэсли Кларк.

«Бош котиб Йенс Столтенбергнинг тўғридан тўғри ҳужум бўлмаса НАТО ҳеч нарса қила олмайди, деган ва кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланаётган ғояси 90-йиллардаёқ вужудга келган. Лекин биз бўлиб ўтган воқеалардан сабоқ чиқаришимиз керак. НАТО аралашиши шарт. Келинглар, буни расман эълон қиламиз ва россияликларга ўт очишни тўхтатишни буюрамиз. Урушни НАТОнинг аралашувисиз тўхтатиш имконсиз», — деган Кларк.

Мавзуга оид