Таътил тугаш арафасида. Мактабга тайёргарлик қанчага тушади?
Янги ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолди. Ота-оналар олдида фарзандлари учун ўқув қуроллари ва кийим-бош хариди масаласи турибди.
Биз ўқув қуроллари сотиб олишда нималарга эътибор бериш лозимлиги борасида Андижон шаҳар 55-умумтаълим мактаби психологи Хонзодабегим Алиевага мурожаат қилдик.
Алиеванинг қайд этишича. Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил июндаги 146-сонли қарори билан таълим муассасалари учун хавфсиз полиграфия ва ўқув қуроллари ишлаб чиқариш ҳақидаги умумий техник регламент тасдиқланган. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ва сотилаётган маҳсулотлар мазкур регламент асосида реализация қилинади.
“Ўқув қуроллари сотиб олаётганда ота-она фарзандининг ёши, синфи, характер хусусиятлари ва албатта, анжомларнинг сифатига эътибор қаратиши лозим”, – дейди мактаб психологи.
Мутахассиснинг айтишича, мактаб сумкасининг ҳажми ўқувчининг тана ўлчамларига мос ва унинг учун тақишга қулай бўлиши, шу билан бирга, сумкага етарли миқдорда ўқув қуроллари ва дарсликлар сиғиши керак.
Уст қисми турли чалғитувчи суратлардан холи бўлган сумкаларни сотиб олиш мақсадга мувофиқ.
Дафтарларни сотиб олишда қайси жиҳатларга эътибор бериш керак?
Бошланғич синфларда 9-10 та ўқув фанлари борлигини ҳисобга олиб, ўқув йили бошланишига 20 тага яқин дафтар сотиб олиш мақсадга мувофиқ.
Дафтарларни сотиб олаётганда уларнинг муқовасида диққатни жалб қилувчи турли суратлар туширилган дафтарларни сотиб олмасликка ҳаракат қилинг. Дафтар варақларининг қалинлиги ва мавжуд чизиқларнинг аниқлигига, умуман маҳсулот сифатига ҳам эътибор қаратиш керак.
5-синфдан юқори синфларда 13 тадан 15 тагача ўқув фанлари киришини ҳисобга олган ҳолда ана шу фанлардан амалий машғулотларни ёзиб олиш учун умумий дафтарлар, оралиқ ва чорак ишлари, лаборатория ишлари учун 12 варақли дафтарлар олинади.
Мактаб ўқувчилари учун шарикли ручкалар танланади. Уларнинг ҳуснихатлари чиройли бўлиши учун ручка ушлашга қулай ва юмшоқ ёзадиган бўлиши мақсадга мувофиқ. Баъзи ота-оналар ўз болаларига чиройли безатилган, йўғон ва қиммат ручкалар сотиб олишга ҳаракат қилишади. Бироқ бундай ручкаларда ёзиш ноқулай.
Болаларга рангли қалам, рангли қоғоз ва пластилин каби қўшимча ўқув қуроллари сотиб олаётганда ҳам эътиборни уларнинг чиройли ёки қиммат эканига эмас, табиий хомашёдан тайёрлангани ва сифатига қаратиш лозим.
“Психолог сифатида шуни айтишим мумкинки, ота-оналар ўқув қуроллари танлаётганда рангларга ҳам эътибор берсалар яхши бўлар эди. Оғир-вазмин характерли болалар учун яшил, сариқ ва оқ каби очиқ рангдаги, қувноқ ва тез ҳаракатланадиган фарзандлар учун эса кулранг ва мовий рангдаги ўқув қуролларини сотиб олишни тавсия қиламиз”, –дейди Хонзодабегим Алиева.
Биз ўқув қуроллари билан савдо қиладиган дўконларда бўлиб, ота-оналарнинг бир нафар фарзандига ўқув қуроллари сотиб олишга қанча миқдорда маблағ сарфлаётгани билан қизиқдик.
“3-синфда ўқийдиган қизимга ўқув қуроллари сотиб олиш учун 260 минг сўм, 4-синф ўқувчиси бўлган ўғлимга эса 280 минг сўм сарфладик. Бошқа ота-оналар бир нафар ўқувчи учун тахминан 310 минг сўм атрофида пул сарфланишини айтишмоқда”, – дейди харидор Гўзалхон Насриддинова.
Андижон шаҳрида биз кузатган дўконларда мактаб формасининг нархи синфларига қараб 160 минг сўмдан 210 минг сўмгача сотилаётганига гувоҳ бўлдик.
Якунда шуни айтишимиз мумкинки, бир нафар фарзандга янги ўқув йили учун мактаб формаси ва ўқув қуроллари сотиб олиш учун ўртача 450 минг сўмдан 550 минг сўмгача маблағ талаб этилади.
Мазкур маслаҳатлар тавсиявий характерга эга бўлиб, унда Андижон шаҳри дўконларидаги ўртача нархлар ҳисобга олинди.
Элмурод Эрматов тайёрлади.
Тасвирчи – Азизбек Исмоилов.
Мавзуга оид
09:42 / 26.05.2024
Мактаб битирувчилари сони бўйича Самарқанд вилояти юқори ўринни эгаллади
09:13 / 25.05.2024
Дарслик йўқолса, ўқувчи жарима тўлайди – мактабларда дарсликлар қандай ижарага берилади?
23:16 / 13.05.2024
Умумтаълим мактабларида «Сўнгги қўнғироқ» тадбири чекланган ҳолда ўтказилади
15:47 / 13.11.2023