Жамият | 12:56 / 01.07.2017
25002
11 дақиқада ўқилади

Нега ўсмирлар бир-бирларига нисбатан шафқатсизлик қиладилар?

Болангиз тенгдошлари томонидан руҳий босимга учраётган бўлса, гиж-гижлаш, жисмоний зўравонликка дуч келса, қандай йўл тутган маъқул? Нега ўсмирлар бир-бирларига нисбатан шафқатсизлик қиладилар, оилада, ўқув муассасаларида, ёшлар марказларида, борингки давлат миқёсида бунга қарши қандай курашиш мумкин? Kommersant.uz масалага ойдинлик киритишга уриниб кўрди.

Май ойида Тошкент шаҳрида бир ўсмирнинг тан жароҳатларидан вафот топгани воқеаси жамиятда чуқур муаммолар мавжудлигини намоён этди. Жумладан, ўсмирлар ўртасидаги жисмоний тажовузкорлик ҳамда мактаблар, коллеж ва лицейлардаги тенгдошлараро зиддиятлар анчайин хавфли ва назоратга олиниши зарур бўлган ҳодиса эканлигини ота-оналар ҳам англаб етдилар.

Ўсмирлар тажовузкорлиги сабаби нимада?

Республика Олимпия захиралари коллежи психолог-педагоги Сайёра Ўринбоева:

“Тажовузкорлик – бу ёшларнинг ўзини ҳимоя қилишидир. Бу йўл билан улар ўсмирлик чоғида шаклланувчи ўз “мен”ини ҳимоя қилади. Шунингдек, тенгдошлар ўртасида етакчилик учун кураш юзага келади. Салбий руҳиятга эга ўқувчи жамоада энг “зўр” бўлишга интилади. Синф раҳбари гуруҳ ёки синфдаги муҳитни зийраклик билан пайқаши ва етакчиликка интилишни тўғри ўзанга йўллаши лозим. Бундан ташқари, ота-оналар томонидан тушуниш ва қўллаб-қувватлаш ҳам ўта муҳим. Агар бу етарли даражада бўлмаса, болалар ёмон хулқ-атвор билан ўзларига эътибор жалб қила бошлайдилар”.

260- ўрта мактаб психологи Людмила Майорова:

“Кўпчиликлашиб дўппослашгача борадиган шафқатсизлик ҳолатларининг сабаби тушунарли, аниқ ва одатий. Жасур Ибрагимов иши ҳақидаги ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларни ўргансак, кўрамизки, бир қанча талабалар интизом қоидаларини бир неча марта бузганлар ва жисмоний куч ишлатганлар. Бу ерда ота-оналарнинг муносабати жуда муҳим. Ўзининг алоқаларидан фойдаланиб, боланинг олдини олиш, уни қилмишига яраша муносиб жазодан сақлаб қолиш мумкин эмас. Бу оила, жумладан бола учун катта кулфат келтиради. У болалигиданоқ ўзини жазосиз қолишини билиб катта бўлади, хулқ-атвор қоидаларини қабул қилмайди, дўстларига, ўқитувчиларга ҳурмат нималигини тушунмайди. Ота-онаси унинг барча муаммоларини ҳал қилиб беришини билади. Ҳар нарса мумкинлиги болани ва унинг руҳиятини барбод қилади.

Мактабда мен ота-оналар ўз мавқеларини суиистемол қилишлари ҳолатини мунтазам кузатаман. Болани қабул қоидаларини айланиб ўтиб мактабга жойлаш, келгусида эса, танишлар ва пул эвазига институтга киритиш бунга мисол бўлади. Булар бари болаларнинг зарарига ишлайди. Улар кўпинча очиғини айтишади: “Мени жойлаб қўйишади” ёки: “Мен ҳақимда аллақачон келишиб қўйишган”. Демак, бола ўз кучига таянмайди.  Тажовузкорликда ҳам худди шундай. Улар ота-оналари ҳар қандай қилмишларини “ёпди-ёпди” қилиб юборишини биладилар. Албатта, бу оиладаги иллат, бу ўсмирнинг айби эмас. Бунинг илдизи чуқур эканлигини тушунайлик – авваламбор ота-она ўзгариши керак.

Мактаб болага кучли таъсир кўрсатади, бироқ ота-оналар, шундай экан, деб масъулиятни зиммаларидан соқит қилмасинлар. Бош жавобгар – барибир, ота-она. Бола уйида нимани кўрса, бошқа жабҳаларга ҳам шуни татбиқ этади. Биринчи навбатда ота-оналар оиладаги ўз хатти-ҳаракатларига эътибор қаратсинлар. Тажрибамда шундай воқеа бўлган: бола пул ўғрилар, атрофдагиларни алдарди. Ота-онаси билан суҳбатда ҳақиқий манзара аниқлашди: ота онани кўп урар, бола мунтазам бунинг шоҳиди бўларкан. Она бир неча бор оиладан чиқиб кетишга мажбур бўлган, бу эса боланинг руҳиятига таъсир кўрсатган. Бу тажовузкорликка ўтиши мумкин эди, лекин бошқа хулқ-атвор бузилиши кўринишида намоён бўлди”.

Бола гиж-гижлаш қурбони бўлганлигини қандай сезиш мумкин?

Педагоглар сўзларига кўра, хатти-ҳаракатдан бу дарров билинади: бола асабий, камгап, хомуш бўлиб қолади, ўз қобиғига ўралиб олади. Агар бола ўқишга боришдан ҳадеб бўйин товлайверса ёки дарслардан қочса, ўқув муассасасидаги муҳит уни руҳан эзаётган бўлиши эҳтимоли катта. Бу вазиятдаги охирги чора – фарзандни бошқа ўқув муассасасига ўтказиш.

260- ўрта мактаб психологи Людмила Майорова:

“Агар бола тажовуздан азият чекаётган бўлса, аввало синф раҳбари билан ишлаш керак. Кейин психолог вазиятни ўрганади ва ёрдам кўрсатади. Гиж-гижлаш ҳолатларини юзага келган заҳоти, ҳар қандай йўл билан: юмшоқлик биланми, қаттиққўллик биланми, керак бўлса, таҳдид билан ҳам йўқ қилиш керак. Агар болалар чегарадан чиқсалар ва шафқатсизлик бошланса, суҳбатлашиш учун участка нозирини чақириш, маъмурият тавсияларига қулоқ тутмасалар, оқибати нима бўлишини тушунтириш лозим”.

Бола тенгдошларининг жисмоний тажовузига учраса, нима қилиш керак?

Азамат Ҳотамов, Ўзбекистон ҳакамлик судлари ассоциацияси судьяси:

“Ҳуқуқий нуқтаи назардан шундай йўл тутиш мумкин:

1.  Ички ишлар идораларига ёки прокуратурага хабар бериш/ариза ёзиш.
2.  Раҳбарият тегишли чоралар кўриши учун ўқув муассасаси (мактаб/коллеж/лицей) директорига хабар бериш. Маъмурият ўз муассасаси доирасида ишни ҳал қилиш ҳуқуқига эга.
3.  Маҳалла қўмитаси воқеани терговдан кейин муҳокама қилади, у вазиятни суриштириш ваколатига/ҳуқуқига эга эмас.

Ўзбошимчалик билан бирор чоралар кўрманг, бу сизнинг зарарингизга ишлаши мумкин. Фақат юқорида келтирилган инстанциялар ва мансабдор шахсларгина фарзандингизга жисмоний зарар етказган боланинг ота-онаси билан муҳокама қилиш ҳуқуқига эгалар. Жабрланувчининг ота-онаси бировга нисбатан ҳукм чиқариши ва жазолаши асло мумкин эмас.

Материал ўрганиб чиқилгач, вояга етмаганлар билан ишлаш махсус комиссиясига тақдим этилиши мумкин. Бундай комиссиялар ҳокимиятлар қошида фаолият юритади. Улар ота-оналарга нисбатан тегишли чоралар кўради. Агар боланинг хулқ-атворига оиладаги номақбул муҳит таъсир кўрсатаётгани исботланса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишгача бориши мумкин. Жавобгар ота-онага нисбатан давлат идораларининг якуний қарори тўғрисидаги ёзма жавоб беришларига эришиш керак.

14 ёшдан кичик ўсмир, ҳатто унинг ҳаракатлари инсон ўлимига олиб келган бўлса-да, на жиноий на маъмурий жаовбгарликка тортилади. Унинг ота-онаси жавоб беради. Вояга етмаганларнинг қилмишлари учун ота-она жиноий ёки маъмурий эмас, моддий жавобгарликка тортилади.

Муайян ёшдан болалар маъмурий ва жиноий жавобгарлик субъектларига айланадилар. Баъзи жиноятлар учун болалар 14 ёшдан маъмурий ёки жиноий тартибда жавобгар бўладилар.

Болаларни тенгдошлари томонидан гиж-гижланишидан ҳимоялаш учун жамият кенг кўламда зўравонликларсиз ҳаёт ташвиқотини юритиши керак. Табиий, ҳаммаси тарбиядан бошланади – кичик ёшиданоқ болага масъулият ва ор-номус туйғуларини сингдириб бориш керак”.

Маъмурият ва педагогларнинг ўрни

260- ўрта мактаб психологи Людмила Майорова:

“Синф раҳбарига, у болаларни қанчалик бошини бир қила олишига кўп нарса боғлиқ. Биргаликда саёҳатлар уюштириш, музейларга, тоғларга бориш, танловлар, кўргазмаларда қатнашиш яхши ёрдам беради. Болалар орасидаги тажовузкорлик даражаси пасаяди.

Тажрибамда кузатилган воқеа: жамоада яккаланиб қолган боланинг тоби қочиб қолди. Синф раҳбари синф соатларида ишни шундай йўлга қўйдики, болалар унинг учун тилаклар ёзилган қизиқарли нарсалар ясашди, хатлар ёзишди: “Соғайиб кетгин”, “Қачон қайтасан?”, “Сен билан футбол ўйнамоқчимиз”. Бола тузалиб, синфга қайтганида вазият анча яхшиланиб, синфдошлар ўзаро дўстлашиб олишди. Мана шу – синф раҳбарининг санъати.

Статистикага кўра, кейинги ўн йилликларда вояга етмаганлар ўртасида тажовузкорлик ва жиноятчилик даражаси кескин ўсди. Ўзбекистон бўйича бундай маълумотларга эга эмасмиз, шундай эса-да, маъмурият болалар орасида зўравонлик ҳолатлари юзага келишига беэътибор қолмаслиги лозим. Қатъий муносабат билдирилиши, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини жалб этиш керак. Ҳуқуқбузарликни яшириш ҳам ҳуқуқбузарлик саналади.  Маъмуриятда бундай вазиятда қандай йўл тутишга оид кўрсатмалар бўлади”.

ЎзДЖТУ 2- сон академик лицейи директор ўринбосари Гўзал Йўлдошева:

“Биринчи навбатда ўқув ва тарбия ишлари бўйича ўринбосарлар ҳамкорлиги тизимини йўлга қўйиш керак. Таълимни тарбиядан ажратиб бўлмайди. Фақат мана шу икки асосий омиллар уйғунлигидагина ижобий натижага эришиш мумкин. Бунга қўшимча равишда, ота-оналарни ҳам таълим-тарбия ишига жалб қилиш керак.

Ота-оналар турлича бўлади. Бирлари боланинг ўзлаштириши, хулқ-атворидан хабардор бўладилар, бирорта мажлисни қолдирмайдилар, тарбияга жидду-жаҳд билан киришадилар. Бошқалар асосий вазифаларини моддий таъминот деб биладилар ва бола билан мулоқот учун етарли вақт ажрата олмайдилар. Ахир айнан ўсмирлик даврида болага дўст, суҳбатдош, маслаҳатгўй керак. Уйида қўллаб-қувватлашни кўрмагач, болалар кўчада, интернетда, курсдошлари орасидан ўзига ҳамдард қидира бошлайди ва ташқи таъсирга осон бериладилар, у эса ҳар доим ҳам ижобий бўлавермайди. Кўп ота-оналар болалари лицей ёки коллежда ўқийдими, демак вояга етиб, мустақил ҳаётга қадам қўйган деб ҳисоблайдилар. Аслида, мутлақо бундай эмас”.

Ушбу лицей маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Мақсуда Обидова:

“Болага тўлақонли билим берилса ва интеллектуал машғулотларга муҳаббат уйғотилса, бекорчиликка вақти қолмайди. Ҳозирги ёшлар кам ўқийди, сўз бойлиги ҳаминқадар ва дунёқараши ҳам тор. Аксарияти вақтини гажетлар ўйнашга, ижтимоий тармоқларда ўтиришга сарфлайди. Болаларга китоблар, бадиий адабиёт олиб бериш, ҳаётдаги мақсадларини белгилашга кўмаклашиш керак: қизиқарли маърифий-маънавий, таълим ва ижодий тадбирларга олиб бориш лозим – у ерда бола руҳланади, рағбатланади, шунингдек, фарзандларни муваффақиятли инсонлар билан таништириш, уларнинг ҳаётлари ҳақида сўзлаб бериш керак.

Бундан ташқари, таълим муассасаларида психолог фаолияти тўғри йўлга қўйилган бўлиши лозим. Шунчаки “борми–бор” қабилида эмас, балки психологга ўқувчилар ишонсин, ота-онасига айтгандек, ўз муаммолари ҳақида сўзлай олсин”.

Биз бир масала хусусида турли мутахассислар фикрларини жамлашга ҳаракат қилдик. Мулоҳазалар қанчалик хилма-хил бўлмасин, замирида ётган ғоя умумий – ҳар бир боланинг камол топишида оила, таълим муассаси ва жамият бирдек масъул. Бу уч омилнинг бири оқсаса, бас – шакл топаётган шахсият кемтик бўлиб қолади. Шуни унутмайлик.

Мавзуга оид