Иқтисодиёт | 19:04 / 26.01.2024
15534
8 дақиқада ўқилади

Тадбиркорлар рейтинги қандай ишлайди?

Ўзбекистонда тадбиркорлар рейтинги жорий этилиб, юқори рейтингга эга тадбиркорларни рағбатлантириш бошланмоқда (рейтинги паст фирмаларга нисбатан ҳеч қандай санкция қўлланмайди). Kun.uz мухбири бу рейтинг қандай ишлаши, юқори баллга эга бўлиш учун тадбиркор нима қилиши кераклиги ҳақида Солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Ўктам Ражабов ва солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов билан суҳбатлашди.

Тадбиркорлар рейтинги жорий қилиняпти. Бундан мақсад нима?

– Рейтинг олдин жазоловчи бўлган бўлса, энди рағбатлантирувчи бўляпти. Юқори рейтингга эга бўлган тадбиркорлик субъектлари рағбатлантирилади. Қуйи рейтингдагиларга чора кўриш, текшириш кўзда тутилмаган.

Қарор билан белгиланяптики, агар тадбиркор А рейтинг оладиган бўлса, солиқ идоралари томонидан унга текширишлар ўтказилмайди. ҚҚСдан ҳосил бўлган солиқ суммаси бир кунда қайтариб берилади – амалдаги муддат эса 7 кундан 30 кунгача. ҚҚСдан бошқа солиқ турлари бор, улардан ҳосил бўлган ортиқча солиқларни ҳам бир кунда қайтариб бериш кўзда тутиляпти. Бу ҳам амалда 10 кундан 15 кунгача бўлган муддатни талаб қилади.

Яна бир рағбатлантириш – солиқ ва божхона органларида товарларни импорт қилишда вақтида тўланган солиқларни ҳисобга олиш тизими жорий қилиняпти. Амалда бу фақат йирик солиқ тўловчилар учун амал қилади. Энди рейтинги юқори бўлган тадбиркорлик субъектларига ҳам татбиқ этилади. Рейтингнинг асосий мақсади тадбиркорларни ихтиёрий равишда қонунчиликда белгиланган меъёрлардан келиб чиқиб қўшимча, ҳеч қандай мажбуриятлар юкламаган ҳолда ўзлари бажариши керак бўлган мажбуриятларни вақтида бажаришга ундашдир. Бунда ортиқча ҳеч қандай мажбуриятлар юкланмайди.

– Рейтингда юқори баллга эга бўлиш учун нималар қилиш керак?

– Мезонларимиз 23 та этиб белгиланган ва улар 3 га бўлинган. Биринчиси – ҳамма учун бир хил бўлган мезонлар. Бунда 10 та мезон кўзда тутилган, шунинг ўзида тадбиркор 100 балл оладиган бўлса, бошқа мезонлар унга таъсир қилмайди.

Кейинги мезонлар камайтирувчи мезонлар ҳисобланади. Қонунчилик талаблари бузилган ҳолатлар ёки ҳисоботларга қайта-қайта тузатиш киритиб тақдим этган ҳолатлар, бир ҳудуддан бошқа ҳудудга кўчиш йил давомида кўпайиб кетса, камайтирувчи мезонлар ишлайди. 

Камайтирувчи мезонлар умумий белгиланган мезонларни камайтириб берса, қўшимча рағбатлантирувчи баллар бор. Булар – ижтимоий реестр, аёллар дафтарига кирган фуқароларни ишга олса ва улар умумий ходимларнинг 10 фоизидан кўпроқни ташкил қилса, қўшимча 5-10 балл берилади. Бунда ҳам тадбиркорга ҳеч қандай мажбурият туғилмайди.

Умумий баллар 10 та мезон асосида баҳоланади. Тадбиркор фаолиятини қанча кўп   давом эттирса, бу мезон учун 10 балл берилади. Худди шундай солиқ ҳисоботларини белгиланган муддатда тақдим этса яна 10 балл берилади. Агар кечиктирса, балл ололмай қолиши мумкин. Солиқ тўловларини ҳам белгиланган муддатдан кечиктирмай вақтида тўлаб борса, 10 балли тизимда балл олишлари мумкин. Тўланмаган суммани солиқ органлари мажбурий тартибда ундирадиган бўлса, балл йиғолмайди ва қўшимча балл чегиралади. Шунинг учун вақтида ва ихтиёрий тўлаб борса, шунча юқори балл олишлари мумкин бўлади.

– Рейтингда энг юқори ва энг қуйи баллар ҳақида гапирсангиз?

– Энг юқори балл 100 балли тизимда ишлайди. Тадбиркор А категорияга тушадиган бўлса, ААА рейтингдагилар 96 дан 100 баллга, АА категория 91 дан 96 гача, А категория эса 86 дан 91 гача йиғиши керак.

Энг қуйи ўрин – Д категория бўлиб, бунда 25 баллгача йиғилади.

– Паст балл олган тадбиркорлар жазоланадими?

– Биз барқарорлик рейтинги бўйича ҳеч кимга чора кўрмаймиз. Рейтинг бўлмаган пайтда қандай ишлаган бўлсак, шу тартибда ишлаймиз. Фақат юқори рейтингдагилар рағбатлантирилади. Бошқаларга амалдаги тартиб қандай бўлса, шундай иш тизими амал қилади. Улар ўзи хоҳлаб, шу рейтингга тушиб, имтиёзлар олмоқчи бўлса, меъёрларни вақтида бажариб, юқори балл олса, қўшимча имтиёзлар берилади.

B ёки C рейтингда бўлса, қўшимча текширишлар ёки ортиқча безовта қилишлар бўлмайди. “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” доирасида бориб тушунтириш беришимиз мумкин, шундай қилсангиз, юқори рейтинг олиб рағбатлантириласиз дейишимиз мумкин.

– Бунинг учун қандайдир автоматик дастур ишлаб чиқиладими?

– 23 та мезон бўйича Солиқ қўмитасида платформа ишлаб чиқилган. Бунда инсон омили иштирок этмайди. Дастлабки ҳолатимиз бўйича дастурчилар дастурни ёзиб беради. Солиқ ҳисоботлари, тўланган солиқ суммалари рўйхатдан ўтган санаси, бошқа органлардан олинган маълумотлар асосида тадбиркорнинг рейтинги шаклланади. Бу маълумотлар ҳар куни тадбиркорнинг шахсий кабинети ва ССПнинг расмий веб сайтига жойлаштириб борилади.

Лекин бу тадбиркорлик субъектнинг балли паст экан, бу билан ишламаслигим керак экан, деган нарса эмас. Рейтинг солиқ қонунчилиги бўйича шакллантирилган баллар тизимидир. Тадбиркорнинг қандайдир камчиликлари бўлиб, паст балл олса, дастур нима сабабдан бундай балл олгани ва камчиликлар қандай бартараф этилишини кўрсатиб туради. Ўша нарсани бажариб берса, юқори рейтингга чиқиши мумкин.

Рейтинг амалиётда қачондан ишлай бошлайди?

– Қарорда кўрсатилишича 1 февралдан. Ҳозир алоҳида низом ишлаб чиқиляпти. Вазирлар Маҳкамаси низомига асосан дастурга қўшимча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган ҳолда амалиётга жорий қилинади. Ҳозирги кунда 23 мезон бўйича дастлабки вариант ишлаб турибди.

“Юқори рейтингда бўлса ҳам, тадбиркорни текширишга олиб олиб борадиган ҳолатлар бор” – Мурод Муҳаммаджонов, солиқ маслаҳатчиси 

– Президент тадбиркорлар рейтинги ишлаб чиқилишини маълум қилганидан бери бу масала жамоатчилик кенгашида бир неча марта муҳокама қилинди. Бу рейтингни амалиётга жорий қилиш учун бир қатор таклифларни билдирдик. Айтиш керакки, қайсидир электронлаштириш дастурлари биттада идеал вариантда чиқмайди. Бу рейтинг тадбиркорлар учун татбиқ қилинишида уни қанчалик ўзгартириш имкони бўлади ва у қонунчиликда қандай кўзда тутилади деган масалани кўриб чиқдик. Бу рейтинг олдинги Tax Gap’га ўхшаб кимнидир жазолаш учун йўлга қўйилмаяпти. Аксинча, тадбиркорнинг ишончлилик даражасини белгилайдиган рейтинг.

C ёки B даражага тушиб қолган тадбиркорлар ёмон тадбиркор дегани эмас. Улар энди фаолиятини бошлаган бўлиши мумкин. 100 фоиз тоза ишлаб, хуфиёна аломатлари бўлмаса ҳам, янги тадбиркор барибир пастдан иш бошлайди ва у жиноятчи, унга текшириш эълон қилиб жазолаш керак дегани эмас.

Лекин ишлаш жараёнида тадбиркорлар рейтингини ААА даражасигача олиб чиқса, уларга нисбатан ҳеч қандай текшириш эълон қилмаслик тўғрисида ҳам таклифлар берилган.

 Аммо бу жараёнда муаммолар чиқади, тадбиркор ААА категорияга тушса ҳам, амалиётдаги камчиликлар туфайли барибир текширувга тушиб қоладиган ҳолатлар бор. Қайси ҳолатлар? Дейлик, тадбиркорларнинг товарлар номувофиқлиги бўйича ҚҚС гувоҳномасини тўхтатиб туриш, яъни ҚҚСни ўчириб қўйиш амалиёти бор. Товарлар номувофиқлиги баллни пасайтирувчи мезонлар қаторига киритилган. Амалиётда гувоҳномани ўчириб қўйиб, кейин тадбиркорни хабардор қилишяпти. Номувофиқликни бартараф этиш учун барибир текширув эълон қилишяпти. Учта А категорияга тушган тадбиркор ҳам барибир текширилиши юзага келади. Шундай таклиф киритдикки, товарлар номувофиқлиги бўлса, аввал хабардор қилинглар, агар исботлаб бера олмаса, кейин ўчирилиши керак. Шу орқали ҳақиқатан ҳам ААА категорияга кирганларга текширув бўлмаслигини таъминлашимиз мумкин. Бундан ташқари, умуман тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тўхтаб қолмаслиги учун ҳам бу таклиф берилди.

Рейтинг амалиётда қўлланиши тадбиркорларнинг тўғри ишлаши, ривожланишига стимул беради деб ўйлаймиз. Тадбиркор нафақат солиқ масаласида, балки ўзаро муносабатларда, бир бирини алдамасдан ишлаши тадбиркорнинг ишончлилик даражаси юқори бўлишига олиб келади.

Олдинги Tax Gap дастуридан фарқли равишда, бу очиқ рейтинг бўлиб, тадбиркор ўзи ва контрагенти рейтингда қанча балл тўплагани ва нима учун шу баллни олганини кўра олади. 

Мадина Очилова суҳбатлашди.
Оператор – Абдуқодир Тўлқинов,
Монтажчи – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид