Жаҳон | 00:38 / 10.04.2019
55434
3 дақиқада ўқилади

Саддам Ҳусайннинг набираси оиласи Ироқдан қандай қочгани ҳақида сўзлаб берди

Саддам Ҳусайн/Фото: REUTERS

Ироқнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайннинг қиз набираси Ҳарир Ҳусайн Комилнинг оиласи 2003 йилги воқеалар вақтида Ироқдан қандай қочишга муваффақ бўлгани ҳақида сўзлаб берди. Унинг айтишича, уларда аввалдан режа бўлмаган, ҳаммаси тайёргарликсиз кечган.

Ҳарир Ҳусайн бу ҳақда RT телеканалидаги “Одним словом” (“Бир сўз билан”) кўрсатувида сўзлаб берди. 

Саддам Ҳусайннинг набираси Ҳарир Ҳусайн Комил
Фото: RT 

Ҳарирнинг айтишича, унинг оиласи улар каби вазиятга тушган ироқликлар  ва хорижий дўстларга суянишган. Унинг таъкидлашича, улар мамлакат бўйлаб турли усуллар билан ҳаракатланишган ва дақиқалар улар учун абадиятдек туюлган. 

Ҳусайн набирасининг тушунтиришича, улар аввал якка ҳолда ҳаракатланишган, вазият мураккааблашгач эса бирлашишган. Аёлнинг эслашича, ўшанда унинг оиласи аёллари илк бор мустақил қарор қабул қилишга журъат қила олишган. Ҳарирнинг оиласи Ал-Ауждаги қариндошлариникида бўлганда, унинг онаси бўлинишга қарор қилган.

“Онам воқеалар бири иккинчиси ортидан келган ва вазият ёмонлашган ўша кунда бўлинишимиз зарур деб ҳисоблаган, акс ҳолда биз душман учун осон нишонга айланган бўлардик. Агар биз ҳаммамиз, мисол учун, бир уйда қолганимизда, жиноятчи ва кўзи оч одамлар учун осон ўлжага айланардик. Онамнинг фикри шундай эди ва у бизни ўша куни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, мадад бериб турган”, деб таъкидлаб ўтган Ҳарир Ҳусайн. 

Саддам Ҳусайн Ироққа деярли чорак аср – 1979 йилдан 2003 йилгача раҳбарлик қилган. 2003 йил 20 март куни АҚШ армияси бошчилигидаги коалиция Ироқда оммавий қирғин қуроли борлиги баҳонасида ҳарбий операция бошлаган. Шундан кейин Ҳусайн яширинча ҳаракатланишга мажбур бўлган. Ўша йилнинг 13 декабрида у Тикрит яқинида АҚШ махсус кучлари томонидан қўлга олинган.

Ҳусайн 12 та банд, жумладан 1988 йилда Халабжада аҳолига қарши кимёвий қурол қўллаш, 1990 йилда Кувайтга бостириб кириш, 1991 йилда шиалар исёнини куч билан бостириш каби жиноятлар бўйича айбдор деб топилган.

2006 йил 5 ноябрда Ҳусайн ва унинг икки сафдоши осиш орқали ўлим жазосига ҳукм қилинган. Ироқнинг олий жиноят трибунали ҳукми 30 декабрга ўтар кечаси ижро этилган. Ҳусайн 31 декабрда Тикрит яқинидаги она қишлоғи Ужада дафн қилинган.

Мавзуга оид