Жаҳон | 12:05 / 11.10.2024
9785
5 дақиқада ўқилади

«Милтон» тўфони: 16 қурбон, Флоридани сув босди, 3 млн уй электрсиз қолди

Қутқарувчилар сув босган ва вайрон бўлган янгидан янги жойларни текширишни бошлагани сайин қурбонлар сони ортиб бормоқда. Суғурталанган мулкка етказилган зарар миқдори 30-50 миллиард долларни ташкил этиши мумкин.

Фото: Getty Images

Пайшанбага ўтар кечаси Американинг Флорида штати ғарбий соҳилларига ёпирилган «Милтон» тўфони ўзи билан 70 метр/сония тезликдаги шамол ва сув тошқинлари келтириб чиқарадиган кучли ёмғирлар билан бирга торнадо ҳам олиб келди. Қутқарувчилар сув босган ва вайрон бўлган янгидан янги жойларни текширишни бошлагани сайин қурбонлар сони ортиб бормоқда.

Пайшанба куни кечқурун CBS телекомпанияси Флорида ҳуқуқ-тартибот департаментига таяниб қурбонлар сони 16 нафарга етганини хабар қилди.

Бунгача бўлган бир неча соат давомида турли манбалар қурбонлар сони тўғрисида бир-биридан фарқли маълумотлар бераётганди: 10 дан 12 нафаргача.

Беш киши Сент-Люсия округидаги кемпингда ҳалок бўлган. Сент-Питерсберг шаҳри расмийлари икки киши ўлими ҳақида хабар берган. Яна бир киши жасадини қутқарувчилар қўшни округда вайрон бўлган уй харобалари остидан топишган.

АҚШ ички хавфсизлик вазири Алехандро Майоркаснинг маълум қилишича, Флорида штатида яшовчиларнинг айримлари кенг тарқалган фейклар, хусусан, жабрланганлар ер участкаларидан маҳрум қилинаётгани ҳақидаги маълумотлар туфайли қутқарувчиларнинг ёрдамини қабул қилишга шошилмаяпти. «Биз одамлар қўрқув туфайли ёрдам олишда иккиланаётганини кузатдик», деб шикоят қилди вазир.

Флорида губернатори Рон Десантис куннинг иккинчи ярмида ўтказилган матбуот анжумани чоғида қурбонлар сони ҳақидаги маълумотлар тўхтовсиз янгилаб борилаётгани ва штатда ҳалок бўлганларнинг жами сони ҳақидаги умумий рўйхат ҳали тузилмаганини маълум қилганди.

Губернаторнинг сўзларига кўра, 10 октябр оқшомига қадар табиий офат ҳудудидан 340 киши ва 49 уй жониворлари қутқариб олинди.

THE PALM BEACH POST/Reuters

Ҳозирча етказилган зарар миқдори бўйича ҳам аниқ баҳо йўқ, лекин шуниси аниқки, бу рақамлар кичик бўлмайди.

Тўфон йўлида бўлган турар жойлар, черков бинолари, савдо ва офис биноларига жиддий зарар етказилган.

Сент-Питерсбергда кучли шамол туфали Юқори бейсбол лигаси стадиони томи бузилиб кетган, маҳаллий газета таҳририяти жойлашган бинога, қурилиш крани қулаб тушган.

Флориданинг табиий офат арафасида ўз уйларини вақтинча тарк этган аҳолисига қайтишга шошилмаслик тавсия қилинган.

Флориданинг асосий шаҳарларидан бири Орландодан шимолроқда жойлашган Оранж-сити шаҳарчасида сув тошқинлари туфайли йўлларда ўпирилишлар ҳосил бўлган.

Шаҳар ўт ўчириш хизмати фейсбукдаги саҳифасида вайронгарчиликлар кўлами акс этган фотосуратларни намойиш этган.

Постда илова қилинган матнда аниқлик киритилишича, шаҳар чеккасидаги кўплаб йўллар «ёки тўлиқ ювилиб кетган, ёки сув остида қолган».

The Orange City Fire Department

Департамент вакилининг сўзларига кўра, ҳозирда бригадалар етказилган зарарни баҳолашмоқда, аммо ҳозирча ҳайдовчилардан шаҳар йўлларидан узоқроқ юриш сўралмоқда.

Орландонинг бир қисмини ҳам сув босган.

Электр узатиш линияларидаги беҳисоб узилишлар туфайли Флорида бўйлаб жами 3 млн бино ҳамон токсиз қолмоқда, айрим аҳоли яшаш манзилларида эса — ичимлик сув ҳам йўқ.

EPA-EFE/REX/Shutterstock

Флориданинг ғарбий соҳилида, 250 минг киши яшовчи Сент-Питерсбергда сув таъминоти ҳали тикланмаган.

EPA-EFE/REX/Shutterstock

«Милтон» тўфонидан кўрилган зарар

Fitch Ratings агентлигига кўра, Флорида аҳолисининг суғурталанган мол-мулкига «Милтон» тўфони оқибатида етказилган зарар 30 миллиард доллардан 50 миллиард долларгача бўлган. Мутахассисларнинг фикрича, бу 2022 йилда тахминан худди шу йўналиш бўйлаб ўтган «Иэн» тўфони келтирган тахминий зарардан (60 миллиард доллар) кейинги энг катта зарардир.

THE PALM BEACH POST/Reuters

CNN таъкидлашича, Fitch Ratings баҳоси суғурталанмаган мулкка етказилган зарарни ҳисобга олмайди, у ҳам жуда катта бўлиши мумкин.

Нашрнинг таъкидлашича, сентябр ойида Флорида штатида содир бўлган «Ҳелен» тўфонидан суғурталанмаган мулкка етказилган зарар суғурталанган мулкка етказилганидан кўпроқ бўлган. Бунга Флориданинг ўша пайтдаги энг кўп жабрланган ҳудудлари аҳолиси орасида суғурта йўқлиги сабаб бўлган.

Охирги 48 соат ичида ўн миллионлаб галлон бензин ва дизел ёнилғиси бўлган камида еттита йирик танкер Жанубий Флорида томон йўл олгани хабар қилинган. Бу «Милтон» тўфони сабаб бўлган талабнинг энг юқори чўққисида тугаган ёнилғи қуйиш шохобчаларида ёнилғи захираларини тиклашга ёрдам беради.

Мавзуга оид