Ўзбекистон | 18:01 / 30.10.2020
43343
4 дақиқада ўқилади

Мактабларда ўқитиш методикаси ўзгартирилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

«Биз устозни отадай улуғ деб билган, доимо ардоқлаган маърифатпарвар халқнинг вакилларимиз. Мен ҳам ўқитувчи, муаллим деганда ўзим учун энг азиз ва ҳурматли бўлган, зиёли ва замонавий, самимий ва меҳрибон инсонларни тасаввур қиламан. Чунки ҳаммамизга ҳам шу муаллим сабоқ ва таълим бериб, меҳрибон ота-оналаримиз қаторида тарбиялаган. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври пойдеворини яратяпмиз. Бунда бизнинг энг яқин кўмакчиларимиз устоз ва мураббийлар, илмий ва ижодкор зиёлилардир», деган давлат раҳбари йиғилиш аввалида.

Ҳар бир оила, ҳар бир бола ҳаёти мактаб билан боғлангани, бу масала давлатнинг, жамиятнинг энг муҳим иши экани таъкидланган.

«Ҳаммамиз азиз фарзандларимиз ҳаёти ва тақдирини ўқитувчи ва мураббийларга ишониб топширамиз. Мана шундай беқиёс бойлик посбонлари, келажак бунёдкорлари бўлган бу мўътабар зотларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатишимиз керак», деган президент.

Йиғилишда бугунги модернизация жараёнлари, ислоҳот ва ўзгаришлар натижадорлиги мактаб таълимига, янги авлод кадрларини етиштириш масаласига бориб тақалаётгани қайд этилган. Шу боис мактаб директорлари ва муаллимларга кўп нарса боғлиқ. Улар қишлоқ ва шаҳарларда таълим-тарбия, маданият ва маънавият тарқатадиган фидойи кишилардир. Мактаблар нафақат таълим маскани, балки маҳалланинг маданий, интеллектуал маркази бўлиши зарур.

«Маълумки, мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш мақсадида Президент фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжат regulation.gov.uz порталига қўйилиб, барча ҳудудларда, маҳаллий кенгашларда ва мактаб жамоаларида ота-оналар иштирокида кенг муҳокама қилинди.

Фармон лойиҳасида таълимдаги ҳозирги муаммоларни ҳал қиладиган, яқин беш йилда натижасини кўрсатадиган ва кейинги тараққиёт даражасини белгилаб берадиган мақсадлар қамраб олинган.

Жумладан, жамиятда муаллимнинг обрў-эътибори ва мақомини кўтариш, ўқув дастурлари ва методикасини тўлиқ қайта кўриб чиқиш, мактабни таълимнинг кейинги босқичлари билан узвий боғлаш, ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозликдан халос этиб, ўз устида кўпроқ ишлаши учун шароит яратиш ва шуни рағбатлантириш, мактаб инфратузилмаси ва ундаги маънавий муҳитни яхшилаш каби масалаларнинг ечимлари аниқ белгилаб берилмоқда.

Энг асосийси, жойлардаги раҳбарларнинг, шунингдек, маҳаллий кенгашларнинг ушбу муҳим масалага ёндашуви ва эътиборини тубдан ўзгартириш, уларнинг масъулияти, жавобгарлиги ва ҳисобдорлиги механизмлари киритилмоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Видеоселектор йиғилишида таълим соҳасидаги муаммолар, уларни ҳал этиб, таълим сифатини оширишга оид вазифалар муҳокама қилинган.

Давлат раҳбари аввало мактабларда ўқув юкламаси ва дарслар сонини қайта кўриб чиқиш, ўқувчиларни фақат ёдлашга эмас, балки фикрлашга чорлайдиган методика яратиш зарурлигини таъкидлади.

Бу борада Финляндия тажрибаси мисол қилиб келтирилди. Ушбу мамлакат умумий саводхонлик, табиий фанлар ва математика бўйича дунёда энг илғорлардан бири.

«Мактабда ўқитиш методикаси ўзгармаса, таълим сифати ҳам, мазмуни ҳам, муҳит ҳам ўзгармайди», деган Шавкат Мирзиёев.  

Дунёдаги замонавий ўқув дастурлари, ўқитиш методикаларини ўрганиб, юртимиз умумтаълим мактабларида жорий қилиш муҳимлиги таъкидланди. Халқ таълими вазирлигига ушбу тажриба асосида Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиб, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб таълим жараёнига синов тариқасида татбиқ этиш вазифаси қўйилди.

Янги методикани самарали йўлга қўйиш учун барча мактаб ўқитувчилари видеоалоқа орқали хорижий мутахассислар иштирокида ўқитилади. Энг муҳими, бу жараёнларга педагогика йўналишидаги университет ва институтлар ҳам жалб қилиниб, педагог кадрлар тайёрлаш методикаси ҳам янгиланади. Шунингдек, математика, физика, кимё, биология ва информатика фанлари бўйича чет эллардаги илғор дарсликлар чуқур ўрганиб чиқилади.

Мавзуга оид