Мансабдор бўлиши тақиқланган шахс ҳоким ўринбосари бўлди. Ҳокимни суд қарори ҳам, қонун ҳам тўхтатиб қололмади
Андижоннинг Қўрғонтепа тумани ҳокими, суд қарорини писанд қилмай, мансабдор бўлиши тақиқланган шахсни ўзининг ўринбосари этиб тайинлади. Кейин эса, қонунни ҳам бузган ҳолда, бу қарорини кенгаш тасдиғига киритгани йўқ. Ҳолатдан журналистлар хабар топгач, у ўринбосарининг ҳимоясига киришди, суд эса суд қарорини бузган амалдорнинг ноодатий сўровига розилик берди.
Андижон вилоятининг Қўрғонтепа тумани ҳокимлиги 4 апрель куни Баҳромжон Турсуновнинг ҳоким ўринбосари сифатида иш бошлаганини эълон қилди. Расмий хабарда у тайинловга қадар МЧЖ раҳбари бўлиб ишлагани айтилади.
Аслида эса, бу йил қирқ ёшни қаршилайдиган Турсунов Қўрғонтепа ҳокимлиги учун бегона эмас. Қўрғонтепага 14 йил ҳокимлик қилган Авазбек Эргашев даврида Баҳромжон Турсунов унинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган, Эргашев 2020 йил 21 декабр куни Сирдарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланганда эса Турсунов ҳатто маълум вақт туман ҳокими лавозимини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганди.
Ҳокимликнинг Telegram-каналида ушбу шахс 2021 йилнинг февралида ҳам туман ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб тургани ҳақида маълумотлар бор. 2021 йилнинг 11 феврал куни туманга Элёрбек Набижонов ҳоким этиб тайинланиши ортидан Турсунов ўринбосар сифатида фаолиятини давом эттирганми ёки йўқ, буниси бизга қоронғи. Туман ҳокимлигининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида Б.Турсунов сўнгги марта 2021 йилнинг 27 февралида ҳоким ўринбосари сифатида қайд этилган, шундан сўнг унинг исм-шарифи хабарларда кўзга ташланмайди.
Ширкат хўжалиги ишчилигидан деҳқон бозори директори, туман ҳокимининг ўринбосарлигигача бўлган йўлни босиб ўтган Баҳромжон Турсунов 5 апрелдаги тайинловга қадар “Trade Imperia Evolution” МЧЖ раҳбари бўлган.
Очиқ манбалардаги маълумотлар 7 апрелда ҳам унинг МЧЖ раҳбарлигида қолганини кўрсатмоқда. Статистика агентлигининг реестрида 19 май ҳолатига Баҳромжон Турсунов “Trade Imperia Evolution” МЧЖ раҳбарлигидан кетгани, айни пайтда жамият раҳбари сифатида Жамшидбек Расулов номи зикр этилганини кўриш мумкин.
“Дарё” нашрига кўра, Баҳромжон Турсунов Қўрғонтепа тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланиши ноқонуний бўлиши мумкин. Боиси у жиноят ишлари бўйича Избоскан туман судининг 2022 йилнинг 17 майдаги қарори билан Жиноят кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисмининг “а” банди (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда) банди ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисмининг “а” банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан айбдор деб топилган.
Суд томонидан собиқ мансабдорга нисбатан 1 йил муддатга маҳаллий ҳокимият органларида мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазо қанчалик адолатли бўлган – бу бошқа масала. Биз эътибор қаратмоқчи бўлганимиз, бу жазо 2022 йилнинг 2 июлидан бошлаб кучга кирган.
Табиийки, суд ҳукмига кўра, Турсунов 2023 йилнинг 2 июлига қадар маҳаллий ҳокимият органларида ҳеч қандай мансабдорлик лавозимларини эгаллаши мумкин эмас ва бу қонунга зид ҳисобланади. Лекин туман ҳокими 5 апрел куни Турсуновни ўзининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган.
Ноқонуний қарордан 22 кун ўтиб тузатилган хато
Одатда ҳоким ва унинг ўринбосарларини лавозимга тасдиқлаш, ишдан олиш масалалари депутатлар билан кенгашилиши, бу масала туман кенгаши йиғилишида кўпчилик овоз билан маъқулланиши керак. Лекин Қўрғонтепа тумани ҳокими Элёрбек Набижонов бу қонун талабини нима учундир айланиб ўтади. Яъни Турсуновни ўзига ўринбосар этиб тайинлаш масаласини халқ депутатлари Қўрғонтепа тумани кенгашининг сессиясида кун тартибига киритмайди.
Кенгаш котибият мудири Шукрулло Қўлдошев “Дарё” мухбири билан суҳбатда, ҳокимнинг 5 апрелдаги қарори депутатлар муҳокамасига тақдим этилмаганини айтган.
“Бизга бу қарор тушган эмас, биз тасдиқламаганмиз. Ўрни бўшлиги, тажрибаси борлиги учун вилоят ҳокими олиб келиб қўйди, “Шу ишлаб турсин”, деди. Биз 5 апрелдан кейин икки марта сессия ўтказдик, лекин қарор бизга туширилгани йўқ. Қоида бўйича қарор чиққанидан кейин 10 кун ичида кенгашга киритилиши керак”, – деди мутасадди.
Хўш, ҳокимбува нима учун депутатлар билан ҳисоблашишни истамаган? Балки у қарорининг қонунга зид эканини билгани учун ҳам, бунинг миси чиқмаслиги учун ҳам ҳужжатни маҳаллий кенгаш тасдиғига киритмагандир? Балки Набижонов барчаси аввалгидай хамирдан қил суғургандек битиши ва ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолишига ҳаддан зиёд ишониб юборгандир. Ҳар не бўлганда ҳам, барчаси унинг била туриб қонунга зид қарор қабул қилганини кўрсатмоқда.
Боиси, “Дарё” мухбири Баҳромжон Турсуновнинг туман ҳокими ўринбосарлигига тайинланиши қанчалик мувофиқлигини суриштира бошлаганидан сўнг, Элёрбек Набижонов ўз хатосини тўғрилашга киришган. Туман ҳокимининг шахсан ўзи судга Баҳромжон Турсуновга нисбатан тайинланган муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш тўғрисидаги илтимоснома киритган.
Жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа туман суди (ҳокимдан қанчалик мустақил, саволли масала) 27 апрель куни ҳокимнинг илтимосномасини қаноатлантирган. Унга кўра, маҳкум Баҳромжон Турсунов суд томонидан тайинланган муайян ҳуқуқдан, яъни мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосининг қолган 2 ой 18 кун қисмини ўташдан Жиноят кодексининг 73-моддаси 3-қисми “а” бандига асосан муддатидан илгари шартли озод қилинган.
Бундан англашиладики, ҳоким суд томонидан тайинланган жазо муддати якунига етишига ҳали 3,5 ой бўла туриб, қонунга зид равишда Баҳромжон Турсуновни ўринбосар этиб тайинлаган. Турсунов 22 кун давомида ушбу вазифада ноқонуний фаолият юритган.
Хўш, туман ҳокими ўзини рўйирост кўриниб турган қонунбузарликка қўл уриб, бу қадар катта таваккалчиликка йўл қўйишининг ортида нима турибди? Манфаатлар тўқнашувими ёки таниш-билишчилик?!
Коррупцион жиноятда айбдор деб топилган шахсни кечиришни сўраб судга мурожаат қилиш ваколатини ҳокимга ким берди?
Умид қиламизки, фуқарога келганда зудлик билан иш бошлайдиган ҳуқуқ идоралари бу саволларга жавоб излаб кўришади.
Жамшид Ниёзов, журналист
Мавзуга оид
16:13 / 20.12.2024
Йигирмага яқин болани 1,5 минг км масофага ташиётган учта Damas ушланди
16:54 / 19.12.2024
Андижонда Суриядаги террорчи гуруҳларга пул юборган фуқаро 10 йилдан ортиқ муддатга қамалди
15:16 / 18.12.2024
Андижонда эр-хотин ис газидан заҳарланиб, вафот этди
10:49 / 15.12.2024