Меҳнат миграцияси битими: Иш ҳақи, тиббий таъминот, бахтсиз ҳодиса туфайли товон пуллари
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифи доирасида кўплаб давлатлараро ва ҳукуматлараро битим ва шартномалар имзоланганди. Уларнинг бири «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилиш тўғрисида» Битимдир. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ушбу битим бўйича томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тавсиф қилди.
Миграция агентлиги Россияга борувчи ишчиларни саралаб беради
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишга жойлаштиришга номзодларда рухсатнома (патент) олишга тўсқинлик қилувчи касалликлар мавжуд бўлиши ҳолатларининг олдини олиш мақсадида уларнинг соғлиғи ҳолати назоратини амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ишга жойлаштиришга номзодларни уларнинг халқаро ёки давлатлараро қидирувда эканлиги, шунингдек чиқишига тўсқинлик қилувчи бошқа сабаблар; Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Россия Федерацияси ҳудудида ҳам жиноят деб тан олинадиган жинояти учун тугалланмаган ёки олиб ташланмаган судланганлигининг мавжудлиги бўйича текширади.
Иш берувчи бўш иш ўринлари ва вакант лавозимлар, шу жумладан иш ҳақи, иш режими, таълим, касбий билимлар, кўникмалар, иш стажига бўлган малака талаблари, иш берувчи томонидан тақдим этиладиган қўшимча ижтимоий кафолатлар тўғрисида ахборотни ахборот-таҳлилий тизимда Россия Федерацияси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жойлаштиради.
Иш берувчининг меҳнаткаш-мигрантларни ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилишда иштирок этишининг мажбурий шартлари зарурий санитария-гигиена ва бошқа меъёрларга мувофиқ яшаш жойлари, меҳнатнинг хавфсиз шартлари ва меҳнатни қўриқлаш, шунингдек иш жойларида техника хавфсизлигини таъминлаш; Россия Федерацияси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам даражадан кам бўлмаган кафолатланган меҳнат ҳақи беришдир.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилиш учун иш берувчи жўнатувчи ташкилот билан ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилиш тўғрисида шартнома тузади. Иш берувчи ва меҳнаткаш-мигрант Россия Федерацияси қонун ҳужжатларига риоя қилишлари лозим. Меҳнаткаш-мигрантлар Россия Федерацияси қонун ҳужжатлари ва меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ дам олиш ҳуқуқига эга. Меҳнаткаш-мигрантлар иш берувчи билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг расмий байрам кунларида меҳнат фаолиятидан озод қилинишлари мумкин.
Меҳнаткаш-мигрантларнинг Россия Федерацияси ҳудудидаги тиббий таъминоти Россия Федерацияси қонун ҳужжатлари ва Томонлар давлатлари иштирокчи бўлган халқаро шартномаларда белгиланган тартибда амалга оширилади. Меҳнаткаш-мигрантларнинг даромадини солиққа тортиш Россия Федерацияси қонун ҳужжатларига ва Томонлар давлатлари иштирокчи бўлган солиққа тортиш соҳасидаги халқаро шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.
Меҳнаткаш-мигрантлар Россия Федерацияси қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Меҳнаткаш-мигрантлар Россия Федерацияси қонун ҳужжатлари ва Томонлар давлатлари иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ ижтимоий суғурта (мажбурий тиббий суғуртадан ташқари) ва пенсия таъминоти ҳуқуқига эга.
Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллигига чалиниш натижасида меҳнаткаш-мигрант вафот этган ёки соғлиғига шикаст етган тақдирда тегишли товон пули Россия Федерацияси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки иш берувчининг айби билан касб касаллигига чалиниш натижасида меҳнаткаш-мигрант вафот этган ёки соғлиғига шикаст етган тақдирда, иш берувчи меҳнаткаш-мигрантни Ўзбекистон Республикасига қайтариш ёки жасадни ташиш билан боғлиқ харажатларни қоплайди. Меҳнаткаш-мигрант вафот этган тақдирда иш берувчи ўлим факти бўйича материалларни тақдим этган ҳолда бу ҳақда жўнатувчи ташкилотни дарҳол хабардор қилади.
Битим Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги меҳнат миграцияси жараёнларини қонуний оқимга солиш имкониятини яратади, иккала мамлакат фуқароларининг манфаатларига хизмат қилади, меҳнаткаш-мигрантларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя этади, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларни кафолатлайди, шунингдек одам савдосининг ривожланишига сабаб бўладиган ноқонуний миграциянинг олдини олади.
Мавзуга оид
16:56 / 27.11.2024
ССВ: Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини трансформация қилишда туркиялик мутахассислар яқиндан кўмак беради
22:57 / 04.09.2024
Тиббий суғурта доирасида тиббий хизмат кўрсатиш ва дори бериш давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади
18:56 / 04.07.2024
Вазир: “Йил охиригача электрон рецепт тизимини йўлга қўямиз”
12:24 / 22.05.2024