Ўзбекистон | 17:00 / 11.10.2024
9877
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда “қизил олтин” етиштиришнинг янги босқичи амалга оширилди

8 октябр куни Жиззах вилоятининг Бахмал туманида BMB HOLDING томонидан ташкил этилган “BMB Za’faron” қуритиш ва қайта ишлаш корхонаси очилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда жадал ривожланаётган заъфарон саноатида Жиззах вилояти ўзининг заъфарон плантациялари билан етакчилик қилмоқда. Айниқса, BMB HOLDING компанияси ташаббуси билан яратилган BMB Za’faron бренди нафақат ички бозор, балки халқаро миқёсда ҳам ўз ўрнини эгаллади. Бугунги кунда мазкур бренд остида 20 га яқин заъфаронли маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Шу йилнинг 8 октябр куни Бахмал туманида BMB HOLDING томонидан ташкил этилган “BMB Za’faron” қуритиш ва қайта ишлаш корхонаси тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг апрель ойида Президентимизнинг корхонамизга ташрифи, билдирган илиқ фикрлари, қўллаб-қувватлови миллий заъфарончиликни ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатларимизга катта куч-ғайрат улашди, улкан мақсадлар сари ундади, - деди BMB HOLDING Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов.

Очилиш маросимида иштирок этган Италиянинг Ўзбекистондаги элчиси Агостино Пинна заъфарон етказиб бериш икки давлат муносабатларини янада мустаҳкамлаётгани ҳақида гапирди:

“Лойиҳа кенгаймоқда, аҳоли учун янги иш ўринлари яратилмоқда, бу лойиҳа муваффақиятининг муҳим қисми. Лойиҳанинг янада ривожланиши учун барча шароитлар мавжуд эканига ишонаман. Чунки икки йилдан буён лойиҳа муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ушбу ташаббус Италияда шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи доирасида кўтарилганди. Ўтган йили Италия президенти Сержио Маттарелла Ўзбекистонга ташриф буюрган эди.

Бу энг муваффақиятли ва омадли иқтисодий лойиҳалардан бири деб топилган. Ушбу тенденция яқин йилларда ҳам давом этишига умид қиламиз.

Биз Бекзод Маматқулов билан ушбу лойиҳани бошлаганимизда, уни амалга ошириш қийин ва ҳатто имконсиздек туюлганди. Аммо катта ва самарали меҳнат қилдик ва натижалар аниқ кўриниб турибди! Лабораториялар қурилди, иш ўринлари яратилди ва бу ҳали бошланиши. Келгусида янада кўпроқ ишлар амалга оширилади”, деди элчи.

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 120 млн еврони ташкил этади:

- 70 млн евро тўғридан тўғри хорижий инвестициялар;

- 37 млн евро ўз маблағлари;

- 13 млн евро кредит маблағлари.

Ўтган давр мобайнида мазкур лойиҳа доирасида 60,8 млн евро инвестициялар ўзлаштирилиб, қарийб 120 та доимий ва 25 минг нафар мавсумий иш ўринлари яратилган.

Жиззах вилоятидаги заъфарон плантациялари нафақат иқтисодий, балки ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Ҳудудда янги инфратузилма, йўллар, электр тармоқлари ва ёритиш тизимлари ўрнатилди. Бугунги кунга келиб, заъфарон плантациялари 700 гектарни ташкил этмоқда ва келажакда бу кўрсаткични янада ошириш режалаштирилмоқда.

Заъфарон – дунёдаги энг қиммат ва ноёб зираворлардан бири бўлиб, қадим замонлардан бери “қизил олтин” дея эътироф этилади. Ушбу ўсимликнинг нозик ипак толали гулбарглари нафақат таомларга ранг ва мазмун қўшади, балки тиббиёт ва косметика соҳаларида ҳам қимматли ҳисобланади. Заъфарон ўзининг мураккаб етиштириш жараёни ва кўплаб фойдали хусусиятлари туфайли дунё бўйлаб катта талабга эга.

Ўзбекистонда етиштирилган заъфарон халқаро сифат стандартларига тўлиқ жавоб беради. Италия, Франция ва Корея каби мамлакатларнинг етакчи лабораторияларида ўтказилган синовлардан муваффақиятли ўтиб, заъфароннинг ранг, ҳид ва таъм кўрсаткичлари бўйича энг юқори – I категория сифат даражасига эга бўлди. Бунда нафақат сифат, балки маҳсулотнинг экологик тозалигига ҳам катта эътибор қаратилди.

Маҳсулот экспорти:

- 2021 йил - 1,2 млн евро;

- 2022 йил - 2,7 млн евро;

- 2023 йил - 4,5 млн еврони ташкил этиб;

- 2024 йилда 12 млн еврога етказиш режалаштирилган.

Заъфарон етиштириш жараёнида инновацион технологиялардан фойдаланишга катта аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, Полша мутахассислари билан ҳамкорликда гидрогел технологияси синов тариқасида қўллана бошланди. Бу технология заъфарон ўсимликларининг сув талабини 40-45% га камайтиришга ёрдам беради ва бу келажакда қишлоқ хўжалигида катта иқтисодий самарадорликка эришишга имкон беради.

Реклама ҳуқуқи асосида