Жамият | 15:22 / 02.10.2024
6278
5 дақиқада ўқилади

Учтепада 20га яқин кўп йиллик дарахтларга заҳарли модда қуйилган. Аҳоли айбдор топилишини хоҳлайди

Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги Нуробод маҳалласида кўп йиллик дарахтларни қуритишга уриниш бўлган. Учтепа ҳокими бу жойда дўкон қуриш учун 2018 йилда қарор чиқарган. Экология вазирлигига кўра, ҳоким ер ажратишдан олдин экологик хулоса олмаган.

2024 йил сентябрида Тошкент шаҳри Учтепа тумани Нуробод маҳалласи 3-4-уйлар оралиғидаги дарахтларни қуритишга уриниш бўлган. Kun.uzʼга интервю берган аҳолининг айтишича, бу биринчи ҳолат эмас. Июл ойида ҳам ҳудуддаги дарахтлар остига заҳарли модда қуйиб кетилган. Айбдор эса топилмаган. Туман ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, воқеадан кейин ҳудудга кузатув камераси ўрнатилган.

4-уйда яшовчи Наргиза Анорбекованинг айтишича, 20га яқин дарахт остига заҳарли модда сепиб кетилган. Улар бундан кеч хабар топган. Унинг гапини қўшниси Гули Муҳиддинова ҳам тасдиқлади. “5 июнда дарахтлар тагига эски машина мойи қуйиб кетилган. Яқинда тешиб кетилгани ҳам аниқланди. Ким қилгани маълум эмас. Лекин айбдорлар топилишини хоҳлаймиз”, – деди у.

Дарахтларни қуритишга иккинчи уриниш сентябрда бўлган. Тошкент шаҳар Экология бошқармаси ходими Шоҳрух Юсуповга кўра дарахтлар дрелл ёрдамида тешилгани аниқланган.

Дарахтларнинг илдиз қисмига зарар етказилган. Қанча зарар етказилган ва бу ким томонидан қилингани бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ҳозир ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Ботаника боғи ходимлари бу бўйича дарахтларни парвариш қиляпти”, – деди у.

Тошкент шаҳар Экология бошқармаси Kun.uzʼга тақдим этган ҳужжатга кўра, Учтепа туман ҳокимининг 2018 йил 26 апрелдаги "Обод маҳалла" дастури асосида дўконлар қуриш учун Боғистон, Бирлик, Нуробод, Найман маҳаллаларидан ер ажратиш учун ҳоким қарор чиқарган. Тошкент шаҳар прокуратурасининг 2021 йил 13 январдаги протестига асосан Учтепа туман ҳокимининг эски қарори ҳокимнинг 2021 йилдаги 65-қарори билан бекор қилинган.

Бироқ Тошкент туманлараро маъмурий суди Учтепа туман ҳокимининг 2021 йилдаги 65-қарорини ҳақиқий эмас деб топган ва ҳокимнинг 2018 йилдаги қарорини ўз кучида қолдирган. Тошкент шаҳар Экология бошқармаси матбуот котиби Умида Сайфизоданинг Kun.uz’га маълум қилишича, 2018 йил ҳоким ер ажратаётганда Экология инспекциясидан хулоса олмаган. "Яъни ўша пайтда ҳам дарахтлар бор ҳудудлар қурилиш учун берилмаслиги керак бўлган", – деди у.

Шоҳрух Юсупов қарорнинг ҳақиқий ёки эмаслини аниқлаш учун 2024 йил 23 сентябрда Тошкент шаҳар прокуратурасига хат жўнатилганини маълум қилди. Прокуратура Kun.uz’га иш ўрганилаётганини билдирди.

Шунингдек, Юсупов тадбиркор бир неча бор Экология бошқармасидан дарахтларни кўчириш учун рухсат сўраганини ва унга рад жавоби берилганини ҳам қўшимча қилди. “Чунки иқлим шароитимиз тўғри келмайди ва вегетация даврига ҳам тўғри келмайди”, – деди у.

Нуробод маҳалласида 24 та кўп қаватли уйда 5 минг аҳоли яшайди. Уларнинг айтишича, ҳудуддаги дарахтларни кўчириш учун тадбиркор одамлардан сохта имзо йиғдириб олган.

ЖЭК” бизни алдаб, подъездга ром қурилади деб оқ қоғозга қўл қўйдириб олди. Ичида ҳеч нарса ёзилмаган эди. Шу қоғозни тадбиркорга олиб бориб беришибди. Агар у дарахтлар кўчирилиши ҳақида эканини айтишганида биз рози бўлмасдик”, – дейди фуқаролардан бири.

Kun.uz суҳбатлашган маҳалла фуқаролари ҳудуддаги дарахтлар кесилиши ёки бошқа жойга ўтказилишига мутлақо қарши эканини айтяпти. “Дарахтлар кўп йиллик. 66-йилдан кейин экилган. Бу ерда умуман қурилиш бўлишига қаршимиз”, – деди Наргиза Анорбекова.

3-уйда яшовчи Моҳира Садриддинова ҳам қўшнисининг гапини қўллаб-қувватлади. “Тадбиркор бу ерга бино қуришини айтибди, бино қурса дарахтлар кесилади, биз бунга қаршимиз. Бу ерда ҳамма жой бино бўлиб ётибди. Болалар ўйнайдиган жойи ҳам қолмайди. “Площадка”га ҳаво етиб бормайди”, – деди у.

Яна бир фуқаро бу дарахтлар бошқа маҳаллалар учун ҳам кислород манбаи эканини айтяпти. “1-2 кунда ўсадиган нарса эмас. 50-60 йил керак. Давлат органлари берган хулосаси ва рухсатномасини бекор қилишини сўраймиз”, – деди у.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси Жавоҳир Ғайратов.

Мавзуга оид