Жаҳон | 09:43 / 19.08.2019
46284
2 дақиқада ўқилади

Пермда ЙТҲга учраган автобус йўловчилари 20 ёшли ўзбекистонлик йигит томонидан қутқарилди

Фото: 59.RU

17 август куни Пермда автобус иштирокида юз берган ЙТҲ оқибатида 32 киши жароҳат олди. 59.RU нашри хабарига кўра, йўловчиларни биринчи бўлиб ўзбекистонлик боксчи, 20 ёшли Данил Йўлдошев қутқарган.

53-йўналиш бўйлаб ҳаракатланган автобус бошқарувни йўқотиб, дўкон бетон деворига бориб урилган. Бир нафар йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлди, қолган йўловчилар, шунингдек, ҳайдовчи ва чиптачи турли даражада тан жароҳатлари олишди.

Данил Йўлдошев машинада машғулотга кетаётган бўлган. У билан автобус ўртасида яна тўртта машина бўлган, шунинг учун у авария содир бўлган пайтни кўрмаган, аммо нима бўлганини англаб етгач, дарҳол тўхтаган. Йигит машина двигателини ўчирмаган ҳолда, йўловчиларга ёрдамга шошилган.

Данилнинг 59.RU порталига маълум қилишича, авария пайтида орқа эшикнинг бир томони очилган, иккинчиси эса қисилиб қолган. Йигит уни суриб, автобусга чиққан. У елка ва умуртқа поғонаси жароҳати бўлган йўловчиларга воқеа жойида ёрдам беришга ҳаракат қилиб, уларни жойидан қўзғатмасликка уринган, қўл ва оёқлари синган кишиларни эса ташқарига олиб чиққан.

Данил билан бирга қўшни ташкилотнинг қўриқчиси ва ёш қиз жабрланганларни қутқарган. Автобус йўловчиларини касалхоналарга етказиш учун Данил машиналарни тўхтатган. Кўплаб ҳайдовчиларнинг ўзи ёрдам таклиф қилишган.

Перм ўлкаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 32 нафар жабрланганлар касалхонага ётқизилган: улар орасида тўққиз нафар бола ва 23 нафар ёши катта шахс ўртача оғирликда жароҳат олган. Саккиз кишининг аҳволи оғир. 

Данил Йўлдошев етти йил олдин Ўзбекистондан Пермга келган, аммо Россия фуқаролигини олмаган. У бокс билан шуғулланади ва мусобақаларда Перм ҳамда Перм ўлкаси шарафини ҳимоя қилади, дея таъкидлаб ўтган нашр.

 

Мавзуга оид