Ўзбекистон | 15:28 / 07.12.2021
25365
3 дақиқада ўқилади

Айрим тоифадаги банк карталаридан рухсатсиз пул ечиб олинмоқда

Декабрь ойи бошларида пластик карталардан пул маблағларининг тўсатдан ва рухсатсиз ечиб олиниш ҳолатлари кузатилди. Марказий банк вакили бу ЖШШИР билан боғлиқ эканини айтди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги қонун талаби бузилганини маълум қилди.

Фото: KUN.UZ

Декабрь ойи бошларида ижтимоий тармоқларда кўплаб фуқаролар пластик карталаридан пул ечиб олингани борасида SMS'лар келаётгани ҳақида постлар жойлаштирди.

Фойдаланувчиларнинг аксарияти пул маблағлари уларнинг анчадан бери фойдаланилмаётган ёки муддати ўтган пластик карталаридан ечиб олинганини таъкидлашган.

Фото: Bankers.uz

Марказий банк масъулининг Bankers.uz сайтига маълум қилишича, бу ҳолат амалдаги меъёрий ҳужжат талабларига мувофиқ, ЖШШИР рақамини аниқлаш имкони бўлмаган мижозлар картасидаги маблағ “ҳаракатсиз” ҳисобрақамга олингани билан боғлиқ.

“Ипотека банк” ахборотига кўра, шахсни тасдиқловчи ҳужжатини янгилаган, бироқ бу ҳақда банкни огоҳлантирмаган мижозларга тегишли карталар ва сўнгги марта фойдаланилганига 1 йилдан ошган карталардан пул ечиб олинган, бу маблағлар ҳаракатсиз ҳисобварақларга ўтказиб қўйилган.

Хабарда айтилишича, бу маблағлардан қайта фойдаланиш учун мижоз карта очилган банк филиалига бориши ва янги банк картаси очиши ёки маблағни ўзи кўрсатган бошқа картага ўтказиб олиш мумкин.

Агентлик муносабати

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги пластик карта маблағларининг тўсатдан ва рухсатсиз ечиб олингани ҳақидаги эътирозларга муносабат билдирди.

Агентликнинг қайд этишича, банк фақат қуйидаги ҳолатларда мижоз ҳисобрақамидан пул ечиб олиши мумкин:

  • мижоз тегишли буйруқ берганда (Фуқаролик кодекси 783-моддасига кўра);
  • ҳисобварақдан пул маблағларини ечиб олишга доир суд қарори бўлганда;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган ёхуд банк ва мижоз ўртасидаги шартномада назарда тутилган ҳолларда.

Ҳисобварақдан маблағлар асоссиз ечиб олинган тақдирда банк мижознинг талабига кўра дарҳол тегишли суммани ҳисобрақамига қайтариши шарт.

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 327-моддасига мувофиқ, банк асоссиз ечиб олинган сумма бўйича фоизлар тўлаши ва етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши керак.

Мижоз ҳисобрақамидаги пул маблағлари ўз вақтида қайтарилмаган ёки кечиктирилган тақдирда ҳам банк худди шундай жавобгарликка тортилади. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган баъзи ҳоллар бундан мустасно экани айтилган.

Бундан ташқари, банк билан шартнома мижоз талабига биноан исталган вақтда бекор қилиниши мумкин (Фуқаролик кодексининг 788-моддаси).

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига кўра, декабрь ойи бошида содир бўлган ҳолатда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун (6-моддаси) талаблари бузилган: ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига зарур, ўзи томонидан ўз вақтида тақдим қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисида ишончли маълумотлар тақдим қилиш (19-модда) ва ўз мажбуриятини хизмат кўрсатиш қоидаларида белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда бажариши шарт. Бунда шартномада кўрсатилган алоҳида истиснолар фарқ қилиши мумкин.

Агентлик ўрганиш натижаларига кўра, батафсилроқ маълумот берилиши ҳақида маълум қилган.

Мавзуга оид