Ўзбекистон | 08:03 / 07.12.2021
16242
3 дақиқада ўқилади

Ҳукумат машиналардаги газ баллонларидан фойдаланишни назорат қилиш бўйича қарор қабул қилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Автотранспорт воситаларида ўрнатилган газ баллонларидан фойдаланишни назорат қилиш ва уларни ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Mediaaz

Ички ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ҳамда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг автотранспорт воситаларида ўрнатиладиган газ баллонларидан фойдаланиш ва уларнинг ҳисобини юритишда автоматлаштирилган назорат тизимини ҳамда баллонларни синашда янги замонавий услубларни жорий қилиш бўйича таклифига розилик берилади.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси 2022 йил I чорак якунига қадар автотранспорт воситаларида ўрнатилган газ баллонларидан фойдаланиш ва уларнинг ҳисобини юритишда автоматлаштирилган ахборот – назорат тизимини (“Газбаллон назорат” ААНТ) жорий этиш ва ушбу тизим фаолиятини юритиш бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузишга тайёргарлик кўриш учун лойиҳанинг концепцияси, операторга қўйиладиган талаблар ва баҳолаш ҳужжатлари ишлаб чиқилишини таъминлайди.

Бунда: хусусий шерик “Газбаллон назорат” ААНТнинг оператори этиб белгиланади; оператор 15 кунлик муддатда “Газбаллон назорат” ААНТни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва ушбу тизим фаолиятини юритишга оид давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунда белгиланган тартибда ишлаб чиқади ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига тақдим этади; “Газбаллон назорат” ААНТни жорий қилиш ва кейинчалик уни техник қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ барча харажатлар хусусий шерик маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.   

АГТКШлар 2022 йил 1 июнь кунигача ўз ҳудудларига кириш йўлагида шлагбаум ва газ баллонларини масофавий рақамли идентификация қилиш мосламалари билан жиҳозланади ҳамда улар ёрдамида тегишли техник кўрикдан ўтмаган газ баллонларини аниқлаш ва уларни АГТКШ ҳудудига киритмаслик амалиёти йўлга қўйилади.

ГБЎСПлар 2022 йил 1 июндан бошлаб: газ баллонларини синовдан ўтказиш ишларини видеокузатув мосламалари орқали олинган маълумотларни 6 ойдан кам бўлмаган муддатда сақлаши шарт; газ баллонларини кўрикдан ўтказиш вақтида ишлаш муддати ўтган газ баллонларидан қайта фойдаланиш имконини бермайдиган усулда утилизация қилишлари ва утилизация қилинган газ баллонларидаги тегишли маълумотларни операторининг электрон базасига жойлаштириш ишларини йўлга қўяди.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ 2022 йил 1 июлдан бошлаб автотранспорт воситаларида ўрнатиладиган газ баллонларидан хавфсиз фойдаланиш ва уларнинг ҳисобини юритишда “Газбаллон назорат” ААНТ орқали назорат ишларини амалга ошириш учун барча АГТКШ ва ГБЎСПлари (ўз ҳисобидан) газ баллонларини масофавий рақамли идентификация қилиш мосламалари билан таъминланади.

Маҳаллий газ баллон ишлаб чиқарувчи ташкилотлар ва республика ҳудудига олиб кирилган, мувофиқлик сертификатига эга газ баллонлари тўғрисидаги маълумотлар сертификатлаштириш органлари томонидан белгиланган шаклларда “Газбаллон назорат” ААНТ операторининг электрон базасига доимий тақдим этилади. Автотранспорт воситалари бир йилда бир маротаба техник кўрикдан ўтказиш даврида уларда ўрнатилган газ баллон(лар) путур етказмайдиган назорат (сканер) усули билан текширувдан ўтказилади.

Мавзуга оид