Жаҳон | 21:52 / 10.10.2024
5321
2 дақиқада ўқилади

Дунёда 733 миллион киши очликдан қийналмоқда — ҳисобот

Германиядаги Welthungerhilfe хайрия ташкилоти дунёнинг 36 та давлатида тўйиб овқатланмаслик билан боғлиқ ҳолатни «жиддий», олтитасидагини эса «ўта жиддий» деб таърифлади.

Фото: AP

Дунёда ҳамон 733 миллион киши очликдан азият чекмоқда, уларнинг аксарияти Африка минтақасида яшайди. Бу ҳақда Welthungerhilfe хайрия ташкилотининг Берлинда ўтказилган «Очарчилик индекси» ҳисоботида сўз боради.

Дунёнинг 36 та давлатида тўйиб овқатланмаслик билан боғлиқ ҳолат «жиддий», олтитасида эса «ўта жиддий» дея таърифланмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб беришга қуролли можаролар, хусусан, Судандаги фуқаролик уруши, глобал иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари таъсир кўрсатяпти.

Ҳисоботда келтирилишича, очликдан эркаклардан кўра кўпроқ аёллар азият чекмоқда. «Дискриминацион меъёрлар ҳамда зўравонлик уларнинг ресурсдан фойдаланиш ва инқирозларни енгиш қобилиятини чеклайди. Уларнинг имкониятларини ошириш боши берк кўчага кириб қолган очликка қарши курашда муҳим туртки бўлиши мумкин», — деб ёзади германиялик мутахассислар.

Welthungerhilfe президенти Марлен Тиме жаҳон ҳамжамиятини очлик муаммоларини ечишга етарлича эътибор қаратмаётганликда айблади. Хайрия ташкилоти маълумотларига кўра, 2022 йилда дунёда 800 миллиондан ортиқ инсон очликдан қийналган.

2023 йилда Тиме Германия федерал бюджетидан ривожланиш ва гуманитар ёрдам учун ажратиладиган маблағлар қисқартирилишини танқид қилганди. Welthungerhilfe раҳбарининг сўзларига кўра, Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Agenda 2030 дастури ва БМТ эълон қилган барқарор ривожланиш соҳасидаги 17 мақсад — узоқ муддатли истқиболда очликни енгиш учун яхши стратегиядир, аммо унинг амалга оширилиши учун «сиёсий ирода ва бирдамлик» керак.

Таъкидланишича, Германия хайрия ташкилоти 2022 йилда бутун дунё бўйлаб 603 та лойиҳа доирасида 37 давлатдаги 18,8 миллион инсонга ёрдам кўрсатган. Ҳисоботга кўра, Welthungerhilfe ихтиёрида 341,2 миллион евро, шу жумладан, 97,6 миллион евро хайрия маблағлари бўлган. Бундан ташқари, Германия ҳукумати ва Европа Иттифоқидан грантлар ажратилган.

Мавзуга оид