Ўзбекистон | 07:41 / 16.12.2021
25891
4 дақиқада ўқилади

Ички ишлар органларига 6та маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича баённомаларни расмийлаштириш ваколати берилади

Фото: Kun.uz

“Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248 ва 248-1-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали ички ишлар ва Миллий гвардия органларига экология соҳасидаги 9 та маъмурий ҳуқуқбузарликларни ўз ташаббуси билан аниқлаш ва баённомаларни расмийлаштириш, шунингдек, ички ишлар органларига 6 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича баённомаларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш ваколатларини берилиши кўзда тутилмоқда.

Жумладан, маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати яққол ажралиб турадиган, расмийлаштириш учун қўшимча ўрганишлар олиб бориш ва тадқиқотлар ўтказиш талаб этилмайдиган МЖтКнинг жами 9 турдаги, яъни 63-моддасида (ғайриқонуний ов, балиқ овлаш маҳсулотини тайёрлаш ёки қайта ишлаш ташкилотининг, савдо ёхуд умумий овқатланиш ташкилотининг мансабдор шахси томонидан қабул қилиб олишга оид қисмида), 72-модданинг биринчи қисми (сувларни ифлослантириш ёки булғатишга оид қисмида) ва тўртинчи қисмида, 79-моддасида,  88-моддасида (қурилиш ишларини ва бошқа ишларни бажариш чоғида ёнилғи моддалар ва бинокорлик материалларини тўплаш, махсус техник қурилмаларсиз очиқ аланга олдириб уларни ёқишга оид қисмида), 90-моддасида, 90-1-моддасида, 91-моддасида (саноат чиқиндиларини, маиший чиқиндиларни ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузишга оид қисмида), 91-1 ва 91-2-моддалари назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, ички ишлар органлари ва Миллий гвардия органларининг мансабдор шахслари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузилиши ҳамда МЖтКнинг 282-моддасида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган орган (мансабдор шахс)га юборилиши назарда тутилмоқда.

Ушбу ҳуқуқбузарликлар турлари ички ишлар ва Миллий гвардия органлари ходимлари хизмат олиб борадиган ҳудудларнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда белгиланмоқда. Жумладан, уларга МЖтКнинг VIII бобида (Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликлардан ташқари VII бобида (Мулкка тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар) қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳам киритилган (63-модда, Ғайриқонуний ов, балиқ овлаш маҳсулотини, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш маҳсулотини қабул қилиб олиш).

“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун билан ички ишлар органларига табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигига доир қонунбузарликлар олдини олиш бўйича юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, Ички ишлар вазирлиги тизимида экология соҳасида назоратни амалга ошириш йўналишига масъул бўлган бўлинмаларга экология соҳасига доир жами 6 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқиш ваколати берилиши назарда тутилмоқда.

Маълумот учун, МЖтКнинг 72-модданинг биринчи қисми (сувларни ифлослантириш ёки булғатишга оид қисмида) ва тўртинчи қисмида, 88-моддасида (қурилиш ишларини ва бошқа ишларни бажариш чоғида ёнилғи моддалар ва бинокорлик материалларини тўплаш, махсус техник қурилмаларсиз очиқ аланга олдириб уларни ёқишга оид қисмида), 90-модданинг биринчи қисмида, 91-моддасида (саноат чиқиндиларини, маиший чиқиндиларни ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузишга оид қисмида), 91-1-модданинг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида, 91-2-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш белгиланмоқда.

Бундан ташқари, лойиҳа билан МЖтКнинг 248 ва 248-1-моддаларига қўшимча киритилаётган тўртинчи қисм мазмунидан келиб чиқиб, кодекснинг 287-моддасига ҳам (Маъмурий йўл билан ушлаб туришга ваколатли органлар (мансабдор шахслар) тегишли қўшимчалар киритилмоқда, яъни ички ишлар ва Миллий гвардия органларига тегишли ҳуқуқбузарликни содир этган шахсни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ваколати берилмоқда.

Қайд этилишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳоли яшаш жойларининг санитария-экология ҳолати яхшиланишига, фуқароларнинг соғлиғини сақлаш ҳамда одамлар яшаши учун янада мақбул бўлган муҳитни шакллантириш чора-тадбирларини жадаллаштиришга хизмат қилади.

Мавзуга оид