Жаҳон | 22:05 / 02.11.2022
22704
2 дақиқада ўқилади

Қувур парчалари 250 метрга сочилган - «Шимолий оқим» текшируви натижалари эълон қилинди 

Швейцариянинг Nord Steam AG компанияси Болтиқ денгизи тубидаги «Шимолий оқим» қувурининг зарар етказилган қисмини кўздан кечириш ишларини якунлади. 

Фото: AP

27 октябрь куни Nord Steam AG компанияси томонидан ижарага олинган махсус кема «Шимолий оқим» қувурининг зарар етказилган қисмига етиб борган ва текшириш ишларини бошлаган эди. 

2 ноябр куни текширишнинг дастлабки натижалари эълон қилинди. 

«Воқеа жойини текширишнинг дастлабки натижаларига кўра, денгиз тубида бир-биридан тахминан 248 м масофада чуқурлиги 3 метрдан 5 метргача бўлган техноген воронка топилган. Улар ўртасидаги қувур вайрон қилинган, унинг бўлаклари камида 250 м масофага сочилиб кетган. Мутахассислар тадқиқот маълумотларини таҳлил қилишни давом эттирмоқдалар», дейилади хулосада. 

Nord Steam AG компанияси акцияларининг 51 фоизи «Газпром»га тегишли ҳисобланади. 

Эслатиб ўтамиз, 26 сентябрь куни Россия газини Европага экспорт қилиш учун мўлжалланган Болтиқ денгизи тубидаги «Шимолий оқим» газ қувурининг иккита тармоғи ва «Шимолий оқим-2» қувурининг бир тармоғида кўп миқдорда газ сизиб чиқаётгани маълум бўлди. Воқеа жойини ўрганиб чиққан Швеция полицияси қувурларга портлаш оқибатида зарар етказилганини эълон қилди. 

Портлашларни ким уюштиргани ҳозирча аниқ эмас. Россия президенти Владимир Путин воқеада «англосакслар»ни айблади. Россия Мудофаа вазирлиги портлашларни ташкил этиш ва амалга оширишда Британия ҳарбий-денгиз кучлари вакиллари иштирок этганини маълум қилди. Британия Мудофаа вазирлиги буни рад этмоқда. 

Мавзуга оид