Ўзбекистон | 20:28 / 14.12.2021
8449
4 дақиқада ўқилади

«Аҳолиси кўп шаҳарлардаги 10 мингга яқин кўп қаватли уйларнинг нотурар объект сифатида 10 фоизидан ҳам фойдаланилмаяпти» – Шавкат Мирзиёев

Фото: Kun.uz

Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида хизматлар соҳасини ривожлантириш учун ҳар бир туман ва шаҳар кесимида ишлаб чиқиладиган алоҳида дастурнинг иккинчи йўналишига кўра 29 та ўрта ва йирик шаҳарлар ҳамда аҳолиси 300 мингдан юқори 6 та туманда замонавий бозор хизматлари ривожлантирилиши айтилди.

«29та ўрта ва йирик шаҳарлар ҳамда аҳолиси 300 мингдан юқори бўлган 6та туманда замонавий бозор хизматлари ривожлантирилади. Энг аввало, аҳолиси кўп шаҳар ва туманларда хизматлар кўламини кенгайтириш учун энг долзарб масала – бу жой ажратиш ҳисобланади.

Лекин мазкур шаҳарларда 10 мингга яқин кўп қаватли уйлар мавжуд бўлиб, нотурар объект сифатида ушбу уйларнинг 10 фоизидан ҳам фойдаланилмаяпти. Ваҳоланки, аҳолига хизмат кўрсатиш учун энг қулай жой – кўп қаватли уйларнинг биринчи қавати ҳисобланади. Шу каби, шаҳарларда кўп қаватли уйлар ертўлалари ҳам деярли бўш турибди.

Сабаби, шу кунгача қурилган кўп қаватли уйларнинг ертўлалари одамлар ишлаши учун мўлжалланмаган. Бир ой муддатда янги қуриладиган кўп қаватли уйлар ертўласида хизмат кўрсатиш имкониятларини яратиш бўйича қурилиш нормаларига ўзгартириш киритилсин.

Бир ой муддатда кўп қаватли уйлардаги хонадонларни нотурар объектга айлантиришни соддалаштириш бўйича ҳукуматга қарор лойиҳаси киритилсин. Бунда, кераксиз бюрократияни олиб ташлаб, ёнғин хавфсизлиги ва санитария бўйича аниқ талаблар белгилансин», деган давлат раҳбари.

Шунингдек, енгил конструкцияли кўчма савдо ва хизмат фаолияти бўйича барча масалалар ҳал қилиб берилганига қарамасдан, электрон аукционга бирорта ер участкаси чиқарилмаганига эътибор қаратилган.

«Мисол учун, Тошкент шаҳрида биринчи қаватда жойлашган нотурар объектнинг ижараси ўртача 3-5 миллион сўм, вилоят марказларида 1-2 миллион сўм туради. Сартарошлик, тикувчилик каби хизматлар учун бунча миқдорда ижара ҳақи тўлашга одамларнинг имкони йўқ.

Йил якунига қадар 35та туман ва шаҳарларда енгил конструкцияли объектлар учун камида 100тадан ер участкалари аукционга чиқарилсин.

Шаҳарлар ва йирик туманларда хизматларни кўпайтиришнинг «катта сакраш устунлари» бўлган – таълим, тиббиёт, санъат, туризм, уй-жой ва транспорт имкониятларини ошириш керак. Мисол учун, шаҳарлардаги аксарият давлат мактаблари 2 баробар кўп юклама билан ишлаётгани, боғча ўринлари етишмаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Шу боис, шаҳарларда хусусий таълим хизматлари қамровини кенгайтирамиз. Бунинг учун, ҳам соҳага, ҳам аҳолига катта имконият ва енгилликлар яратяпмиз.

Мутасаддилар вилоят ҳокимлари бир ой муддатда аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжини ўрганиб, 100та қулай ер майдонларини белгилаб, мактаб ва боғча қуриш шарти билан аукцион орқали тадбиркорларга берсин», дейди президент.

Йиғилишда ҳудудлар учун режа қилинган лойиҳалар бўйича ишлар бошланиши лозимлиги таъкидланди.

«Яна бир масала – сайловолди дастурида Урганчдаги Паҳлавон Маҳмуд ва Хивадаги Аллея ҳудудларида Туризм кўчаси; Бухоро шаҳрида тиббиёт шаҳарчаси; Гулистон шаҳрида 6та вилоят шифохонаси негизида тиббиёт, Гулистон ва Янгиер шаҳарларида таълим ва тарбия кластерлари; Қўқон шаҳри ягона концепция ва замонавий инфраструктура асосида водийнинг савдо ва транспорт-логистика маркази; Андижон ва Янги Андижон шаҳарларини ўзаро Нурафшон ва Паркентни пойтахт билан боғловчи тезюрар транспорт тизими йўлга қўйилишини айтган эдим.

Энди масъуллар белгиланиб, лойиҳалар бошланиши шарт. Умуман, 35та туман ва шаҳарларда туризм, транспорт, тиббиёт, таълим объектлари ва йирик савдо комплексларини ташкил этиш учун 200 миллион доллар йўналтирилади. Умуман, 29та шаҳар ва 6та йирик туманда хизмат кўрсатиш соҳасида 200 минг иш ўрни яратилади», деди президент.

Мавзуга оид