Жаҳон | 12:00 / 18.12.2024
61614
3 дақиқада ўқилади

Москвада россиялик генерал ўлдирилишида Ўзбекистон фуқароси гумонланмоқда

Россия ФХХ хабарида айтилишича, теракт ташкилотчиси Украина махсус хизмати бўлиб, улар ижрочига 100 минг доллар мукофот ҳамда Европа Иттифоқига чиқариб қўйишни ваъда қилган.

Россия Тергов қўмитаси ФХХ ва ИИВ ҳамкорлигида Ўзбекистоннинг 29 ёшли фуқаросини террорчилик ҳужуми содир этишда гумон қилиб, қўлга олди. У 17 декабр куни Россия Федерацияси қуролли кучлари радиация, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинлари бошлиғи Игор Кириллов ва унинг ёрдамчиси Иля Поликарповнинг ўлдирилишида гумонланмоқда.

Маҳаллий нашрлар ёзишича, у сўроқ пайтида Украина махсус хизматлари томонидан ёллангани, бунинг учун 100 минг доллар миқдорида пул мукофоти ва Европа давлатларидан бирига яшаш учун чиқиши кафолатланганини айтган.

«У Украина махсус хизматларининг кўрсатмаси билан Москвага келган ва қўлда ясалган портловчи мосламани Игор Кириллов яшаган турар жой биносига кираверишида турган электр скутерига қўйган. Ҳарбий хизматчининг яшаш жойини кузатиш мақсадида у автомашина ижарага олиб, у ерда видеокузатув камерасини ўрнатган. Ушбу камерадан олинган кадрлар Днепр шаҳридаги теракт ташкилотчиларига онлайн тарзда узатиб турилган. Ҳарбий эшикдан чиқиб кетаётгани ҳақида видеосигнал олинганидан кейин портловчи қурилма масофадан туриб ишга туширилган»,дейилади Россия тергов қўмитаси баёнотида.

Шунингдек, ушбу жиноятни уюштиришга алоқадор бошқа шахслар аниқланмоқда. «Коммерсант», РБК, «Известия» нашрлари ҳамда «112» телеграм-канали иккинчи гумонланувчи ҳам қўлга олинганини ёзмоқда.

Маҳаллий телеграм-каналларда ҳибсга олинган шахсни сўроқ қилиш жараёни акс этган видео тарқатилди.

«Мен Украина махсус хизматлари топшириғи билан Москвага келдим. Кейин самокат сотиб олдим. Бир неча ойдан кейин бомба учун буюмлар келди, уларни олдим. Кейин ҳамма нарсани тайёрлаб, генерал яшайдиган уй ёнига қўйишди. Кейин у уйдан чиққач, тугмачани босдим. Нега бундай қилдим, нима учун? Менга 100 минг доллар ва Европа паспорти таклиф қилишди», — дейди гумондор.

Shot ва Baza маълумотларига кўра, генерални ўлдиришда гумон қилинаётган шахснинг исми — Аҳмад Қурбонов. У Балашихда яшаган ва Москва яқинидаги Черное қишлоғида қўлга олинган.

Генерал-лейтенант Игор Кириллов ва унинг ёрдамчиси 17 декабр куни тонгда Москва шаҳри Рязанск проспектидаги уйи олдида рўй берган портлаш оқибатида ҳалок бўлганди. Тергов маълумотига кўра, қўлбола портловчи қурилма уй подъезди ёнида турган электр самокатга ўрнатилган. Портлаш кучи эквивалентни тахминан бир килограмм тротилга тенг бўлган. Тергов қўмитаси теракт, қотиллик ва ноқонуний қурол сақлаш моддалари бўйича жиноий иш қўзғатганди.

 

Мавзуга оид