Ўзбекистон | 08:33 / 17.12.2024
4555
2 дақиқада ўқилади

Давлат банклари маҳалла стартапларига 50 млн доллар ажратади

Келгуси йилда 30 та туманда балиқчилик, қуёнчилик, чорвачилик ва асаларичилик бўйича кооперациялар кўпайтирилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент раислигида маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича қилинган ишлар сарҳисоби ва 2025 йил учун устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Фаол тадбиркорлар иштирокида 27 та туманда очилган кооперациялар яхши самара бераётгани таъкидланди. 

Мутасаддиларга келгуси йилда 30 та туманда балиқчилик, қуёнчилик, чорвачилик ва асаларичилик бўйича кооперацияларни кўпайтириш топширилди. Бунга 500 миллиард сўм йўналтирилиши белгиланди.

Бундан ташқари, ҳозирда 15 минг тадбиркор маҳсулотларни электрон платформаларда сотиб, даромадини карра-карра оширяпти. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури хусусий банк билан 1 минг 300 нафар аёлни ўқитиб, маҳсулотини онлайн сотиш тажрибасини яратмоқда. 

Давлат раҳбари йиғилишда қатнашган БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фудзиига лойиҳалар қилиб, янги-янги ғоялар олиб келаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Ҳам инвестиция олиб келадиган, ҳам кўп иш ўрни яратадиган стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш кенгайтирилади. 

Давлат банклари венчур компания очиб, маҳалла стартапларига ўз маблағидан жами 50 миллион доллар ажратиши муҳимлиги қайд этилди. Стартапларни бизнесга айлантирадиган акселераторлар ҳам очиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Мавзуга оид