Жамият | 16:00 / 29.09.2021
9953
5 дақиқада ўқилади

«Тадбиркорларни энди экспортга чиқарамиз» - Алишер Исаев билан суҳбат

Сўнгги пайтларда бизнес тренерлар кўпайгандан кўпайди. Ижтимоий тармоқларда уларнинг айрим тренингларидан видеолар кўпайгани сайин савия борасидаги саволлар юзага чиқяпти. Фойдаланувчилар ва умуман оддий одамларда бу соҳа вакилларига нисбатан истеҳзо, ишончсизлик ва тушунмовчилик пайдо бўлди.

Аммо шундай тренерлар борки, амалда кўп нарсани ўз бошидан ўтказган, тажриба орқали шу соҳага етиб келган. Ва бундай тренерлар фақат ўз манфаати учун эмас, умумманфаат учун, ҳаммаслакларнинг ривожланиши учун тадбир иштирокчилари билан билимини бўлишишни истайди. Ана шундай инсонлардан бири Алишер Исаев. Бизнесмен, тадбиркор ва бизнес мураббий билан турли мавзуларда суҳбат қилдик.

 

“Айни пайтда бир неча лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Булардан бири Sales Doctor бўлиб, лойиҳа икки йўналишга бўлинган. Бири IT компания. Бунда биз дистрибьюторларнинг ишларини автоматлаштирамиз. Тадбиркорларни ривожлантириш устида ишлаймиз. Sales Doctor қошида Milliard клубини ташкил қилдик. Ушбу клуб тадбиркорларга ўз маҳсулот ва хизматларини хорижга олиб чиқишда, экспортни ривожлантиришда кўмак беради. Шунингдек, RoboKidz номли робототехника курсларини очганмиз. 2shop IT компаниямиз эса чакана савдо эгаларига хизмат кўрсатади – биз чакана савдо нуқталари ва улгуржи савдони оптималлаштиришга ёрдам берамиз”, – дейди фаолияти ҳақида Алишер Исаев.

Sales Doctor шиори – Савдони даволаймиз!

Ҳар бир тадбиркор бу – доктор, бизнес эса – бемор. Тадбиркорнинг вазифаси бизнесни соғлом ушлаб туриш. Биз носоғлом бизнесни даволашда ёрдам берамиз. Ўзим ёлланма раҳбар бўлиб ишлаганман. Бу соҳанинг касалликлари ҳақида ўз тажрибамдан биламан. Dena савдо белгисини биласиз. Тижорат директори, бош директор лавозимларида ишлаб, ана шу брендни бозорда олға сурганмиз. Balton Trading компаниясида дистрибуция соҳаси паст-баландини кўрдим. Биласизми, “беморлик” одатда илмсизликдан келиб чиқади.

Тадбиркор бир ишни бошлайди ва тезда бойиб кетаман, деб ўйлайди. Амалда эса бир қанча тўсиқларга дуч келади ва... тўхтайди. Сармояси тугаб қолади, товарлари сотилмай, “туриб” қолади. Амалда жуда кўп тадбиркорларимиз олиши мумкин бўлган фойданинг атиги 20-30 фоизинигина олади, холос. Биз эса мана шу кўрсаткични 100 фоизга олиб чиқишга кўмаклашамиз. Муаммо ташқи омиллардан ҳам кўра одамнинг ўзида – унинг миясида. Биз тадбиркорларга ўз бизнесига рақамлар орқали қарашни, муаммоларни интуитив эмас, рақамларда ечишни ўргатамиз.

Турфа бизнес тренерлар ҳақида

Бозорда талаб ва таклиф бўлишини биласиз. Ҳозирда сиз айтаётган “тренерлар” кўпайиши давр тақозоси, менимча. Масалан, тиббиётда ҳам фирибгарлар кўп. Буни маъмурий йўл билан йўқотиб бўлмайди. Бунга фақат вақт керак. Аста-секин одамлар ўзлари саралаб олишади сараги ва пучагини. Икки хил тренерлар бор: биринчи тоифа – ўзи бошидан ўтказган, хатолар қилган, тажрибага эга тренерлар. Иккинчи тоифа – булар кўпроқ китоб ўқишади ва ўқиганларини айтиб беришади. Авваллари кўп ўйлардим – қандай қилиб одамлар уларга ишонишади? Билдимки, булар ҳам керак. Чунки оддий, элементар нарсаларни билмайдиганлар кўп экан ва айнан ўшаларга шу тоифа тренерлар керак экан. Бу бозор. Афсуски, айримлар бу соҳага доғ туширишаётгани бор гап.

Ўзбек тадбиркори: у ким?

Хорижлик тадбиркорлар билан ишлаганмиз, масалан, россиялик, қозоғистонлик, беларуслик. Улар ва ўзбекистонлик тадбиркорлар орасидаги фарқ, айтиш мумкинки, ер билан осмонча. Коммуникация масаласида бизникилар жуда оқсашади. Юқорида айтганимдек гап бизнинг онгимиз, фикрлашимиз, миямизда. Кўринмас чегараларимизни буза олсаккина бошқалардан кам эмаслигимизни кўрсата оламиз. Нафақат кам эмас, ўзиб кетиш имконияти ҳам бор бизда.

Нега хорижда миллатимни гастарбайтер, ишчи, келгинди деб камситишади, бизга паст назар билан қарашади, деган фикрлар доим тинчимни ўғирлаган. Бир куни тунда мана шу фикрлар ҳеч тинчлик бермасдан, Ҳасан акага Телеграм орқали ёздим (Мамасаидов – таҳр.) Ютубда канал очайлик, тадбиркорларга билим берайлик, дедим. Шу тариқа “Топ-менежер” кўрсатуви пайдо бўлди. Кейин тренинглар. Миллиард клубига асос солдик. Кўпчилик ишбилармонларимиз ўрганганини амалда қўллай олмаяпти. Биз гапдан амалиётга ўта бошладик. Амалий ёрдам бера бошладик. Ҳозир ҳукуматимиз ҳам бу соҳага кўмакчи бўляпти. Келгусида жаҳонда ўзбек тадбиркорининг ижобий имижини шакллантирмоқчимиз!

Суҳбат давомида Алишер Исаев тадбиркорлар билан рўй берган қизиқарли ҳолатлар ҳақида ҳам гапириб берди. Шунингдек, бошқа мавзуларга ҳам тўхталди. Видеоинтервьюда батафсил маълумот оласиз.

Веб сайт: alisherisaev.uz

Телеграм канал: t.me/AlisherIsaev_blogi

Instagram: alisherisaev_blogi

Youtube: alisherisaev

Мавзуга оид