Ўзбекистон | 20:12 / 11.01.2022
2420
2 дақиқада ўқилади

Андижон вилоятида ҳоким ёрдамчилари иш бошлади

Андижон вилояти ҳокимининг тегишли фармойишига асосан ҳудуддаги 887 та маҳаллага ҳоким ёрдамчилари лавозимга тайинланди.

Жумладан, Андижон шаҳрида 83, Хонобод шаҳрида 15, Андижон туманида 78, Асака туманида 74, Балиқчи туманида 66, Бўстон туманида 25, Булоқбоши туманида 37, Жалақудуқ туманида 63, Избоскан туманида 63, Улуғнор туманида 24, Марҳамат туманида 48, Олтинкўл туманида 56, Пахтаобод туманида 67, Хўжаобод 38,  Шаҳрихон 76, Қўрғонтепа туманида 74 нафар ҳоким ёрдамчиси иш бошлади. 

Ҳоким ёрдамчилари қуйидаги вазифаларни бажаради:

- маҳалладаги ишсиз аҳолини иш билан таъминлаш, уларга доимий
даромад манбаини яратишга кўмаклашиш учун устувор равишда
маҳалладаги муваффақиятга эришган тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда фаолиятини олиб боради;

- республика вакиллари билан биргаликда ўзига бириктирилган
маҳаллани ривожлантириш бўйича 2022 йилга мўлжалланган «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқади, ижросини таъминлайди;

- ажратилаётган ресурслардан самарали фойдаланиш юзасидан доимий мониторингни амалга оширади;

- амалга оширилган ишлар натижадорлиги юзасидан туман (шаҳар) ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари билан биргаликда доимий равишда ҳокимга ҳисобот беради.

Ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими жорий этилади ва юқори натижаларга эришган ҳоким ёрдамчилари Миллий кадрлар захирасига киритилади.

Мавзуга оид