Маҳалла банкирлари фаолияти йўлга қўйилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида банк хизматлари орқали маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича жорий йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун асосий режалар юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда маҳаллалар даражасида ҳокимлар банклар билан ҳамкорликда ишлаши зарурлиги қайд этилди. Улар маҳаллаларда 4 та тажрибани кенгайтириб, одамлар даромадини ошириш бўйича биргаликда ишлайдиган тизим бўлади.
Бунда туман банклари мижозбай ишлаб, тадбиркорлар лойиҳаларига кўмаклашади, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этади, туман ҳокимлари эса лойиҳани жой ва инфратузилма билан таъминлаш мажбуриятини олади.
Йиғилишда туманларда маҳалла банкирлари фаолиятини йўлга қўйиш таклифи қўллаб-қувватланди. Маҳалла банкирлари маҳалланинг бизнес имкониятларини ўрганади, одамлар билан гаплашиб, уларнинг ғояларини лойиҳаларга айлантиради. Аҳолини кредит олиш, қайтариш, бизнес очиш, маҳсулотини сотишга ўргатади, лойиҳаларга ҳамроҳлик қилади.
Президент банкларни ўйлантираётган қатор масалалар борлигини таъкидлаб, уларнинг ечимига қаратилган ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, банклар балансида 3 мингта ҳаракатсиз мулк бор. Банклар улардан тезроқ қутулса, қўшимча ресурс ва 150 мингта иш ўрни яратиш учун захира пайдо бўлади.
Шу боис, банкларга ҳаракатсиз мулкларни бозор қийматида тўғридан тўғри сотишга рухсат берилиши белгиланди. Шунингдек, банклар бу мулкларни даромадли бизнесга айлантириб, тайёр ҳолда инвесторга сотадиган тизим яратилади.
Мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилгани учун жорий йилда 5,5 триллион сўмлик микромолия ва факторинг хизматлари кўрсатилди. Энди ҳар бир давлат банки ўзининг микромолия ва факторинг компаниясини очиб, унга хорижий инвесторларни жалб қилишни режалаштирмоқда. Бунда банклар ресурсларни қарзга эмас, инвестиция сифатида олиб келмоқчи. Келгуси йилда микромолия ва факторинг компаниялари орқали 10 триллион сўмлик хизматлар кўрсатиш муҳимлиги таъкидланди.
Аниқланган имкониятларни натижага айлантириш учун банклар мустаҳкам молиявий ресурсга эга бўлиши кераклиги таъкидланди. Давлат маблағлари қаторида ташқи манбалардан ҳам ресурс жалб қилиш зарурлиги қайд этилди.
Бунинг учун ҳар бир банкда чет элдан маблағ олиб келадиган ишчи гуруҳ тузиш, хорижий банклар билан тизимли ишлаб, чет элда роуд-шоулар ўтказиш, евробонд чиқариш, банк рейтингини яхшилаш ва халқаро стандартларга мослашиш долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Охирги 5 йилда кичик ва ўрта бизнеснинг кредит портфелидаги улуши 40 фоиздан 28 фоизгача пасайгани кўрсатиб ўтилди. Бундай кредитлар улушини 40 фоизга ёки 120 триллион сўмга етказиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.
Умуман, йирик лойиҳаларни кичик бизнес ҳисобидан молиялаштириш амалиётига чек қўйиш вақти келгани қайд этилди.
Мавзуга оид
13:58 / 20.12.2024
1 январдан бошлаб ер ёки давлат мулки ҚҚСсиз сотилади
16:14 / 17.12.2024
Мирзиёев Қатар амири билан стратегик шерикликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди
22:53 / 16.12.2024
Эмин Агаларов Чорвоқ бўйида Sea Breeze Uzbekistan туристик марказини қурмоқчи
15:58 / 16.12.2024