Ўзбекистонда нималарни реклама қилиш тақиқланади?
«Реклама тўғрисида»ги янги қонунга кўра, рекламалар ўзбек тилида берилиши керак. Бошқа хорижий тилларда ҳам берса бўлади, фақат бунинг ўзига хос шартлари бор. Шунингдек, нархларни чет эл валютасида кўрсатиш, она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш ҳам тақиқланмоқда.
Жорий йилнинг 9 сентябридан «Реклама тўғрисида»ги қонун кучга кирди. Унга кўра, бир қанча янги тартиб ва чекловлар ўрнатилмоқда. Хусусан, эндиликда рекламалар давлат тилида тарқатилиши шарт.
Шу билан бирга, реклама мазмунининг таржимаси қуйидаги талабларга риоя этган ҳолда бошқа тилларда такрор берилиши мумкин:
- реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги керак;
- ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг 40 фоизидан ошмаслиги керак;
- рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши керак;
- теле- ва радиоканалларда, шунингдек босма нашрларда тарқатиладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси ҳар кунги умумий реклама ҳажмининг 20 фоизидан ошмаслиги керак.
- рекламани давлат тилида жойлаштириш ва унинг мазмунини таржима қилиш талаби қуйидаги рекламаларга татбиқ этилмайди:
- фақат чет тилларида чоп этиладиган босма нашрларда ва бошқа нашриёт маҳсулотларида;
- материалларни фақат чет тилларида жойлаштирадиган ахборот веб-сайтларида;
- чет тилларида эфирга узатиладиган телевидение, радио, видео ва кинохроника дастурлари кўрсатилиши вақтида.
Қонунга кўра, қуйидагилар тақиқланади:
- она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш;
- нархларни (тарифларни) чет эл валютасида кўрсатиш;
- болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ахборот маҳсулотини ёш таснифини кўрсатмасдан реклама қилиш;
- таълим муассасаларида фойдаланиладиган босма нашрлар (дарсликлар, кундаликлар, дафтар ва бошқалар)да товарларни реклама қилиш;
- миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш;
- энергетик ичимликларнинг рекламасини соат 7:00 дан 22:00 гача бўлган даврда телевидение ва радио орқали реклама қилиш;
- тамаки маҳсулотларини ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларини реклама қилиш.
Бундан ташқари, дори воситаларини реклама қилишда таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирок этиши тақиқланади. Шунингдек, алкоголь маҳсулотлари рекламасига ҳам йўл қўйилмайди.
Давлат мулки бўлган ер участкалари, бино ва иншоотларга ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатишга бўлган ҳуқуқ ягона электрон савдо майдончаси орқали очиқ электрон аукционлар асосида 5 йил муддатга берилади.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги реклама айланиши соҳасида ваколатли давлат органи этиб белгиланди.
Қонун талабларини бузганларга қандай жазо қўлланади?
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-1-моддасига кўра, нотўғри реклама бериш, ташқи рекламани жойлаштириш талабига риоя қилмаслик ёки аксилреклама беришдан бош тортиш, шунингдек, қонунчиликда тақиқланган маҳсулотни реклама қилиш БҲМнинг 7 бараваригача жарима солинишига сабаб бўлади.
Мавзуга оид
14:30 / 08.07.2021
«Реклама тўғрисида»ги янги қонун лойиҳаси Бизнес-омбудсман ва Савдо-саноат палатаси билан келишилмагани маълум бўлди
16:44 / 07.07.2021
«Реклама тўғрисида»ги янги қонун лойиҳаси: тадбиркорларнинг бўйнига арқон, оёғига кишанми?
21:34 / 01.06.2021
«Болаларимизни фақат чет эл медиамаҳсулотлари билан катта қилаётганимиз етар» — Алламжонов болалар контентидан реклама тақиқини олиб ташлашни сўради
17:59 / 01.06.2021