Спорт | 11:12 / 19.12.2024
20453
18 дақиқада ўқилади

«Реал»да янги соврин, «Арсенал»га ҳакамлар ёрдам берди, Шомуродов гол урди

«Реал» яна кубок ютди ва рекорд ўрнатди, Доннарумманинг юзига ўнта чок тушди. Чоршанба оқшомида жаҳон футболида рўй берган асосий воқеалар ва ўйинлардаги голлар.

Фото: Getty Images

Қитъалараро кубок финали: Анчелотти — клуб тарихидаги энг совриндор мураббий

«Реал» — «Пачука» 3:0
Голлар:
Мбаппе (37), Родриго (53), Винисиус (84, пеналти).
«Реал» – Куртуа, Фран Гарсия, Рюдигер, Чуамени, Васкес (Асенсио, 88), Камавинга (Себаллос, 62), Валверде, Беллингҳэм (Гулер, 88), Винисиус, Родриго (Модрич, 70), Мбаппе (Диас, 62).
«Пачука» – Морено, Гонсалес, Миколта, Баррето, Родригес (Санчес, 75), Педраса, Монтиэл, Деосса (Эрнандес, 88), Баутиста (Мена, 75), Идрисси (Домингес, 88), Рондон.
Огоҳлантиришлар: Педраса (51), Рондон (90+3). 

Қатарда Қитъалараро кубок финали ўтказилиб, унда Европанинг амалдаги чемпиони «Реал» ҳамда Шимолий ва Марказий Американинг энг яхши клуби «Пачука» тўқнашди. Моҳиятан бу охирги 23 йил мобайнида ўтказиб келинган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати форматидаги турнир эди. Шунчаки, олдинги турнир ислоҳ қилинди: унда сўнгги ойларда барча қитъалардан 32 жамоа иштирок этди. ОЧЛ ғолиби «Ал-Айн» ва Янги Зеландиянинг «Окленд» клублари турнирни сентябр ойида бошлаб беришганди. Иккинчи раунддаги икки ўйин эса октябр ва декабр ойи бошида ўтказилди.

Мексикаликлар жамоаси сафида 35 ёшга чиққан, турли йилларда «Малага», «Вест Бромвич», «Рубин», «Зенит» ва ЦСКА клубларида тўп сурган венесуэлалик Саломон Рондон ҳамда «Севиля» ва «Аякс» клублари собиқ футболчиси Уссама Идрисси ажралиб турди. Анчелотти эса у қадар номдор бўлмаган рақибга қарши кутилмаганда асосий таркибни туширди: Тибо Куртуа, Антонио Рюдигер, Фран Гарсия, Лукас Васкес, Орелен Тчуамени, Федерико Валверде, Эдуарду Камавинга, Жуд Беллингҳем, Родриго, Винисиус Жуниор ва  Килиан Мбаппе. Яъни шундай даражадаги ўйинда ҳам Раул Асенсио, Арда Гулер ва Эндрик каби ёш футболчилар захирада қолдирилди.

Майдонда эса илк дақиқалардан «Пачука» ташаббусни қўлга олди: марказий америкаликлар тўпни кўпроқ ўзида ушлаб туриб, мадридликлардан фарқли ўлароқ вазиятлар яратишди. Хусусан, Луис Родригес ўнг қанотдан дарвозанинг яқин пастки бурчагига кучли зарба йўллаб, Куртуанинг реакциясини текшириб кўрди. Белгиялик посбон эса ҳушёрлигини йўқотмади. «Реал» анча вақтгача ҳужум ҳақида ўйламади ва рақибдан тўпни олиб қўйишга уриниш билан машғул бўлишди.

Фақат бўлим ўрталарида Европа чемпионлари босимни оширишди ва рақиб ҳимояси ортида қолдирилаётган бўшлиқлардан фойдаланишга уринди. Жамоанинг юлдузли ҳужум чизиғи яхши комбинациялар уюштириб, дриблинг ишлатган ҳолда олдинга чиқишди, лекин ҳар сафар футболчиларга сўнгги паллада кимдир халақит бериб қолди. 37-дақиқага келиб дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар статистикаси мексикаликлар фойдасига 2:0 кўринишида эди.

Аммо «Реал» барибир «Реал»лигини кўрсатди. Валверде ва Камавинга девор услубида ўйнади, Беллингҳем тўпни чап қанотга оширди, Винисиус жарима майдонига ёриб кириб, чиройли финт билан дарвозабонни газонга ётқизди ва тўпни марказга узатди. Мбаппедан шунчаки бир неча метрдан хато зарба бермаслик қолганди. Килиан 2022 йилги жаҳон чемпионатининг машҳур финали ўтказилган ва ўзи ҳет-трик қайд этган «Лусайл» стадионида яна бир бор гол урди.

Иккинчи бўлим бошида эса Родриго ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди. Бразилиялик вингер Мбаппедан тўпни қабул қилиб олгач, ўнгдан марказга кўчиб, финт билан бир неча ҳимоячини доғда қолдирди ва ўнг оёғида тўпни олис бурчакка йўналтирди.

VAR ҳакамлари голни бекор қилишга ҳаракат қилди, аммо монитор қаршисига борган бош ҳакам Хесус Валенсуэла қарорини ўзгартирмади — у офсайд ҳолатида турган Беллингҳем дарвозабонга халақит бермаган деб топди. 

Шундан кейин, амалда ўйин якунланди. «Пачука» яримфиналда Қоҳиранинг «Ал-Аҳли» клубига қарши пеналтилар сериясида 1:3 ҳисобидан чиқиб кетганди, аммо бу ўйин бутунлай бошқа даража эди. Анчелотти Камавинга ва Мбаппени майдондан олиб, Браим Диас ва Дани Себалйосни туширишни ўзига эп кўрди. Кейинроқ Родригони Лука Модричга алмаштирди. Охирги дақиқаларда — Васкес ва Беллингҳем ўрнига Гулер ва Асенсио туширилди.

Мексикаликлар қолган вақт давомида фақат иккита вазият яратди — ерлатиб берилган зарба кучсиз чиқди, Рондоннинг бош билан йўллаган зарбаси тўсин юқорисидан ўтиб кетди. Винисиус эса қулай позициядан олис бурчакка йўллаган зарбаси тўғри бормади, яқин масофадан эса дарвозабонни алдай олмади. Аммо у барибир майдонни голсиз тарк этмади — Идрисси шу куни жамоа сардори сифатида ўйнаган Васкесга жарима майдонида қўполлик қилди ва ҳакам видеотакрордан кейин пеналти белгилади. Шу кунларда ФИФА томонидан ўтган мавсумнинг энг яхши футболчиси деб топилган Вини Мадрид суперклуби сафида ўн икки финалдаги ўн тўртинчи голини урди. Ўйин охирида олқишлар билан кутиб олинган Модричнинг «Реал» билан қўлга киритган совринлари сони 28 тага етди.

Фақат 1960 йилдан 2003 йилга қадар ўтказилган Қитъалараро кубок натижалари ҳисобга олинса ҳам, бу «Реал» учун тўртинчи соврин — жамоа аввал 1960, 1998 ва 2002 йилларда биринчи бўлган. 

Анчелотти учун ҳам бу алоҳида кун — италиялик мутахассис Мадридда 15-совринига эга чиқди ва афсонавий Мигел Мунйоснинг (жамоага 1960-1970-йилларда мураббийлик қилган) натижасини яхшилади. У жамоасининг финалга муносабатидан кўнгли тўлганини айтди. Энди асосий эътиборни Испания чемпионатига қаратиш мумкин. Якшанба куни «Севиля»га қарши ўйин кутмоқда.

Англия: Жезуснинг қайтиши

«Арсенал» — «Кристал Пэлас» 3:2
Голлар:
Жезус (54, 73, 81) — Матета (4), Нкетиа (85). 
«Арсенал» – Райя, Тирни (Люис-Скелли, 69), Кивёр (Габриэл, 87), Тимбер, Парти (Салиба, 46), Мерино, Жоржиньо, Нванери (Эдегор, 46), Троссар, Жезус, Стерлинг (Сака, 70).
«Кристал Пэлас» – Ҳендерсон, Геҳи, Лакруа, Чалоба, Эзе (Камада, 59), Сарр, Митчелл (Шлупп, 86), Кпорха (Клайн, 46), Лерма, Ҳюз (Девенни, 80), Матета (Нкетиа, 59).
Огоҳлантиришлар: Кпорха (23), Люис-Скелли (90).

«Эмирейтс»даги ўйинда «Арсенал» асосий етакчиларига дам берди ва илк дақиқалардаёқ гол ўтказиб юборди. «Кристал Пэлас» дарвозабони Ҳендерсоннинг узатмасидан кейин Матета Кивиорнинг қўпол хатосидан фойдаланиб, ҳисобни очди. Бу ҳужумдан кейин «канонирлар» меҳмонларни жарима майдонига қамашга киришди ва Микел Артета натижага эришиш учун танаффусда ўзгартиришлар қилди.

Якунда ҳет-трик қайд этган Габриэл Жезусга шунчаки яхши ассистентлар етишмаётгани ойдинлашди, иккинчи бўлимда тушган Эдегор иккита, Сака битта голга ҳаммуаллифлик қилди. Фаолиятидаги мураккаб даврни бошдан кечираётган бразилиялик ҳужумчи уларнинг ёрдамида бир кечада 2024 йил бошидан буён урган голлари сонидан кўпроқ гол урди. Айниқса унинг «Арсенал» ҳисобни тенглаштиришига имкон берган голи чиройли чиқди. Бу ҳужум якунида у Жезус тўпни нозик ҳаракат билан дарвозабон устидан ошириб ташлади.

Шу билан бирга, унинг иккинчи голи муҳокамаларга сабаб бўлди. Сака узатма берганида у офсайдда қолганида, аммо ҳакамлар буни пайқамади, VAR эса лига кубогида фақат яримфиналдан ишлай бошлайди. Якунда «Арсенал»нинг собиқ футболчиси Нкетианинг битта жавоб голи етарли бўлмади. Меҳмонлар xG бўйича 0.34 кўрсаткичидан иккита гол уришди, аммо видеоассистентлар йўқлиги — «бургутлар» турнирнинг кейинги босқичига ўта олмаслиги сабабларидан бири бўлди. 

«Саутҳэмптон» — «Ливерпул» 1:2
Голлар:
Арчер (59) — Нунес (24), Эллиот (32).
«Саутҳэмптон» – Маккарти, Мэннинг, Бри (Сугавара, 61), Вуд-Гордон, Беднарек (Бреретон, 84), Ҳарвуд-Беллис, Фернандеш, Арибо (Лаллана, 84), Даунс (Сулемана, 73), Диблинг, Арчер (Онуачу, 73).
«Ливерпул» – Келлеҳер, Гомес (Цимикас, 46), Эндо, Куанса, Александер-Арнолд (Кьеза, 46), Ниони (Дэннс, 86), Мортон, Мак Аллистер (Макконнелл, 63), Эллиот, Гакпо (Жота, 63), Нунес.
Огоҳлантиришлар: Эллиот (57), Даунс (57), Макконнелл (90), Бреретон (90+4).

Якшанба куни «Тоттенҳэм»дан 0:5 ҳисобида мағлуб бўлган «Саутҳемптон» Рассел Мартинни ишдан бўшатди. Раҳбариятнинг бу қарори мўъжизага сабаб бўлмади, аммо «авлиёлар» кучли рақибга қарши анча тетик ҳаракат қилишди. Айниқса, иккинчи бўлимда, биринчи бўлимда эса мезбонлар «Ливерпул»нинг икки голидан кейин совиб қолганди. Ҳисобни очган Нунес учун трибуналарда айтилган ҳақоратли қўшиқ қўшимча мотивация бўлиб хизмат қилди. Фанатлар қўпол тарзда уругвайлик ҳужумчини мерсисайдликларнинг собиқ форварди Кэрроллга ўхшатишди. Ва Дарвин тўпни дарвозага йўллаганида, бармоғини лабига қўйиб, трибунадагиларга жим бўлишни таклиф қилди.

Эллиот ҳисобдаги фарқни оширганида «Саутҳемптон» бутунлай таслим бўладигандек тасаввур уйғонди. Иккинчи бўлимда эса сентябр ойидан буён жароҳатини даволаган Киеза майдонга тушиб, меҳмонлар ҳужум чизиғини кучайтирди. Фақат италиялик ўта қулай вазиятни йўққа чиқаришидан олдинроқ «авлиёлар» Арчернинг чиройли зарбаси билан ҳисобни қисқартиришга улгурганди. Шундан кейин Арне Слот бир неча қийин дақиқани бошдан ўтказишига тўғри келди, Киеза барибир ўз мақсадига эришишига эса дарвозабондан ўтган тўпни чизиқ олдида тўсиб қолган Даунс йўл қўймади. Бу ўйинда ҳам ҳакамлар VAR’сиз хатога йўл қўйишди, ўйин охирида арбитр яқин масофада турганига қарамай, Куансанинг фолини кўрмади, ушбу ҳимоячи яккама-якка вазиятга чиқиб бораётган рақибни тўхтатганди ва қизил карточка олиши лозим эди.

Италия: «Аталанта»нинг рекорди

«Аталанта» — «Чезена» 6:1
Голлар:
Заппакоста (4), де Кетеларе (8, 35), Самаржич (27, 71) Брешианини (54) — Сесай (90).
«Аталанта» – Патрисиу (Росси, 78), Жимсити (Годфри, 64), Ҳин (Сулемана, 64), Толои, Самаржич, де Кетеларе (Заниоло, 52), Заппакоста, Пашалич (Брешианини, 52), де Рон, Палестра, Ретеги.
«Чезена» – Писсери, Пиераччини, Пиачентини, Чофи (Курто, 74), Каргбо (Сесай, 75), Тавшан (Франческони, 60), Челия, Бастони (Кярелло, 60), Мендичино, Адамо (Храйеш, 82), ван Ҳойдонк.
Огоҳлантиришлар: Жимсити (28), Толои (45), Бастони (53).

Жан Пиеро Гасперини В серия вакилига қарши кубок ўйинида ҳам жанговар таркибни ташлади ва бу таркиб «Чезена» мудофаасини шунчаки янчиб ташлади. «Аталанта»нинг энг яхши тўпурари Ретеги навбатдаги ёрқин ўйинини ўтказди. У гол урмади, аммо унинг узатмалари Европадаги футбол оқшомини безади. Биринчи ҳолатда форвард Де Кетеларени зарба бериш нуқтасига чиқарди. Иккинчисида яна бир чиройли ҳаракат билан тўпни Самаржичга етказди, у эса дубл қайд этган Де Кетеларега ассистентлик қилди. Бергамоликлар якунда илк бор Италия Кубогидаги бир ўйинда олти гол уришга эришди. «Аталанта»нинг бу турнирда бунгача энг йирик ғалабалари — 1959 ва 1972 йиллардаги 5:0 ҳисоблари бўлганди.

«Рома» — «Сампдория» 4:1
Голлар:
Довбик (9, 19), Балданзи (24), Шомуродов (79) — Йепес (61).
«Рома» – Райан, Ндика, Эрмосо, Челик, Залевски (Дал, 71), Балданзи, Анхелино, Пизилли (Ле Фе, 62), Паредес (Пеллегрини, 71), Салемакерс (Суле, 62), Довбик (Шомуродов, 78).
«Сампдория»– Висмара, Вероли (Иоанну, 46), Вуликич, Меленстен, Венути, Роналду Виейра (Бенедетти, 62), Йепес, Акинсанмиро (Беллемо, 78), Педрола (Депаоли, 46), Леонарди (Секулов, 69), Борини.
Огоҳлантиришлар: Пизилли (23), Вуликич (51), Борини (67).

«Рома» ҳам чоракфиналга ўтишда муаммога дуч келмади. Инқироз ҳолатида турган «бўрилар» учун бу минимум вазифа эди, чунки жамоа сўнгги етти йилликда Италия кубогида фақат бир марта саккизликка кира олган. 2020/21 йиллар мавсумида римликлар «Специя» тўсиғидан ҳам ўта олмаганди, аммо ҳозирги «Сампдория» бундай жасоратга қодир эмас. Ҳозирда генуяликлар В серияда ўн бешинчи ўринда бормоқда. Амалда меҳмонларни Довбикнинг икки дақиқа ичидаги икки голи нокаутга учратди. Иккинчи бўлимда унинг ўрнига туширилган Шомуродов эса Анхелинионинг ортдан берган узатмасини бош билан тўсин остига аниқ йўналтирди. Ўзбекистон миллий жамоаси сардори учун бу жорий мавсумдаги атиги иккинчи гол. Италияда охирги марта у сентябр ойида — А серияда «Эмполи»га ютқазилган ўйинда (1:2) дарвозани ишғол этганди. Кейин эса жароҳат туфайли кўплаб ўйинларни ўтказиб юборди. Энди Клаудио Раниери жамоасини чоракфиналда «Милан»га қарши баҳс кутмоқда.

Франция: Парижликлар асосий таъқибчидан уч очко олди

«Монако» — «ПСЖ» 2:4
Голлар:
Бен-Сегир (53, пеналти), Эмболо (60) — Дуэ (24), Дембеле (64, 90+7), Рамуш (83). 
«Монако» – Кен, Вандерсон, Салису (Иленикҳена, 89), Керер, Синго, Камара (Минамино, 74), Магасса, Головин (Матазо, 89), Бен-Сегир, Аклиуш, Эмболо.
«ПСЖ» – Доннарумма (Сафонов, 22), Пачо, Маркинос, Невеш (Эрнандес, 65), Ҳакими, Фабиан Руис, Витиня, Заир-Эмери, Барколя (Ли Кан Ин, 65), Дуэ (Рамуш, 80), Дембеле.
Огоҳлантиришлар: Синго (13), Камара (29).

Декабр ойини «Монако» кучли ўтказа олмаяпти: жамоа «Тулуза» устидан ғалабадан (2:0) бошқа ҳеч қайси натижа билан мақтана олмайди. Чемпионлар лигасида монегасклар «Арсенал»га сафарда йирик ҳисобда ютқазди (0:3), кейин эса ички чемпионатда ўртамиёна рақиб «Реймс»ни енга олмади (0:0).

«ПСЖ»да эса барчаси жойига туша бошлади. Луис Энрике шогирдлари ниҳоят вазиятлардан фойдаланиш кўрсаткичини яхшилашди ва ЕЧЛда «Залцбург»га (3:0), Франция чемпионатида «Лион»га (3:1) учтадан гол уришди. 

Чемпионатда ёнма-ён кетаётган жамоалар тўқнашувининг биринчи бўлими ўрталарида қўрқинчли эпизод рўй берди — парижликлар дарвозабони Доннарумманинг юзига бутсанинг остки қисми билан зарба берилди. «Монако» ҳимоячиси Стефан Синго Жанлуиджининг устидан сакраб ўтишга уриниб, рақиб юзини жароҳатлади ва у ўйинни давом эттира олмайдиган бўлди.

Жижига бир неча дақиқада ёрдам кўрсатилди, унинг юзи том маънода йиртилиб кетганди. Якунда газондан кўтарилди ва ўрнини Сафоновга бўшатиб берди. Кейинроқ кийим алмаштириш хонасида Доннарумманинг юзига ўнта чок тушгани маълум бўлди. Шу била бирга, Синго бу тўқнашув учун жазоланмади: унга ҳатто сариқ карточка кўрсатилмаган.

Икки дақиқа ўтиб «ПСЖ» ҳисобни очди: реактив Ҳакими ўнг қанотда олдинга югуриб, жарима майдонига ёриб кирди ва 11 метрлик нуқта атрофида турган Дуэни тўп билан таъминлади. 19 ёшли форвард бир тегинишда тўпни дарвозага йўллади.

Иккинчи бўлимда эса монегаскликлар етти дақиқа ичида икки гол уриб, вазиятни ўзгартиришди. Аввалига жарима майдони ичида тўп Маркиноснинг қўлига тегди ва Бен-Сегир пеналтидан ҳисобни тенглаштирди. Кейин эса Брил Эмболо яқин масофадан гол уриб, жамоасини олдинга олиб чиқди.

Аммо «ПСЖ» ҳам тезда жавоб қайтарди. Тўрт дақиқа ўтиб Дембеле ҳисобни тенглаштирди. Ўйин дурангга қараб кетаётганида парижликлар стандарт вазиятга эга бўлишди. Ли Кан Ин тўпни дарвозабон ҳудудига узатди, Рамуш барчадан баланд сакради. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Дембеле яккама-якка вазиятга чиқиб бориб, ўйинга сўнгги нуқтани қўйди — 4:2.

Энди Луис Энрике жамоаси турнир жадвалида ўзини анча ишончли ҳис қилиши мумкин, иккинчи ўриндаги «Монако» ва «Марсел» ўн очкога ортда қолдирилмоқда.

Кун статистикаси

Узоқ муддатли дисквалификация ўтаган яримҳимоячи Тонали «Нюкасл» сафида 2023 йил 1 августдан буён илк бор гол урди (у ўша куни дебютдаёқ голлар ҳисобини очганди). Италияликнинг дубли «қарғалар»га «Брентфорд»ни енгиб (3:1), Англия лигаси кубогида яримфиналга чиқишга имкон берди.

«Монако» лига 1 турнир жадвалидаги кучли еттилик вакилларига қарши олти учрашувда фақат 1 ғалабага эришди. Монегасклар август ойида «Лион»ни енгганди, қолган рақиблар билан ўйинларда 3 дуранг ва 2 мағлубият қайд этилди.

«Монако» ҳисобда олдинда борган ўйинларида 3 бор ютқазди. Бу Франция чемпионатининг жорий мавсумидаги энг ёмон кўрсаткич.

Марокашлик Ашраф Ҳакими «ПСЖ» сафида 25 бор голли узатма амалга оширди ва бу борада Максвеллни ортда қолдириб, парижликлар клуби тарихидаги энг яхши ҳимоячи ассистентга айланди.

«Реал» Флорентино Перес президентлиги давридаги совринлари сонини 65 тага етказди.

 

Мавзуга оид