Ўзбекистон | 18:08 / 15.02.2024
21521
6 дақиқада ўқилади

“Ўзини назоратчидек тутган ходимлар ҳам бўлди” – миллий гвардиянинг мактаб ишига аралашуви ҳақида

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ходими Азамат Камоловнинг айтишича, айнан давомат масаласида мактаб ҳудудига Миллий гвардия ходимларининг кириши мумкин эмас, бундан кейин бу ваколат фақат инспектор-психологларда бўлади. Аммо уларнинг таълим жараёнига аралашиши кўзда тутилмаган. Масъул Kun.uzʼга берган интервюсида бир ҳафта ичида инспектор-психологларнинг фаолияти тартибга солинишини, меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилишини маълум қилди.

Мактаб таълимида инспектор-психологлар штати Миллий гвардияга ўтказилгач ММТВ ва Миллий гвардия вакиллари АОКАда матбуот анжумани ўтказди. Анжумандан сўнг вазирлик бошқарма бошлиғи Азамат Камолов Kun.uz мухбирининг бир қанча саволларига жавоб берди.  

– Ҳуқуқ-тартибот органлари мактаб ёки боғча таълимига аралашганини биламиз, аксарият ҳолларда тескари эффект берган ҳолатлари ҳам бор. Масалан, ўтган йили боғчада “оқни оқдан, қорани қорадан ажратиб олиш керак”лиги ҳақида болаларга “тарбиявий соат” ўтган ходимларни биламиз. 

Яъни шунинг учун ҳам одамларда бу жараёнга нисбатан ишонч йўқ. Шу ўринда сўрамоқчиман, Миллий гвардиянинг мактаб таълимидаги ваколати қаердан бошланиб, қаерда тугайди? 

– Давомат масаласи инспектор-психологлар тузилмаси Миллий гвардияга ўтгач, 10 мингдан ортиқ мактабларга ходимлар чиққан. Уларнинг ҳаммаси ҳам малакали ходимлар бўлган деб кафолат бериб бўлмайди, чунки ижтимоий тармоқларда бунинг аксини кўриб турибмиз. Яъни ўзи малакага эга бўлмаган, қуйи тизимдан чиққан, дейлик, оддий қўриқлаш хизмати ходими ҳам мактабга бориб, ўзини худди мактаб назоратчисидай тутиб, ўқитувчи фаолиятига аралашиб, қўпол муомалада бўлганлари ҳам бор, ижтимоий тармоқларда кўрдик. 

Шу сабабли энди миллий гвардия тизимида алоҳида тартиб ишлаб чиқиляпти, энди мактабга кирадиган Миллий гвардия ходимининг қайси бирида ваколат бўлади, фақат инспектор-психологлар мактабга киришга ҳақли бўлади. Қолган жалб қилинган ходимлар бундан буён мактабга кирмайди ва ягона тартиб сифатида улар томонидан меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилиб, мактаб раҳбарияти давомат кўрсатиш учун қўлига беради, у бориб ота-она билан ишлайди. Уларнинг чегараси шу ерда. Миллий гвардия ходимлари дарс жараёнига киришга ёки ўқитувчининг нега кеч келаётгани, формада келмаётгани бўйича сўроқ қилолмайди. 

Ўзим гувоҳ бўлган вазият ҳам бўлди, оддий қўриқлаш хизмати ходими мактаб болаларини дарс жараёнида турғизиб қўйиб форма талаб қилаётган экан, бу унинг ваколати эмаслигини айтдим. Мана шундай нотўғри ёндашувларнинг олдини олиш учун ягона тартиб ишлаб чиқиляпти. 

– Нима сабаб олдиндан бундай ҳолатлар учраши ва тартиб ишлаб чиқилиши олдиндан инобатга олинмади? Энди тартиб ишлаб чиқилгунга қадар Миллий гвардия вакиллари томонидан куч ишлатиш ҳолатлари учраса, қандай чора кўрилади? 

– Айтганимдек, мактабларнинг ўзида аслида давомат қандай, сурункали дарс қолдирувчи ўқувчилар билан ишлашимиз учун қўлимизда ҳақиқий картинка бўлиши керак. Жараённи бошлаб олгунча, ҳолатни ўрганиш учун икки идора келишган ҳолда шундай ишларни бошладик. Яъни ўша Миллий гвардия ходимининг ёнида ўзимизнинг Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ходимларимиз ҳам юрибди. Вазирлик марказий аппарати, тўлиқ бошқарма таркибий тузилмаларимиз ҳар куни эрталаб мактаблардаги дарс жараёнини кўриб, кейин 9 да иш жойимизга боряпмиз. 

Уларнинг ичида топшириқнинг мазмунини тўғри тушунмай, назорат қилувчидек тутган ходимлар ҳам бўлди. Фақат Миллий гвардия ходимлари эмас, бизнинг тизимдаги ходимларда шундай хатоликлар кузатилди, шу сабабли икки тизим ходимларига тушунтиряпмиз. Яқин бир ҳафта ичида ҳужжатлар қабул қилинади. Кечаги йиғилишда ҳам Миллий гвардия тизими раҳбарияти ходимларига дарсларга, фаолиятига аралашмаслик бўйича аниқ кўрсатмалар берди. Бу ишлар рақамлаштирилган ҳолда амалга оширилади энди, олдингидек битталаб фамилия билан давомат олиш бўлмаслиги керак. 

– Бу жараёнда таълимга салбий таъсир бўлиб қолмайдими? 

– Салбий таъсир бўлмайди, чунки ҳеч кимнинг бу жараёнда таълим жараёнига аралашиши кўзда тутилмаган. Тан олишимиз керак, мактабларда хулқида, руҳиятида ёки ота-онаси хорижда мигрант бўлиб юган, маълум сабаб билан ажрашган, яъни муқим бир қаровчига эга бўлмаган ўқувчиларимиз ҳам йўқ эмас. Мана шундай болалар билан инспектор-психологлар индивидуал ишлаб, таълимга йўналтириш учун мутахассисларга эҳтиёжимиз бор. Фақатгина тўғри иш юритилиши керак, шунинг учун икки идора ҳам назорат қилиб бориши лозим бўлади. Инспектор-психологларнинг иш юритиши, низоми тасдиқланган. Ўтказилган давоматлар давомат-рейд тадбирларидек бўлди, бу доимий характерга эга эмас. 

– Охирги саволим, болаларни мактаб таълимига жалб этишда тўсқинлик қилгани учун жавобгарлик белгиланган. Бола ва ўзига боғлиқ бўлмаган объектив сабаблар қандай аниқланади, бу вазиятда қандай йўл тутилади? 

– Тармоқларда тарқалган огоҳлантириш бланкасидан сўнг, кўплаб ота-оналарда қўрқув ва тушунмовчиликлар пайдо бўлган. Нимага бу огоҳлантириш ҳаммага бир хилда бериляпти, болам бир кун сабабли бўлиб мактабдан қолса ҳам чора кўриладими, деб сўраганлар ҳам бўлди. МЖТКнинг 47-моддасида бир неча кун келмаган ёки кечиккан ўқувчиларнинг ота-онасига чора кўриш кўзда тутилмаган. У ерда фарзанди аниқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилиб, мактаб ички-тартиб қоидаларини қўпол равишда бузиши мумкинми, ички-тартиб қоидаларини бузиш деб ҳисоблаш ҳам 3 кундан ортиқ сурункали ва сабабсиз дарс қолдириб, ота-она шунга йўл қўйиб, таълим олишга тўсқинлик қилса, шунда уларга чора кўрилади. Кечикиб келиш кабилар умуман чора кўришга асос бўлолмайди.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тасвирчи Абдуқодир Тўлқинов,
Монтаж устаси Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид