Ўзбекистон | 09:43 / 20.04.2023
63940
2 дақиқада ўқилади

Расман: Рамазон ҳайити 21 апрел куни нишонланади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мамлакатда жорий йилда Рамазон ҳайити 2023 йил 21 апрел, жума кунига тўғри келиши ҳақида қарор қабул қилди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Рамазон ойи ва ҳайитини аниқлаш учун тузилган Ишчи гуруҳи хориждаги нуфузли астрономия марказлари ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Астрономия институтидан олган маълумотларга кўра, 1444 ҳижрий йил Шаввол ойининг янги ой фазаси (ҳилоли) шу йил 20 апрел, пайшанба куни Тошкент вақти билан соат 09:12 да содир бўлган (туғилган).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши ислом дини таълимотлари ва мазкур астрономик маълумотларга асосланган ҳолда республикада жорий йилда Рамазон ҳайити 2023 йил 21 апрел жума кунига тўғри келиши ҳақида қарор қабул қилди. 

Бугун ходимлар одатий иш кунидан бир соат эртароқ кетиши мумкин. Меҳнат кодекси 121-моддасига кўра, байрам (ишланмайдиган) кунлари арафасида кундалик иш (смена) муддати барча ходимлар учун камида бир соатга қисқартирилади.

Кун давомида президентнинг «Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарори эълон қилиниши кутилмоқда. Унда дам олиш кунларига ҳам аниқлик киритилади.

Бу ҳолда икки вариант бор:

  • 2023 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисидаги фармонда кўрсатилган душанбадаги дам олиш куни бекор қилиниб, шанба куни 6 кунликлар учун қўшимча дам олиш деб эълон қилиниши мумкин. Натижада жума, шанба ва якшанба — 3 кун дам олиш куни бўлади;
  • душанбадаги дам олиш куни сақланган ҳолда шанба кунида 6 кунликлар учун яна битта қўшимча дам олиш куни берилиши мумкин. Натижада жума, шанба, якшанба ва душанба — 4 кун дам олиш куни бўлади.

 

Мавзуга оид