Ўзбекистон | 08:36 / 09.02.2022
2027
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда ерларни ўзлаштириш учун 10 млн сўм ажратиш тажрибаси синовдан ўтказилади 

Фото: Kun.uz

Президентнинг “Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларни кенгайтириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Молия вазирлиги Жиззах вилояти ҳокимлиги билан биргаликда 2022 йилда ерларни ўзлаштириш учун 10 миллион сўм маблағ ажратиш тажрибасини Жиззах вилояти Дўстлик, Арнасой, Янгиобод, Ғаллаорол, Бахмал, Зомин ва Фориш туманларида 10 минг гектар майдонда синовдан ўтказади ҳамда натижаси бўйича мазкур тажрибани республиканинг бошқа ҳудудларида амалга ошириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Сув хўжалиги вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси Жиззах вилояти ҳокимлиги билан биргаликда вилоятнинг лалми майдонларни ерости сувлари захираси ҳисобидан ўзлаштирилиши бўйича қарор талаблари амалга оширилишини доимий мониторинг қилиб боради.

Жиззах вилояти ҳокимлиги Энергетика вазирлиги билан биргаликда Дўстлик, Арнасой, Янгиобод, Ғаллаорол, Бахмал, Зомин ва Фориш туманларида 10 000 гектар қайта фойдаланишга киритилаётган ва ўзлаштирилаётган лалми ерларда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун талаб қилинадиган электр энергияси қувватларини аниқлаб, лойиҳа ташаббускорлари томонидан электр таъминоти объектларини ва тармоқларни қуриш учун зарур бўлган маблағлар молиялаштирилгандан сўнг белгиланган тартибда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тегишли давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда қарорда назарда тутилган прогноз кўрсаткичлар ва чора-тадбирларнинг белгиланган муддатларда амалга оширилишини таҳлил қилиб боради ва мувофиқлаштиради, муаммоли масалаларни мунтазам равишда ўрганиш ҳамда ҳал этиш юзасидан тезкор ва амалий чора-тадбирлар кўриб боради.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати қарорда белгиланган топшириқлар натижадорлигини таъминлаш мақсадида Жиззах вилоятида амалга оширилаётган тадбирларни назоратга олади ҳамда аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан ўз ваколатлари доирасида амалий чоралар кўради.

Мавзуга оид