Жамият | 19:28 / 11.10.2024
1777
3 дақиқада ўқилади

Alfraganus университети ЮНЕСКОнинг 10-Таълимда тадбиркорлик APEID Кенгаши йиғилишига мезбонлик қилди

10 октябр куни Тошкент шаҳрида ЮНЕСКОнинг Банкокдаги минтақавий ваколатхонаси томонидан “Ёшлар келажаги ва таълимда тадбиркорлик” мавзусидаги ўнинчи Таълимда тадбиркорлик YuNESKO-APEID (ЮНЕСКОнинг Осиё ва Тинч океани минтақасида таълим инновацияларини ривожлантириш тармоғи) Кенгаш йиғилиши ўз ишини бошлади. Ушбу нуфузли анжуманда дунёнинг 34 давлати ва Ўзбекистондан 200 дан ортиқ экспертлар, олий таълим муассасалари вакиллари, тадбиркорлар ва халқаро ташкилотлар қатнашди.

Анжуман Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи Alfraganus университети ҳамкорлигида ташкил қилинди. Мазкур университет 2023 йилнинг октябр ойида Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган YuNESKO-APEIDʼнинг 9-учрашувида 10-юбилей йиғилишини Тошкентда ўтказиш таклифини илгари сурган эди. ЮНЕСКО тадбиркорлик таълими тармоғи (EE-Net) доирасида ўтказилаётган йиғилишда ёшлар ўртасида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва уларни ривожлантиришга қаратилган стратегиялар муҳокама қилинмоқда. Бу тадбир ёшлар орасида барқарор ривожланиш, иқтисодий ўсиш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш учун муҳим аҳамият касб этади.

“Халқаро конференцияни Alfraganus университети билан ЮНЕСКО ҳамкорлигида ўтказилаётганининг асосий сабаби университетимиз нодавлат ОТМ бўлгани учун тадбиркорлик субъекти ҳисобланади. Бу ерда таҳсил олаётган талабалар бир пайтнинг ўзида таълимда тадбиркорликни ўрганиш ва халқаро тажрибаларни ўзлаштириш орқали келажакда рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва автоматлаштириш орқали кўникмаларини оширишади”, деди Alfraganus университети ректори Муҳаммадисмоил Маҳмудов.

Таъкидлаш жоизки, анжуман давомида 34 мамлакатдан ташриф буюрган мутахассислар ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва таълим тизимига тадбиркорликни интеграция қилишга доир тажрибалар билан ўртоқлашади. Шунингдек, тадбир давомида махсус тадбиркорлик таълимига бағишланган журнал тақдимоти ҳам ўтказилади ва анжуман якунларига кўра, “Тошкент декларацияси” имзоланиши режалаштирилган.

“Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси” доирасида ташкил этилган ушбу тадбир мамлакатимизда инклюзив ва барқарор тадбиркорлик экотизимини шакллантиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Анжуман БМТнинг Барқарор Ривожланиш Мақсадларига (БРМ) эришишда муҳим қадам бўлиб, сифатли таълим ва иқтисодий ўсишга йўналтирилган мақсадлар илгари сурилди.

“Ўзаро ҳамкорлик таълимини муҳокама қилиш учун Тошкентга келаётган барча ўқитувчиларни, глобал экспертларни кўриш жуда ажойиб. Ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш бизнинг кун тартибимиз марказида бўлиши лозимлигини муҳокама қилиш жуда муҳим масала.

Умид қиламанки, келгуси кунларда барчамиз бир-биримиздан ўрганамиз ва нафақат эришганларимизга қараб, балки қандай қилиб олдинга боришимиз мумкинлигини ҳам муҳокама қиламиз. Бу ўзбекистонлик иштирокчиларимиз учун ҳам жуда самарали бўлади”, дея таъкидлади ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади.

Анжуманнинг расмий қисмлари Тошкентдаги International Hotel Tashkent меҳмонхонаси ҳамда Alfraganus университетида бўлиб ўтади. Шунингдек, анжуман иштирокчилари учун 12-13 октябр кунлари Самарқанд шаҳрининг тарихий масканларига саёҳат уюштирилади.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид