Фан-техника | 17:27 / 14.11.2021
44746
4 дақиқада ўқилади

«Бу технология одамларга манфаат келтириши мумкин» – Путин ўзбекистонлик қизларнинг IT лойиҳасини мақтади

Россияда бўлиб ўтган «Сунъий интеллект оламига саёҳат» мавзусидаги Al Journey 2021 халқаро конференциясида ўзбекистонлик қизлар жамоаси ўз IT лойиҳасини тақдим этди.

Фото: Россия 24

12 ноябрь куни «Россия 24» телеканалида Россия Федерацияси президенти Владимир Путин иштирокида ўтказилаётган «Сунъий интеллект оламига саёҳат» мавзусидаги Al Journey 2021 халқаро конференциясида Ўзбекистондан IT Queens жамоаси чиқиши намойиш этилди.

Ўзбекистонлик қизлар Deepfake’ларни аниқлаш бўйича ўз ечимини намойиш этди.

«Биз IT Queens жамоаси вакилларимиз. Олий таълим муассасаларига тайёрловчи ўқув марказида танишганмиз. Шу фурсатдан фойдаланиб, бизга Deepfake’ларни аниқлаш бўйича ўз ечимимизни намойиш этиш учун берилган имконият учун миннатдорлик билдириб ўтамиз.

Энди асосий мақсадга ўтсак: Deepfake бу ҳақиқий суратлар, видеолар асосида сунъий интеллект асосида синтезлаштирилиб тайёрланган сохта расм ва видеолардир. Бу технология тезкорлик билан ривожланиб бормоқда ва уни нафақат катта силжиш, балки катта хавф десак ҳам бўлади. Чунки бу орқали фирибгарлик, шантаж, обрўсизлантириш, шахсий маълумотларни ўғирлашда ишлатиш мумкин.

Ҳозир барчамиз юздан таниб олиш технологиялари билан тез-тез дуч келяпмиз. Сохталаштирилган расмлар қанчалик хавфли эканини билишимиз керак. Бизнинг вазифамиз нейротизимларни deepfake технологияси орқали яратилган расмларни аниқлашга ўргатиш эди. Бизда бунинг учун ҳақиқий одамларнинг расмлари ва Deepfake технологиялари орқали яратилган расмлар маълумотлар базаси мавжуд эди. Бир вақтнинг ўзида сохта расмларнинг жавобларини ҳам нейротизимга юклаган эдик ва бу орқали бизда ҳақиқий ва сохта расмларни белгиларига кўра аниқлаш имкони пайдо бўлди.

Видеодан кадр 

Бизда мавжуд бўлган озгина маълумотлар билан нейротизимни мукаммал машқ қилдириш имкони бўлмагани учун бор расмларни аргументация қилдик. Яъни мавжуд расмларнинг фонлари, рангларини ва айрим жиҳатларини ўзгартириб, 13 мингта расмга эга бўлдик. Муҳими — нейротизимимиз фақатгина расмдан таниб олиши эмас, балки сохта расмларни белгиларига қараб ажрата олишга ўргатиш эди.

Олинган тажрибалар натижасида биз яратган нейротизим 99 фоиз аниқлик билан қайси расм ҳақиқий, қайсиси сохталигини аниқлай олди. Биз бу улкан натижадан ҳайратга тушдик, чунки бу сунъий ақл билан биринчи ишлашимиз эди.

Ҳа, бу охиргиси ҳам эмас. Бизга бу масалага ечим топиш жуда қизиқ бўлди.

Бир томондан бу ўз ечимини кутаётган масала бўлса, бошқа томондан нейротизимларнинг ривожланиши ўйинлар яратиш, кино индустрияси ривожида катта ютуқ бўлади», — дея лойиҳасини таништирди қизлар.

Путин қизларнинг лойиҳаси ҳақида ижобий фикр билдирди.

«Охирида сўз олган қизимиз энг муҳимини ўзи таъкидлаб ўтди. Бу технология орқали, аввало, одамларга манфаат келтириш мумкин. Технология орқали юқори сифатли ва талабгир маҳсулотлар ишлаб чиқариш мумкин бўлади. Яна бир жиҳати – сизлар бу ечимларинг билан инсонлар манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қиляпсизлар. Бу ечим орқали сизлар қанчалик технологик ривожланиш илгари кетмасин тўғри ечим топиш имкони борлигини исботладинглар. Бу аввал ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор. Раҳмат сизларга меҳнатларинг учун, омад», – деди РФ президенти.

© Sputnik / Сергей Гунеев

Маълумот учун, IT Queens жамоаси аъзолари 257-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчилари Лана Насруллина, Анастасия Королёва, Мирзо Улуғбек тумани 279-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Юлиана Луценко ҳамда Сергели туманидаги 7-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчилари Ксения ва Анастасия Бадяндир.

Улар Юнусобод туманида жойлашган General lessons ўқув маркази тингловчилари бўлиб, 2021 йил ўтказилган AIJ номли Халқаро Конференциянинг «Сунъий интеллект ва IT йўналиши»нинг Data lady махсус номинация йўналишининг энг кучли аёллар жамоаси, деб топилди.

Мавзуга оид